Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:48

Аёлларга нисбатан зўравонлик: Оилада, жамиятда ва давлат идорасида


Миллий университет талабалари хотин-қизлар ҳимоясига акция ўтказди. Тошкент шаҳри, 2021, 25 ноябрь.
Миллий университет талабалари хотин-қизлар ҳимоясига акция ўтказди. Тошкент шаҳри, 2021, 25 ноябрь.

25 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий университети талабалари хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган акция ўтказди.

Талаба қизлар акциясидан уч кун олдин Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева 25 ноябрда “Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз” шиори остида 16 кунлик кампания бошланишини эълон қилган эди.

Баъзи тадқиқотлардан ўзбекистонлик ҳар икки аёлнинг бири оилавий зўравонликдан жабр кўргани маълум. Айни пайтда ўзбек жамиятида хотин-қизларга нисбатан давлат амалдорларининг зўравонлиги ҳақида гапирилавермайди.

“Аёл ҳам хоҳлагандек яшашга ҳақли”

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаларининг хотин-қизлар ҳимоясига бағишланган акцияси 25 ноябрда, Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни бўлиб ўтди.

Уюштирувчилари ижтимоий тармоқларга жойлаштирган суратлардан тадбир талаба қизлар акциясидан ҳамда ўқув юрти биносида зўравонлик қурбонлари акс этган суратлар кўргазмасидан иборат бўлган.

Халқаро ҳамжамият томонидан хотин-қизлар зўравонликдан ҳоли бўладиган келажакка умид рамзи сифатида танланган зарғалдоқ тасмаларни қўлларига бойлаб олган талабалар қўлларидаги қўлбола плакатлардан “Урса = севади, жазоланади”, “Келин хам қул шахс”, “Аёл ҳам хоҳлагандек яшашга ҳақли” деган ёзувларни ўқиш мумкин.

Сенат назоратидаги фаоллик

22 ноябрда Тошкент шаҳридаги “HYATT REGENCY” меҳмонхонасида бўлиб ўтган тадбирда Сенат раиси Танзила Норбоева 25 ноябрдан бошлаб Ўзбекистонда “Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз” шиори остида “Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” кампанияси бошланишини эълон қилди.

Танзила Норбоева, Олий Мажлис Сенати раиси.
Танзила Норбоева, Олий Мажлис Сенати раиси.

30 йилдан буён ўтказилаётган мазкур глобал кампанияда бу йил жаҳоннинг 187 та мамлакати, 6 мингдан зиёд ташкилот қатнашмоқда.

22 ноябрь куни ўтказилган тадбирда Ўзбекистонда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш йўлида қилинган ишлар санаб ўтилди.

Сенат матбуот хизматига кўра, “Ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида мурожаат қилган 74 мингдан ортиқ хотин-қизга соҳанинг етук мутахассислари томонидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. “Аёллар дафтари”даги тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд 71 мингдан зиёд хотин-қизга малакали психологик кўмак берилди”.

Мирзиёеванинг қўллови

Тошкентдаги форумда президент Мирзиёевнинг тўнғич қизи, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия аъзоси Саида Мирзиёева ҳам иштирок этди. 24 ноябрь куни у тармоқлардаги саҳифасида айни мавзуда пост ҳам эълон қилди (имло ва стилистика муаллифники):

Саида Мирзиёева
Саида Мирзиёева

“Ҳар қандай кўринишдаги зўравонликни инкор этадиган, уни тоқат қила олмайдиган муҳит яратиш лозим! Бунга фақат таълим ва оммавий ахборот воситалари ишини тўғри йўлга қўйиш билан эришса бўлади”.

Ҳар иккинчи аёл - зўравонлик қурбони

Шу йил ёзда anhor.uz сайти талаба Элина Рустамова ўтказган тадқиқот натиажаларини эълон қилган эди. Респондентларнинг кўпчилиги – пойтахтда ва республиканинг йирик шаҳарларида истиқомат қилувчи олий маълумотли аёллардир.

Маълум бўлишича, сўров 16 ёшдан 66 ёшгача бўлган 400 дан ортиқ аёл ўртасида ўтказилган. Сўралганларнинг 43 фоизи оилада зўравонликка учраганини маълум қилган. Сўров ўтказилган пайтда респондентларнинг 61фоизи қонуний никоҳда бўлган, 23 фоизи никоҳини давлат органида қайддан ўтказмаган, 15 фоизи ажрашган, 1 фоизи эса, бева бўлган.

