Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:07

“Қиз боланинг жасади” ва “қора қоп”. Хитой жамлоғидан омон чиққан уйғурлар ҳикояси


Шинжондаги жамлоқ гувоҳлари Қалбинур Сидиқ(чапда), Гулбаҳор Ҳайитиуажи (ўртада) ва Омирбек Бекали - Прага, Чехия, 12 ноябрь, 2021
Шинжондаги жамлоқ гувоҳлари Қалбинур Сидиқ(чапда), Гулбаҳор Ҳайитиуажи (ўртада) ва Омирбек Бекали - Прага, Чехия, 12 ноябрь, 2021

12–14 ноябрь кунлари Прагада Жаҳон уйғурлари конгресси Бош ассамблеясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Анжуманда икки уйғур аёли ва бир қозоқ эркак Шинжон жамлоқларида кўрган-кечирганларини сўзлаб беришди. Уларнинг ҳикоялари Хитой “сиёсий жамлоқлари”да тутқунларга ғайриинсоний муносабат мавжудлигини яна бир карра тасдиқлайди.

“Аёлларнинг оҳ-фарёдидан юраклар ларзага келарди”

– Жамлоқда 18-20 ёшли бир қизга ҳомиладорликдан сақловчи инъекция қилишганди, у икки ой давомида ичидан қон кетиб юрди ва ахийри ўлди. Жасадини аравачага ортишаётганини ўз кўзим билан кўрганман. Ортиқ фарзанд туға олишмасин, деб жамлоқда ҳамма аёлларга махсус ҳапдори беришарди, – деди Қалбинур Сидиқ исмли уйғур аёли ва йиғлаб юборди.

Аёл Шинжондаги жамлоқда у кўрган мислсиз ваҳшийликлар ҳануз кўз ўнгидан кетмаслигини ва ҳар гал бу ҳақида эслаганида ўзини йиғламоқдан тия олмаслигини айтади.

Унинг сўзларига кўра, 2017 йилнинг март ойида Хитой маъмурлари тутқунларга хитой тилини ўргатиши учун уни мажбуран жамлоққа жўнатишган.

– Яланг бетон ерда 40-50 талаб тутқун ётарди. Хитой соқчилар уларни одам ўрнида кўришмасди. Машғулотларга уларни кишанбанд ҳолда олиб келишарди. Ҳожатхонага бориб-келишга бир дақиқа вақт бериларди. Соқчилар уларни хоҳлаган пайтда сўроққа олиб кетиши мумкин эди, ҳатто дарс маҳалида ҳам, – дея сўзлаб берди у Прагада кечган анжуманда.

Қалбинурнинг айтишича, кейинроқ уни аёллар жамлоғига ўтказишган ва 2017 йилнинг сентябридан ноябрь ойига қадар ўша ерда дарс берган. “У ерда аёлларнинг дод-фиғонлари юракни титроққа соларди”, – дейди у оғир тин олиб.

– Жамлоғимизда асосан 18–40 ёшли аёллар сақланарди. 70 яшар тутқун аёллар жуда кам эди. Барча аёлларнинг сочлари калта қилиб олинганди. Соқчилар уларнинг номусига тегар, электр токи билан қийнар, темир буюмлар билан уришарди. Қийноққа солинган аёлларни қадам ташлашидан билиш мумкин эди. Биз бу ҳайвоний ишлар ҳақида ҳанузгача чурқ этмай келяпмиз. Ўз ватанимизда бўлаётган бу очиқ хўрликларга қарши курашни тўхтатмаслигимиз керак, – деди Қалбинур.

Аёл муаллималикдан бўшатилганидан сўнг Нидерландияга қочиб кетибди. Ҳозирда у дунё Хитой режимининг Шинжондаги қатағонларини геноцид деб тан олишига эришиш учун Жаҳон уйғурлари конгресси билан ҳамкорлик қилмоқда.

“Бошимизга қоп кийдиришар, оёқларимизга кишан солишарди”

Гулбаҳор Ҳайитиуажи исмли яна бир уйғур аёли Шинжон жамлоғида уни “номаълум препарат билан эмлашган”ини ва у “30 даража қаҳратонда ялангоёқ юрган”ини сўзлаб берди.

– 2006 йилда мен оилам билан Францияга кўчиб кетган эдим. 2016 йил ноябрда Қорамойдан қўнғироқ қилишиб, қандайдирҳужжатларга имзо чекиш учун Шинжонга келишим кераклигини айтишди. Боришим билан қўлга тушдим. Мени “жамиятга таҳдид яратиш”да айблаб, иқрорлик аризаси ёзишга мажбур этишди. Уч йилни ҳибсхонада ва жамлоқда ўтказдим, – дея кўзига ёш олди у.

