Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:23

"Бечора конституция". Мирзиёев таклифи умрбод президент ҳақидаги хавотирларни уйғотди


Иккинчи муддатга сайланган президент Шавкат Мирзиёев.
Иккинчи муддатга сайланган президент Шавкат Мирзиёев.

Иккинчи муддатга қайта сайланган Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат Конституциясига ўзгартиришлар киритиш таклифи ижтимоий тармоқларда президент муддатининг узайтирилиши билан боғлиқ тахминларни ўртага чиқарди.

6 ноябрь куни ўзининг инаугурацион нутқида "конституцияни такомиллаштириш" ҳақида гапирган Мирзиёев асосий қонуннинг айнан қайси бандлари ўзгартирилишини очиқламади.

2016 йил сентябрида вафот этган Ислом Каримов конституциядаги икки муддат ўрнига 4 марта президентликка сайланган ва бир марта референдум орқали муддатини узайтирган эди.

Фаоллар ва мустақил блогерлар Мирзиёевнинг таклифи президент муддати билан боғлиқ бўлгани тақдирда, мамлакат таназзулга юз тутишидан огоҳлантирмоқда.

6 ноябрь куни иккинчи муддатга Президент сифатида қасамёд қилган Шавкат Мирзиёев ўзининг инаугурацион нутқида мамлакат асосий қонунига ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди:

“Агар дунё тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, туб бурилиш даврида кўпгина давлатларда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилганини кўрамиз. Шу сабабли, аввало, сенатор ва депутатларимиз, кенг жамоатчилигимиз, халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқишимиз керак”.

Икки кундирки, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида Мирзиёевнинг ушбу таклифи кенг муҳокама қилинмоқда.

Озодликнинг Фейсбук саҳифасига 6 ноябрь куни куни қўйилган Мирзиёевнинг ушбу таклифи ҳақидаги хабарга 100дан зиёд шарҳ қолдирилган бўлиб, уларнинг аксарида бу таклиф танқид қилинган:

Zokir Isakhodjaev “Ўзи шундоғам маълум эди, конституцияни ўзгартириш фикрининг пайдо бўлиши. Чунки конституция бўйича, учинчи марта бу жаноб президентликка ўз номзодини қўйишга ҳаққи йўқ!”, деса, Абу Абдуллоҳ “Бу ҳам конститутцияни ўзгартириб "обнуление" қилмоқчи”, деб ёзди.

Kharezmiy Musafir “Конституция футболка эмас, хоҳлаган вақтинг алмаштириб, ямаб, ранглаб турадиган”, деса, Академик Сахаров исмли юзер “Конституцияни эмас - тизимни ўзгартириш керак”, дея таклиф қилади.

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов ҳам Мирзиёевнинг ўз салафи йўлини танлаётганини тахмин қилади:

Постсовет авторитар режимларда давлат раҳбари КОНСТИТУЦИЯВИЙ ислоҳотлардан сўз очса, билингки, бу ерда гап алал-оқибат президент ваколатлари муддатини узайтириш, яъни амалдаги раҳбарни умрбод президент лавозимида қолдириш ҳақида бормоқда. Каримов даврида шундай бўлган эди, Россия ва Тожикистонда ҳам айни сценарий такрорланди. Жаноб Мирзиёев салафлари очган ана шу тайёр йўлдан кетяпти”.

Ўзбекистонлик блогер ва таҳлилчи Отабек Бакиров Мирзиёевнинг таклифи президент муддати билан боғлиқ бўлган тақдирда, мамлакат таназзулга юз тутишидан огоҳлантиради.

“Агар Конституциявий ўзгаришлар Парламент ва Суд ҳокимиятининг мустақиллигига, Эркин Сайлов институтининг пайдо бўлишига, Кенгашларнинг ваколатларини кенгайтириш орқали маҳаллий ижро органларининг ҳокимиятини чеклашга, шаҳар ҳокимларининг халқ томонидан сайланишига олиб келса, албатта бу туб бурилиш бўлади. Лекин агар Конституциявий ўзгаришлар 2002 ва 2011 йиллардаги каби Президент муддатини "обнуленияси" билан боғлиқ бўлса, биз туб бурилишга эмас, янги бронза даврига тайёргарлик кўраверишимиз керак бўлади”, дея ёзди Отабек Бакиров ўзининг Телеграм каналида.

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ наздида Мирзиёев “устози” Ислом Каримов изидан кетиши тайин.

