Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:14

HRW: Толиблар афғон хавфсизлик кучларининг 100 дан ортиқ собиқ ходимини ўғирлаган ва ўлдирган


Толибон радикал ҳаракати Афғонистонда ҳокимият тепасига келганидан бери унинг жангарилари тўрт вилоятда 100 дан ортиқ собиқ полициячи ва разведка ходимларини ўлдирган ёки ўғирлаб кетган, дейилади Human Rights Watch ҳисоботда.

30 ноябрь куни ташкилот сайтига жойланган 25 саҳифали ҳисоботда толиблар, умумий афв эълон қилинганига қарамай, ағдарилган ҳукумат қуролли кучларидан ўч олишда давом этгани айтилади.

HRW 15 августдан октябрь ойи охирларигача толиблар собиқ афғон ҳарбийлари, полициячилари ва хавфсизлик хизмати ходимларидан 47 кишини ўлдиргани ҳақида ишончли маълумотлар тўплаганини таъкидламоқда. Ўлганлар ёки бедарак йўқолганлар сони Ғазни, Ҳелманд, Қандаҳор ва Қундуз вилоятларининг ўзида 100 кишидан зиёд.

HRWга кўра, ҳисобот 67 интервью, жумладан, гувоҳлар, қурбонларнинг қариндошлари ва дўстларидан олинган 40 та шахсий интервью ҳамда Толибон жангарилари берган маълумотлар асосида тузилган.

“Human Rights Watch” Осиё шўъбаси директори Патриция Гусман шундай дейди: “Толибон етакчилари ваъда қилган амнистия жангариларнинг афғон хавфсизлик кучлари собиқ ходимларини қатл этишига ёки ўғирлаб кетишига халал бермади. Толибон янги қатлларнинг олдини олиши, кўрсатилган ҳар бир ҳолатни тергов қилиши ва қурбонларнинг оилаларига товон тўлаши шарт”.

Ҳисоботда урғуланишича, Толибон етакчилари таслим бўлган хавфсизлик кучлари ходимларининг хавфсизлигини сақлаш учун уларга ўз маълумотларини қайддан ўтказишга чақирган. Бироқ жангарилар ушбу маълумотлардан уларни қўлга олиб, суд ва терговсиз жазолашда фойдаланган.

Толиблар HRWга йўллаган расмий жавобида ҳисоботдаги маълумотларнинг ҳаммаси ҳам тўғри эмаслигини иддао қилган. “Ҳисоботда қайд этилган айрим ҳолатлар ушбу жиноятларнинг айнан бу одамлар томонидан содир этилганини исботламайди. Бизнинг ўз развдка маълумотларимизга кўра, улар янги маъмуриятга қарши фитна қўзғашга уринишмоқда”, дейилади жавобда.

HRW ҳисоботига кўра, Толибон собиқ ҳукумат мулозимлари ҳақидаги маълумотлар базасини қўлга киритиб, ундан одамларни қўлга олиш ва ўлдиришда фойдаланган.

Ҳуқуқбонлик ташкилоти маълум қилишича, бир куни толиблар хавфсизлик кучлари собиқ ходими “Бўзмуҳаммад”нинг уйига келиб, уни ҳибсга олган, кейин эса қариндошлари унинг жасадини топганлар.

“Human Rights Watch” ҳисоботида толиблар қидирув амалиётлари ва тунги рейдлар ўтказиб, собиқ ҳукумат мулозимларини қўлга олгани ёки ўғирлагани билдирилади.

Афғонистонлик жамоат фаоли халқаро ташкилотга берган интервьюсида толибларнинг тунги рейдларини “даҳшатли” деб атаган: унга кўра, толиблар ўз қурбонларини кечаси ўғирлаб кетади, уларнинг оилалари эса ҳатто қаерга олиб кетишаётганини сўрашга ва воқеа ҳақида бирор идорага хабар беришга ҳам журъат қила олмайди.

Ҳисоботда Ҳелмандда юз берган яна бир воқеа тилга олинган: Абдурозиқ исмли собиқ маҳаллий зобит таслим бўлганидан сўнг сирли равишда ғойиб бўлган ва оиласи ҳануз унинг тирик ёки ўликлигини билмайди.

HRW 21 сентябрь куни Толибон инсон ҳақлари бузилганига оид хабарларни тафтиш қилувчи комиссия тузилгани ҳақида эълон қилганини, аммо ушбу комиссия бирор қотиллик, одам ўғирлаш ва бошқа ҳолатларни тергов қилгани тўғрисида ҳанузгача маълумот бермаганини эслатган.

“Human Rights Watch” ташкилоти билдиришича, толиблар ҳисоботга жавобида инсон ҳуқуқлари бузилишига алоқадор шахслар хизматдан бўшатилганини маълум қилишган, лекин буни тасдиқловчи ишончли далилларни тақдим эта олмаган.

XS
SM
MD
LG