Гулбаҳорга кўра, уни оёқларини кишанлаган ҳолда жамлоққа келтирганлар. Жамлоқда аёлнинг бармоқ излари, кўз мугузпардаси тасвири ва қонидан намуна олинган.

– Ҳамма ёқда бизни видеокамералар кузатиб турарди, ҳатто ҳожатхонада ҳам. Жамлоқдаги аксар аёллар уйғур эди. Биз ўзаро она тилимизда сўзлашмаслигимиз қаттиқ назорат қилинарди. Еганимиз фақат қайнатилган сабзавот эди. Сўроқдан олдин қўлимизга кишан уриб, бошимизга қоп кийгизардилар. Сўнгра темир курсига ўтқизиб, оёқ-қўлларимизни унга қотириб қўйишарди. Баъзан аёлларни каравотда ҳам занжирбанд қилишарди. Гриппга қарши эмдори деб қанақадир дори беришар, лекин уни ичганидан сўнг кўп аёллар ҳайз кўришдан тўхтарди. Кейинчалик бизни бошқа жамлоққа кўчиришди, чунки бу ерда жой етишмай қолган эди, – ҳикоясини давом эттиради аёл.

Гулбаҳор жамлоқдан 2019 йилнинг август ойи охирларида чиқибди. Паспортини қайтариб беришгач, у Францияга қайтган.

– Жамлоқда мен саккиз нафар соқчи аёл ва уч эркак кузатувида эдим. Чамаси, улар менинг аҳволимдан Франция ҳукумати хабар топишидан чўчиган. Франциядаги оилам билан аҳён-аҳёнда гаплашар эдим, шунда ҳам улар ёзиб берган сўзларни телефонда ўқиб беришга мажбур қилишарди. Озодликка чиқаётганимда “жамлоқда кўрганларингни бировга айтсанг, Шинжондаги қариндошларингни қамаб қўямиз”, деб огоҳлантиришди”, – дейди Гулбаҳор.

“Ярим кун чидасангиз, тана оғриқни сезмай қўяди”

Ассамблея иштирокчилари қаршисида Шинжон жамлоғида тортган азоб-уқубатлари ҳақида ҳикоя қилган яна бир собиқ тутқун – Омирбек Бекали қозоқ миллати вакилидир. “Мендан қилмаган жиноятимни бўйнимга олишимни хоҳладилар”, – дейди у. Қўлга олинган пайтда (2017 йил) Омирбек тўққиз йилдан бери Қозоғистон фуқароси эди, аммо бу Хитой маъмурларининг уни жамлоққа жўнатишига монелик қилолмаган.

– Бу воқеалар 2017 йил 26 март санасидан бошланган. Мен Қозоғистон билан Хитой ўртасида туризмни ривожлантириш учун сайёҳлик ширкати очган эдим. Мени терроризмда ва давлатчиликка путур етказишда айбладилар. Жиноятни бўйнимга қўймоқчи бўлиб роса қийнашди. Иқрорнома ёзишга мажбур этмоқчи бўлишди. Бизни бошимизга қоп кийдирган ҳолда жамлоққа олиб боришди. Сўнгра “йўлбарс курсиси” номли темир курсига ўтқизиб, ток билан қийнадилар, лекин мен барибир қўл қўймадим. Ярим кун қийноққа чидасангиз, кейин танангиз оғриқни ҳис қилмай қўяркан. Азобларга чабр қилганим, йўқ айбни тан олмаганим учун ҳам бугун сизларга рўбарў турибман, – оғир тин олади у.

Омирбек жамлоқда инсон жисмонан ва руҳан синишини айтади. “Бир неча киши қийноқларга дош бера олмай, ўлди”, – дейди у.

2017 йил ноябрда жамлоқдан озод этилгач Омирбек Қозоғистонга қайтиб келади. У чет эл оммавий ахборот воситаларига бир неча бор интервью бериб, Хитой жамлоқлари ичкарисидаги аҳвол тўғрисида очиқ-ойдин гапиради. Аммо Қозоғистонда “ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди” ва 2018 йил май ойида Туркияга жўнаб кетади. Ҳозирда Омирбек Нидерландиянинг Роттердам шаҳрида истиқомат қилмоқда. Озодлик Омирбек Бекалининг Шинжонда бошидан кечирганлари ҳақида олдин ҳам ёзган.

