Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:47

Президент фармони: Фермер кластерга қарам бўлишда давом этадими?


Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти, Бўка туманида.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти, Бўка туманида.

Озодлик суҳбатлашган фермерлар президент Шавкат Мирзиёев пахта-тўқимачилик саноатига доир имзолаган сўнгги фармон "қоғозда қолиб кетмаслиги"га умид қилмоқда.

16 ноябрь куни президент Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини мувофиқлаштириш республика комиссиясини фармон билан тасдиқлади(Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони (ПФ-14-сон, 16.11.2021 й.).

Фармонга кўра, кластерлар билан шартнома асосида ишлайдиган фермерлар энди кластерларни ўзлари танлаш ҳуқуқига эга бўлади ва кластер фаолиятидан норози бўлган фермерларнинг сони учдан икки ҳисса бўлса, ҳукумат қарори билан ташкил қилинган кластер билан тузилган битим судда кўриб чиқилади.

Ўзбекистонлик фермерлар бу фармонни “ғубор босиб ётган кўкракка теккан шамол” сифатида кўрар экан, президентнинг қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш соҳасидаги аввалги фармонлари каби ижросиз қолиб кетмаслигига умид қилишларини айтишди.

Фармон ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда фермерлик ва ерга эгалик ҳуқуқи билан боғлиқ янги муҳокамаларга сабаб бўлди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ўзининг Телеграм-каналида кластерлар фаолиятини ташкил этишнинг институционал ҳуқуқий асоси ва ниҳоят, яратилганини таъкидлади. Айни пайтда иқтисодчига кўра, фермерлар кластерларга қарам бўлишда давом этади:

“Қарор билан фермерларнинг Кластерларга бириктириб қўйилганлиги янада мустаҳкамланган. Яъни фермер кластерни тарк этиши учун бундай фикрга кластерга бириктирилган жами фермерларнинг 66 фоизи келиши керак. Битта фермернинг, ўнта фермернинг норозилиги, ихтиёри, хоҳиши ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Улар бириктирилган қул тамом.

Фермерларга нисбатан крепостнойларча, яъни ўрта аср қуллиги шартларида муносабатда бўлиш ва хўжалик юритиш Янги Ўзбекистоннинг визит карточкаларидан бўлиб қолмоқда. Ҳукумат истаса фермерларнинг пахтадан бўшаган ерини 40 фоизини камбағаллар фойдасига реквизиция қилади, истаса ғалла етиштириш ва сотиш энди эркин деган шиор билан гектаридан 2,5 тонна ғаллани биржага чиқартиртиради, истаса ишсизларни ишга олишга, табель чиқартириб ойлик ёздиртиришга мажбурлайди”.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш борасида президент чиқарган қарорларини вазирликлар ва маҳаллий амалдорлар ижро қилмаётганини танқид қилиб келган бухоролик фермер Шуҳрат Раззоқов президентнинг бу янги фармонига умид билан қарашини айтади:

“Тўғри, президент қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш бўйича жуда кўп фармон ва қарор чиқарди. Лекин улар ижро қилинмади. Масалан, ғаллани эркин нархда қабул қилиш ёки шартномадагидан ортиқчасини эркин нархда сотиш ҳақидаги қарорлари бажарилмади. Кластерларнинг на бир уюшмаси, на бир ташкилоти бор эди. Фермерлар кимга додини айтишни билмас эди. Кластерлар уюшмаси ташкил қилингани, кластернинг ҳукумат олдида, фермерлар олдида масъул экани белгилаб қўйилди. Бу яхши”.

Раззоқовнинг айтишича, фармон билан фермерларнинг кластерга қарам бўлиб қолишининг олди ҳам олинган:

“Биринчидан, агар кластер шартномани бажармаса, фермернинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқи аввал ҳам бор эди ва бундан кейин ҳам бўлади. 66 фоиз фермернинг норозилиги деймлганда, кластернинг фаолиятини тугатиш ёки кўриб чиқиш назарда тутилган. Иккинчидан, кеча Адлия вазирлиги телеграм Каналида ўша фармонга қўшимча ҳам чиқди. Унда фермерлар кластерларни танлашда эркин бўлиши айтилган. Демак, энди фермер кластерни танлаш ҳуқуқига эга бўлади. Ва кластер ҳам фермер билан тузган шартномани каму кўстсиз бажариш учун ҳаракат қилади”.

Фермер тилга олган шарҳда шундай дейилган:

“Фармонга кўра, фермер хўжаликларига ўз вилоятидаги исталган пахта-тўқимачилик кластерлари билан пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича ихтиёрий равишда фьючерс шартномаларини тузиш ҳуқуқи берилди.

Илгари фақат ўз туманидаги кластерлар билан шартнома тузилган.

Фьючерс шартномаси – товарни олдиндан белгиланган нарх асосида келгусида сотиб олишга оид келишув”.

Шуҳрат Раззоқов фикрича, ҳукумат ерларнинг ҳаммасини кластерга бериб қишлоқ хўжалигини бошқариб бўлмаслигини англаб етди ва фермернинг ҳуқуқларини ҳам қонун билан белгилаб қўйди:

“Агар аҳвол кечагидай давом этса, фермерлар ҳуқуқлари поймол этилаверса ер эгасиз қолиб кетишини, қишлоқ хўжалиги тамоман барбод бўлишини энди англашди, шекилли. Шунинг учун ҳам икки томоннинг манфаатини эликка эллик қилишга ҳаракат қиляпти. Мана, 2022 йилдан бошлаб “ҳар бир ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари 3 йил давомида ҳар йилги ҳосилдан гектарига 2,5 тонна ғаллани биржа савдоларига эркин нархларда чиқариш ҳақидаги қарори ҳам зўр бўлди. Энди, яна бир марта таъкидлаб айтаман, ҳамма гап бу қарорларнинг ижросида қолди. Жўжани келгуси кузда санаймиз”.

Президент 27 октябрь кунги селектор йиғилишида фермерларни қийнаб келаётган буғдой харид нархи ҳақида тўхталаркан, 2022 йилдан бошлаб буғдой биржа савдоларига эркин нархларда чиқарилишини таъкидлаган эди.

Президентнинг бундан олдин имзолаган қарорида ўтган икки йилда буғдой нархлари эркинлаштирилиши айтилган эди, аммо улар бажарилмай қоғозда қолди.

Фермерлар президентнинг бу соҳадаги учинчи “ислоҳоти” қоғозда қолмас, деган умидда эканликларини айтишмоқда.

XS
SM
MD
LG