Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:50

"Баҳсли, аммо жиноят эмас". HRW блогер Фозилхўжа Орифхўжаевни озод қилишга чақирмоқда


9 декабрь куни Human Rights Watch (HRW) ташкилоти беш ойдан бери ҳибсда сақланаётган ўзбекистонлик блогер Фозилхўжа Орифхўжаев (Фозилхўжа Арифходжаев)га қўйилган "асоссиз" айбларни бекор қилиш ва уни зудлик билан озод қилишга чақирди.

Ташкилот баёнотида айтилишича, Орифхўжаев ижтимоий тармоқда ёзган "зарарсиз" пости учун жамоат хавфсизлигига таҳдид қилганликда айбланиб, саккиз йиллик қамоқ жазосига юз тутмоқда.

Фозилхўжа Орифхўжаев 2021 йилнинг 28 июнь куни дастлаб майда безорилик айби билан ҳибсга олинган эди. Бу айбловлар учун блогер 15 сутка қамоқда ўтирди. Аммо HRW га кўра, ички ишлар ходимлари уни қўйиб юбориш ўрнига, янги жиноят иши бўйича тергов ҳибсхонасида сақламоқда.

Орифхўжаевнинг оила-аъзолари унга нисбатан қўпол муносабатда бўлингани ва ҳибсда унга лозим тиббий ёрдам кўрсатилмаганини айтишмоқда.

«Фозилхўжа Орифхўжаевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши мутлақо асоссиз кўринади ва Ўзбекистон расмийлари уни зудлик билан озод қилиши керак», дейди HRW ташкилотининг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Миҳра Риттманн.

HRW га кўра, блогер Фозилхўжа Орифхўжаевнинг фикрлари баҳсли бўлиши мумкин, аммо жиноят эмас.
HRW га кўра, блогер Фозилхўжа Орифхўжаевнинг фикрлари баҳсли бўлиши мумкин, аммо жиноят эмас.

«Хавотирлиси, Орифхўжаев ҳибсга олинганидан кейин унинг соғлиги сезиларли даражада ёмонлашган ва у шошилинч тиббий муолажага муҳтож», деб айтган Риттманн.

41 ёшли Орифхўжаев Ўзбекистон ҳукуматининг дин бўйича сиёсати борасидаги танқидлари билан танилган. Уни судгача қамоқда сақлаш муддати 13 декабрда ўз якунига етади.

Масжиддаги тортишув

Орифхўжаев ҳибсга олинган пайтда ҳукуматпараст блогер Аброржон Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий) билан тортишаётган бўлган.

26 июнь куни Орифхўжаев Абдуазимов билан юзма-юз сўзлашиш учун Абдуазимов ваъз ўқиётган Тошкентдаги «Тўхтабой» масжиди олдига борган. У ерда Орифхўжаев Абдуазимовни «иккиюзламачи» деб атаган.

28 июнь куни ички ишлар ходимлари Орифхўжаевни чақиртириб, уни майда безориликда айблашган ва ҳибсга олишган, уяли телефонини тортиб олганлар. Ўша куни суд блогерни 15 суткага ҳибсга олиш тўғрисида ҳукм чиқарган.

Орифхўжаев жазо муддатини ўтаётганида адвокати Сергей Майоровга COVID-19 пандемиясини баҳона қилиб, у билан учраштиришмаган. Майоров бир неча бор мижозини кўришга уринган, аммо рад жавобини олган.

Ўшанда Майоров ўз ҳимояси остидаги шахс билан кўриштирилмаётганининг эҳтимолий сабаби унга нисбатан қийноқ қўллангани бўлиши мумкинлигини тахмин қилган эди.

«Балки менга Фозилхўжа Орифхўжаевнинг баданидаги қийноқ излари йўқолганидан кейин учрашув беришар», деб ёзди у 9 июль куни эълон қилган баёнотида.

Диний эркинликларни назорат қилувчи Forum18 халқаро ташкилоти Орифхўжаев 15 кун ҳибсда сақланган пайтда қамоқхона маъмурлари унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишганини хабар қилди.

13 июль куни – Орифхўжаев озод этилиши керак бўлган кунда Майоровни чақириб, мижозига «оммавий ахборот воситалари ёки телекоммуникация воситаларидан ёки Интернетдан фойдаланган ҳолда жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш ёки кўрсатиш» айблови билан жиноят иши қўзғатганини маълум қилишган.

Бунга Орифхўжаевнинг телефонида топилган Facebook пости асос бўлган.