Асли қозоғистонлик этник уйғурнинг Хитой қамоқхонасидаги 15 ойи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:26 0:00

Прага ассамблеясида чиқиш қилган бу уч кишининг даъволарини мустақил манбалар орқали тасдиқлатишнинг имкони бўлмади. Бироқ шу пайтга қадар бошқа кўплаб собиқ тутқунлар ва гувоҳлар ҳам халқаро нашрларга ўхшаш мазмунли воқеалар, жумладан жамлоқларда кечирган уқубатли кунлари ва ҳатто жинсий тажовузлар ҳақида сўзлаб беришган.

“Қозоғистонда жамлоқлардан омон чиққан 100дан зиёд одам бор”

Жаҳон уйғурлари конгрессининг еттинчи Бош ассамблеясида бутун дунёдан уйғурлар, Чехия, Канада, Германия, Франция ва Европа парламенти депутатлари, Шинжондаги вазиятни ўрганувчи тадқиқотчилар ва ҳуқуқбонлар иштирок этишди.

“Хитой ҳукумати Шинжонда геноцид ва инсониятга қарши жиноятларни амалга оширмоқда”, – дея баёнот берилди ассамблеяда.

Анжуман қатнашчилари жаҳон ҳамжамиятини 2022 йилнинг февралида Пекинда бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинларини бойкот қилишга ва Шинжондаги қатағонларни геноцид деб тан олишга чақиришди.

Шарқий Туркистон уюшмалари халқаро иттифоқи президенти Ҳидоят Ўғужон Хитой маъмурлари уйғурларни ва Шинжондаги бошқа мусулмон халқларни ҳибсга олаётганини, исканжага солаётганини, хўрлаётганини, оилаларни ажратаётганини, қул каби ишлатаётганини ва улар устида биотиббий тажрибалар ўтказаётганини айтди. Унинг айтишича, Хитой Шинжонни “очиқ осмон остидаги тарихда энг катта қамоқхона”га айлантирган.

“Шинжондаги қатағонлар БМТнинг геноцидга доир таърифига уйғундир. Хитой режимининг Шинжонда уйғурларга қилаётган муомаласини тасвирлашга ҳатто шу таъриф ҳам камлик қилади. Хитой инсониятга қарши жиноятларини ортиқ яшира олмайди, чунки халқаро ҳамжамият, халқаро ОАВлар ва тадқиқотчилар улардан хабардор. Хитойдаги вазият – мамлакатнинг ички иши эмас, бу жиноятдир”, – деди у.

Ассамблеяда видеоалоқа орқали иштирок этган Қозоғистондаги “Атажұрт еріктілері” (Ватан кўнгиллилари) инсон ҳақлари ташкилоти раҳбари Эрбўл Давлатбек Қозоғистонда Хитойнинг Шинжондаги сиёсати жабрини тортган кўплаб одамлар борлигини маълум қилди.

“Бугунги кунда Қозоғистонда Хитой жамлоқларидан омон чиққан юздан зиёд одам яшамоқда. Улар соғлиғини йўқотган, руҳлари тушиб кетган. Ташкилотга 2017 йилда асос солган бўлсак, ўшандан бошлаб жамлоқларда бўлган ва қариндошлари ўша ерда тутқунликда сақланган одамларнинг кўрган-кечирганларини видеога ёзиб олишни йўлга қўйдик. Шу тариқа беш мингдан ортиқ видеоролик тайёрладик, икки мингдан зиёд баёнотлар қабул қилинди. Хитойда айбсиз қамалган кишиларнинг қариндошларидан уч юздан зиёд шикоят ва гувоҳлик кўрсатувлари олдик”, – деди у.

Анжуманда сўзга чиққан Ғарб мамлакатлари депутатлари халқаро ҳамжамиятни Хитойга босимни кучайтиришга чақиришди.

2018 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳақлари тузилмаси Шинжондаги жамлоқларда бир миллион нафарга яқин одам сақланаётганини маълум қилган эди. Даставвал Шинжондаги жамлоқлар тўғрисидаги даъволарни инкор этган расмий Пекин кейинроқ буни “экстремизмга қарши кураш” билан хаспўшлади ва жамлоқларни “тил ўргатиш ва касбий тайёргарлик марказлари” деб атади.

АҚШ Конгресси ва Буюк Британия, Канада ва Чехия парламентлари Хитойнинг Шинжондаги сиёсатини геноцид ўлароқ баҳолайди. Пекин эса Шинжондаги вазият “Хитойнинг ички сиёсати” эканини иддао қилиб келади.

XS
SM
MD
LG