Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:11

“Хитой ҳукумати обрўсига зарба”. Вашингтон нега Пекин Олимпиадасига дипломатик бойкот эълон қилди


Хитой хавфсизлик кучлари патрули Қошғар шаҳридаги масжид олдидан ўтиб кетмоқда. Хитой, Шинжон, 2017, 4 ноябрь.
Хитой хавфсизлик кучлари патрули Қошғар шаҳридаги масжид олдидан ўтиб кетмоқда. Хитой, Шинжон, 2017, 4 ноябрь.

6 декабрь, душанба куни Оқ уй Пекин шаҳрида бўладиган қишки Олимпия ўйинларига “дипломатик бойкот” эълон қилди. Сабаб Хитой ҳукуматининг уйғурларга нисбатан геноцид сиёсати ва инсон ҳуқуқлари поймол қилинаётганидир. АҚШ Пекинга расмий вакилларини жўнатмасликка қарор қилдики, бунақаси фақат бир марта – 1980 йилги Москва Олимпиадасида бўлган: ўшанда америкалик спортчилар ҳам Москвага юборилмаган эди.

Байден маъмуриятининг мазкур қарорига Қўшма Штатларда турлича муносабат билдирилмоқда. Аммо фикрлар бир нуқтада – бу чора етарлими ёки йўқми, деган савол устида фарқланмоқда холос.

Хусусан, Сенатнинг халқаро алоқалар қўмитаси раиси демократ Роберт Менендес бойкотни “инсон ҳуқуқларини поймол этаётган Хитой ҳукумати қаршисида бизнинг инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қатъиян содиқлигимизни кўрсатувчи зарур қадам”, дея таърифлади. Республикачи сенатор Том Коттон эса қарорни “нимчора” деб атади. “Қўшма Штатлар геноцид сиёсатига қоришиқ Пекин Олимпиадасини тўлиқ бойкот қилиши лозим”, деди у.

Аввалроқ, “дипломатик бойкот” ҳақида маълум қилган Оқ уй воизи Жен Псаки мазкур акцияни “Шинжондаги тоқат қилиб бўлмас ҳақсизлик ва ваҳшийликлар”га қарши норозилик белгиси ўлароқ қабул қилиш зарурлигини урғулаган эди. “Биз тўғри позицияда эканимизга ишонамиз ва Хитойда ва ундан ташқарида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун шу каби акцияларни ўтказишда давом этамиз”, деган АҚШ маъмурияти вакиласи.

Пекиннинг Америкадаги танқидчилари, жумладан ҳуқуқбонлик ташкилотлари Олимпия ўйинларини тўлиқ бойкот қилишга чақиришди, улар наздида, тўлиқ бойкотгина ХХР ҳукуматининг феъл-атворига жиддийроқ таъсир этиши мумкин.

Жен Псаки Оқ уйда Олимпиадани буткул бойкот қилиш масаласи муҳокама қилинганми-йўқлиги ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортди. Айтишича, маъмурият америкалик атлетларни жазолашни хоҳламаган. Оқ уй Пекинга АҚШ расмийлари делегациясини юборишдан бош тортгани етарлича кучли сигнал, деб ҳисобламоқда.

Хитой ТИВ расмий вакили Чжао Лицзян “Твиттер”даги саҳифасида дастлаб дипломатик бойкот “муҳим соҳаларда” Хитой-Америка муносабатларига таъсир қилиши мумкинлигидан огоҳлантириб, АҚШга “кескин қарши чоралар” билан дўқ қилди. Кейинроқ эса тармоқда шундай ёзув қолдирди: “Қишки Олимпиадага бойкот эълон қилган сиёсатчиларнинг Пекинга келиши ёки келмаслиги аслида ҳеч кимни ташвишга солмайди”.

Хитой бўйича эксперт, Массачусетсдаги Эндикотт-коллеж профессори Виталий Козирёвга кўра, ҳатто ушбу рамзий бойкот ҳам Пекинга оғир ботиши мумкин, чунки бу, жумладан, Хитой Жо Байден иқтидорга келганидан сўнг АҚШ билан алоқалар яхшиланишидан бекорга хомтама бўлганини кўрсатади.

“Хитой раҳбарияти, сиёсий доиралари ўз мақомларининг тасдиқланишини ва ҳурмат қилинишини жуда муҳим деб билади. Улар ҳатто рамзий ҳаракатларга ҳам ғоят эътиборли, айниқса бу Қўшма Штатлар тарафидан бўлса. Чунки бу нафақат халқаро обрў-эътибор ва АҚШ билан тенг ҳуқуқли муносабатларнинг тан олинишини белгилайди, балки ички сиёсатда ҳам акс этади. Ҳукумат ўз халқига “мана, дипломатик йўллар билан АҚШдек супердавлатнинг бизни тан олишига эришяпмиз”, дейишни истайди. Шу боис, ўйлайманки, бу Хитой ҳукумати обрўсига оғриқли зарба бўлади, бироқ Хитойнинг АҚШга нисбатан позицияси юмшашига олиб келмайди. Аксинча, бу мамлакатда аксиламерика кайфиятини кучайтириб юборади”, дейди эксперт.

Дипломатик бойкот ХХР раҳбариятига оғир ботиши сабабларидан бири шуки, яқинда Пекин АҚШ билан стратегик барқарорлик масаласини муҳокама қилишга розилик бериш билан рамзий жиҳатдан жиддий ён берган эди:

“Ноябрь ойи охирида Си Цзиньпин Жо Байден билан уч ярим соат телефон орқали сўзлашганида стратегик барқарорлик бўйича музокараларни бошлашга розилик берганди. Бу мен учун кутилмаган ҳол бўлди, чунки Пекин шу пайтга қадар стратегик барқарорлик масаласида АҚШ ва Россия гаплашиб олиши лозимлигини таъкидлаб келарди. Афтидан улар Вашингтон бунга жавобан айрим жабҳаларда Хитойга ён босишига умид қилишган, лекин, кўрдикки, Байден маъмурияти бундай қилмоқчи эмас”, хулоса қилади Козирёв.

АҚШнинг дипломатик бойкоти, агар унга Қўшма Штатларнинг иттифоқчилари ҳам қўшилса, Пекин учун янада аламли кечиши ва катта сиёсий талафот етказиши мумкин. Оқ уй ўз қарорини айрим иттифоқдошлари билан олдиндан муҳокама қилиб олгани маълум.

XS
SM
MD
LG