Орифхўжаев 2021 йилнинг 6 мартда ёзган постида бошқа дин вакилларини диний байрамлари билан табриклаш тўғри ёки йўқлиги ҳақида ўз фикрини билдирган.

HRW га кўра, Орифхўжаевнинг фикрлари ким учундир баҳсли бўлиши мумкин, аммо зинҳор жиноят эмас. Қолаверса, дейилади ташкилоти баёнотида, сўз эркинлиги халқаро инсон ҳуқуқлари нормалари билан ҳимояланган.

Майоров HRW нашрига берган интервьюсида давлат ёллаган мутахассис пост «аҳоли ўртасида ваҳима қўзғатиши» ва «диний фундаментализмга» тенг келиши мумкин, деган хулосага келганини айтди. Адвокатнинг сўзларига кўра, у таҳлил мазмуни билан танишиб чиққанидан кейин уни ошкор қилмаслик тўғрисидаги тилхатни имзолаган.

HRW га кўра, Ўзбекистонда шаффофлик йўқлиги ва Орифхўжаевнинг адвокати махфий маълумотларни ошкор этмаслик тўғрисидаги шартномани имзолашга мажбур қилингани эътиборга олинса, расмийлар блогерга қўйган бошқа айбловлар жамоатчиликка маълум бўлмаслиги мумкин.

Тошкент суди Орифхўжаевни ҳибсга олиш муддатини уч ойга, кейинроқ 13 декабргача узайтирди. Унинг иши судда қачон кўриб чиқилиши номаълум бўлиб қолмоқда.

Майоров HРW ташкилотига берган интервьюсида мижозига тергов ҳибсхонасида ҳам жисмонан, ҳам руҳий жиҳатдан ёмон муносабатда бўлишгани, жумладан, қийноққа тенг келадиган муомала қилишганини, бунинг натижасида Орифхўжаев тушкунликка тушганини айтади. Майоровнинг сўзларига кўра, сентябрь ойи охирида ички ишлар ходимлари Орифхўжаевнинг қўлини қувурга кишанлаб қўйишган ва уни қарийб 12 соат ноқулай ва оғриқли ҳолатда ўтиришга мажбурганлар.

Орифхўжаевнинг оила-аъзолари HRW ташкилотига унинг соғлиғи июль ойидан бери ёмонлашганини айтишган. Уларнинг сўзларига кўра, Орифхўжаев умуртқа поғонасида чуррадан азият чекади.

Қамоқда у бел оғриғидан қийнала бошлаган ва юриши қийинлашган. Унга ҳибсда ҳассадан фойдаланишга рухсат беришмаган. Шунингдек, Орифхўжаев сўнгги ҳафталарда бир неча бор ҳушидан кетган ва юраги хасталанган. Қолаверса, кўп ҳафтадан буён даволанмаган тиш оғриғи туфайли яхши овқатлана олмай қолган ва ориқлаб кетган.

Орифхўжаев тиббий кўрикдан ўтиш ва даволаниш учун қамоқхона тиббиёт пунктига ўтказилган, бироқ у ерда унга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаган. Оиласининг иддао қилишича, бунга қисман тиббиёт пункти тўлиб кетгани сабаб бўлган.

Forum18 нашрининг хабар беришича, Орифхўжаевнинг дастлабки 15 кунлик қамоқ жазосини ўтаётган пайтида милиция унинг соқолини зўрлик билан олиб ташлаган, ўзини изоляторда сақлаган ва душ қабул қилиши ёки кийимини алмаштиришига рухсат бермаган.

Шунингдек, блогер адвокати билан учрашишни талаб қилганидан кейин милиция ходимлари уни ҳақоратлаган ва узоқ муддатга қамалишини айтиб, таҳдид қилган.

HRW Орифхўжаев ўзбошимчалик билан ҳибсга олингани ва бу ҳолат халқаро ҳуқуққа зид эканини айтмоқда. Ташкилот Ўзбекистон ҳукуматини Орифхўжаевни зудлик билан озод қилишга, тегишли тиббий ёрдам олишини таъминлашга ҳамда унга шафқатсиз муомала қилингани ва у қийноққа тутилгани ҳақидаги даъволарни текширишга чақирди.

«Орифхўжаевга қарши ишнинг жамоат тартибига ҳақиқий таҳдид билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, аслида Ўзбекистон расмийларининг ҳукумат танқидчиси овозини ўчириш истаги билан алоқадир эканини англаб етиш мушкул эмас», дейди HRW ташкилотининг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Миҳра Риттманн.

XS
SM
MD
LG