Шавкат Мирзиёвнинг устози, "маънавий отаси", диктатор Каримов Ўзбекистон Конституциясини очиқчасига, бир неча марта бузиб, ўзбекларга 27 йил ҳукмронлик қилди. Мирзиёев ҳам Конституцияни бузиб, президентлик мақомига ўтирди. Энди айни устози каби, у ҳам камида 30 йил бу юксак лавозимдан тушмаслик учун бутун чораларни кўришга тайёрланмоқда. Шубҳасиз, унинг илк одими "бечора" Конституцияни яна бир марта ўзгартириб, яна бир марта топтаб, президентлик муддатини узайтиришга ҳаракат қилади",- дейди Муҳаммад Солиҳ Озодликка берган шарҳида.

Канадада яшаётган ўзбекистонлик журналист Улуғбек Ашур президент муддатини узайтириш ҳаракатларини сайловдан аввал башорат қилганини айтади.

“Ўзбекистонда президент битта, у энди ҳеч қачон ўзгармайди. Конституцияда бир одам икки мартагина сайланадику, деган саволларни унутинг. Бир гуруҳ зиёлилар, ўқитувчилар, меҳнаткашлар президент номига “Ҳурматли, Шавкат Миромонович, сиз давлатимизни умрбод бошқаринг” деган мурожаат билан чиқишганини ҳам ҳали кўрасиз. Уюштирилган митингларда “Конституцияни ўзгартириш давр талаби” деб ёзилган шиорларни кўтариб ҳам турасиз ҳали”, деб айтган Улуғбек Ашур ўтган ой YouTube даги “Негатив” дастурида.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Ўзбекистонда кутилаётган конституцион ислоҳот борасида фикр билдираркан, амалдаги Конституцияни “ўта авторитар” дея таърифлайди:

“Аслида, Ўзбекистоннинг ҳозирги Конституцияси, ўта авторитар. Унда ҳокимиятлар бўлиниши, расман назарда тутилган бўлса-да, амалиётда, ҳокимият ўта марказлашган, якка шахслашган. Давлат раҳбарини тергаб туриш, ёки назорат қилишнинг ҳеч қандай механизмлари белгиланмаган. Инсон ҳуқуқлари, фундаментал қадриятлар борасидаги қарашлар, институтлаштирилмаган. Ўзбекистоннинг 1992 йилдаги ҳуқуқий-сиёсий тафаккури билан, бугунги ҳуқуқий-сиёсий тафаккури, жиддий фарқ қилади”.

Айни пайтда Раббимов мамлакатда конституцион ислоҳотлар кўпдан бери кутилаётганини таъкидларкан, Мирзиёевнинг таклифини “яхши янгилик” дея таърифлайди.

"Умид қиламанки, янги Конституциянинг энг асосий мақсади – ҳокимиятни, ҳукуматни кучайтиришни эмас, янги – глобал дунёдаги ўз ўрнини, ижобий образни, тезкор тараққиётни, энг асосийси – эркин ва фаровон жамият қуришни мақсад қилиб қўяди. Ўзбекистонга янги сиёсий-ҳуқуқий тизим керак. Бу тизимнинг замирида, инсонга ишониш, эркинликка асосланган рақобат, ҳаққоний сиёсий плюрализм туриши керак”, деб ёзди Раббимов Фейсбук саҳифасида.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 24 октябрдаги сайловда 64 яшар Шавкат Мирзиёев 80,1 фоиз овоз билан иккинчи муддатга қайта сайланганини эълон қилди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари сайловни эркин ва демократик дея тан олгани йўқ. ЕХҲТ миссиясининг 25 октябрь куни эълон қилинган дастлабки хулосаларида сайловга мухолифат қўйилмагани, ҳақиқий сиёсий рақобат кузатилмагани, Ўзбекистон ҳукумати қатор халқаро мажбуриятларини ҳануз бажармай келаётгани таъкидланган.

Ўзбекистон Конституциясиниг 90-моддасида “Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас”лиги қайд қилинган.

Шавкат Мирзиёев мустақил Ўзбекистоннинг 30 йиллик тарихидаги иккинчи президентидир. Унинг салафи Ислом Каримов 2016 йилнинг сентябрида вафот этгунига қадар 4 марта президентликка сайланган ва бир марта умумхалқ референдуми ўтказиш йўли билан президентлик ваколатлари муддатини узайтирган эди.

Ўзбекистоннинг 1992 йилнинг 8 декабрида қабул қилинган асосий қонунига ўтган 29 йил давомида 15 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, дунё бўйича бу каби қисқа муддатда энг кўп ўзгартирилган конституциялардан бири ҳисобланади.

234 йиллик тарихга эга АҚШ конституцияси ўтган давр мобайнида жами 27 марта ўзгартирилган.

XS
SM
MD
LG