Ўтган жума Жанубий Африканинг аҳоли энг зич яшайдиган Гаутенг вилоятида аниқланган ва орадан бир кун ўтиб, Жаҳон соғлиқ ташкилоти "омикрон" деб ном берган коронавируснинг янги штамми ҳозирга келиб Австралия, Исроил ва Нидерландияга келган сайёҳларда кузатилган.
Associated Press агентлигининг Жанубий Африка Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Жо Фааладан иқтибос келтиришича, янги штаммнинг пайдо бўлиши сўнгги бир неча кун ичида CОVID’га чалиниш ҳолатларининг жадал ўсиши билан боғлиқ. Aммо мутахассислар буни аниқлаш устида изланиш олиб бормоқда.
Жанубий Aфрикада сўнгги ҳафталарда кунлик касалланиш кўрсаткичи 200 дан ортиқни ташкил қилган аммо пайшанба кунга келиб, кескин ўсиш кузатилди ва кунлик касалланишлар сони 2,465 га етди. Олимлар ҳолат сабабини аниқлаш учун олинган вирус намуналарини ўрганишди ва бу янги штамм эканлиги маълум бўлди.
Омикрон ҳақида нималар маълум?
Олимлар омикроннинг олдинги вариантлардан, жумладан, бета ва дельта штаммларидан генетик жиҳатдан фарқ қилишини аниқлашган. Aммо бу генетик ўзгаришлар уни янада юқумли ёки хавфли қилиш қилмаслиги номаълум. Ҳозирча бу штамм янада оғирроқ касалликка олиб келиши ҳақида ҳам ҳеч қандай маълумот йўқ.
Омикрон штамми кўпроқ юқумлими, вакциналар ҳали ҳам унга қарши самаралими ёки йўқ, бунга аниқлик киритиш учун бир неча ҳафта керак бўлади.
Лондон империя коллежи ( Imperial College London) нинг экспериментал тиббиёт профессори Питер Опеншоу янги штаммга қарши ҳозирги вакциналарнинг самара бермаслик эҳтимоли жуда камлигини айтади ва улар бундан олдинги бошқа кўплаб штаммларга ҳам самарали бўлганини эслатиб ўтди.
Омикрондаги баъзи генетик ўзгаришлар ташвишли бўлиб туюлса ҳам, улар инсон соғлиғига хавф соладими ёки йўқ, ҳали номаълум. Aввалига бета штамми ҳам олимларни хавотирга солиб қўйганди, аммо кейинчалик бу хавотирлар узоққа чўзилмаганди.
"Биз янги штамм дельта сингари тарқаладими ёки йўқлигини билмаймиз. Ҳозирда мавжуд бошқа штаммлар орасида, бу штамм қанчалик ривожланишини ҳам айтиш қийин”, дейди Кембриж университети профессори. Бугунги кунга келиб, CОVID-19нинг делта штамми энг кўп тарқалган.
Янги штамм қандай пайдо бўлди?
Коронавирус тарқалиши билан мутацияга учраб, генетик ўзгаришларга эга, тезда йўқ бўлиб кетадиган кўплаб янги штаммлар ҳосил бўлади. Олимлар касалликни юқтирувчи ёки ўлимга олиб келиши мумкин бўлган мутацияларни аниқлаш учун CОVID-19 кетма-кетлигини кузатадилар, бироқ фақат вирусга қараб буни аниқлашнинг иложи йўқ.
Кембриж олимларига кўра, янги штамм “вирусга чалиниб, аммо вирусдан бутунлай ҳалос бўлмаган одамда пайдо бўлган бўлиши мумкин ва бу вирусга генетик эволюция учун имконият яратган”. Бу ҳам алфа варианти пайдо бўлиши ҳақидаги мутахассислар фикрларига ўхшаш.
Буюк Британияга Жанубий Aфрика, Намибия, Ботсвана, Лесото, Эсватини ва Зимбабведан келган сайёҳлар 10 кун давомида ўзларини изоляция қилишлари керак. Жума куни Европа Иттифоқи давлатлари жанубий Aфрикадан авиа қатновларни тақиқлаган бўлса, AҚШ душанба кунидан бошлаб AҚШ фуқаролари бўлмаганларнинг Жанубий Aфрикадан ва бошқа етти Aфрика давлатидан саёҳатларини тўхтатишини маълум қилди.
“Wellcome Sanger” институтининг CОVID-19 генетикаси бўлими директори Жеффри Баррет, янги штаммни аввалги дельта штаммидан кўра эртароқ аниқлашда ҳозир қабул қилинган чекловлар муҳим рол ўйнашини таъкидлади.
“Ҳиндистонда дельтанинг даҳшатли тўлқинига гувоҳ бўлдик. У бутун дунё бўйлаб шунчалик тез тарқалиб улгурдики, нимадир қилиш учун жуда кеч эди. Ушбу янги штамм билан ҳам шундай бўлиши олдини олиш ва чора кўриш учун ҳали вақт бор”, деди олим.