Доминант эркак рухсати...

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Нафосат Оллошукурованинг фикрича, гендер тенглик масаласи ҳуқуқ ва эркинлик тушучасидир, Ўзбекистонда аёлларга нисбатан эркаклар томонидан шахсий мулк ва буюм сифатида қараш асрлар давомида сақланиб келмоқда:

Нафосат Оллошукурова, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси.
Нафосат Оллошукурова, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси.

“Гендер зўравонлик айнан шу туфайли келиб чиқадиган мудҳиш оқибатдир. Ўзбекистонда аёллар асосан оилавий зо’равонликка учрашади. Оилаларда аёллар ва қизлар қайсидир эркакнинг истагига қараб яшашга маҳкум бўлганликлари сабабидан, ҳатто спорт билан шуғулланиш ҳамда ўрта-махсус ва олий таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Бунинг учун қиз фарзанд оиладаги доминант эркакнинг рухсатини олиши лозим, шунинг ўзи ҳам зўравонликдир, бу эса на диний ва на дунёвий қонунларга тўғри келади”.

Зўравонликнинг оиладан ташқаридаги кўринишлари

“Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳақида гап борганда, одатда оилавий зўравонлик ҳақидагина гапирилади. Ваҳоланки, аёлларга зўравонликнинг оилавий кўринишидан ташқари бошқа кўринишлари ҳам бор”.

Мавзу юзасидан Озодлик суҳбатлашган аёллар фикрларини шундай хулосалаш мумкин. Уларнинг сўзларига кўра, консерватив жамиятнинг аёлларга руҳий босими ҳам кўп ҳолларда зўравонлик даражасига етади, давлат мулозимларининг зўравонлиги муаммонинг яна битта оғриқли жиҳатидир.

Фарғоналик журналист Шарифа Мурод шу йил ёзда вилоят туманларидан бирида (қўшимча ўрганилмагани учун туман номи келтирилмаяпти) бўлиб ўтган воқеани айтиб берди:

Фарғоналик журналист Шарифа Мурод
Фарғоналик журналист Шарифа Мурод

“Туманда калава ип ишлаб чиқарадиган корхона бор эди. Электр энергиясининг кўп ўчиши важидан корхона бошлиғи уни ёпмоқчи бўлди. Шунда ишчи аёллар ҳокимиятга бориб, бизнинг ишхонага ўчмайдиган электр етказиб беринглар, деб мурожаат қилди. Аммо туман ҳокимлиги масъуллари арз қилиб борган аёлларга қаттиқ гапирди, уларни қўрқитди, аёлларга нисбатан зўравонлик қилди. Август ойида бўлган бу воқеа тўғрисида мен ижтимоий тармоқлар орқали хабар қилганман. Ишхона ёпилиб кетаверди. Ишчи аёллар яна мардикор бозорга қайтди. Бу давлат амалдорининг хотин-қизларга зўравонлиги бўлмай, нима?!

Депутат Феруза Бабашеванинг шахсий ҳаёти акс этган видеонинг тармоқлар ва жамоатчилик ҳукмига ҳавола этилишини аёлга нисбатан зўравонлик деб баҳоласа бўладими?

Озодликнинг бу саволига жавобан журналист Шарифа Мурод “Бу разиллик”, деб жавоб берди.

Мана бу эса, Инсон ҳуқуқлари химоячиси Нафосат Оллошукурованинг жавоби:

“Бу воқеада инсоннинг шахсий эркинлигига тажовуз, обрўси ва қадр-қимматини камситишга уриниш юз берди. Бундай усул фаол бўлган эркакларга ҳам, аёлларга ҳам ўзбек куч ишлатар тизимлари томонидан қўлланилиши мумкин”.

Нафосат Оллошукурованинг ўзи икки йил аввал ИИВ вазири билан учрашув талаб қилиб, яқинлари билан Хоразмдан пиёда йўлга чиққан шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг ҳаракатларини ёритган ва бунинг ортидан руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган эди. Кейинроқ у Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган.

XS
SM
MD
LG