Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:09

Европа Иттифоқи Вагнер гуруҳига қарши санкциялар жорий этди


ЕИ ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррель: "Биз Украинага қарши ҳар қандай тажовуз Россия учун катта хато бўлиши ҳақида огоҳлантириб  турибмиз".
ЕИ ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррель: "Биз Украинага қарши ҳар қандай тажовуз Россия учун катта хато бўлиши ҳақида огоҳлантириб  турибмиз".

ЕИ ташқи ишлар вазирлари Брюсселда учрашиб, Украина чегараси яқинида ўн минглаб рус қўшинлари тўплангани муносабати билан, агарда Украина ҳарбий босқинга учрагудек бўлса, Россияга қарши санкциялар ва бошқа чораларни мувофиқлаштириш юзасидан фикр алмашди.

Рейтерс агентлигига маълум қилинишича, Брюсселдаги муҳокамалар кун тартибидан рус сиёсатчиларнинг активларини музлатиш, Россия билан молия ва банк алоқаларини тақиқлаш ва санкцияларни босқичма-босқич ошириш масалалари ўрин олган.

Европа Иттифоқи дипломатлари Россиянинг хусусий ҳарбий компанияси бўлган Вагнер билан боғлиқ номлар ва компаниялар рўйхатини зудлик билан жорий санкция қаторига қўшишни маъқуллади.

Вагнер компанияси Ғарб томонидан Украина шарқида ва дунёнинг бошқа низоли ҳудудларида Кремл номидан ишлаганликда ва инсон ҳуқуқларини поймол қилганликда айбланади.

Санкциялар 13 декабр куни Европа Иттифоқининг расмий журналида чоп этилгандан сўнг қонуний кучга кирди.

Россия Вагнер ёлланма аскарлари билан алоқаларини инкор этиб, уларни ҳарбий мураббий , маслаҳатчилар деб атаган.

Вагнер гуруҳини россиялик тадбиркор, президент Владимир Путинга яқин Евгений Пригожин бошқариши айтилади. Пригожинга аллақачон АҚШ ва Европа Иттифоқи санкция қўллаган.

13 декабр куни шунингдек, Россия ва Германия ўртасидаги “Шимолий оқим 2” газ қувурининг ишга тушишига йўл қўймаслик чоралари ва табиий газ бўйича Россия билан шартномаларни бекор қилиш ҳам муҳокама марказида бўлган.

ЕИ Украинанинг Қрим ҳудудини зўрлик билан босиб олгани ва 2014 йил апрелидан бери давом этаётган, 13200 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган можарода Украина шарқидаги айирмачиларни қўллаб-қувватлаётгани учун Россияга қарши бир неча бор санкциялар жорий этган эди.

Охирги ҳафталарда Киев ва унинг Ғарбдаги тарафдорлари Россияни Украинага бостириб кириш учун чегара яқинига қўшин тўплашда айблаб келади, Кремл эса буни рад этади.

"Биз Украинага қарши ҳар қандай тажовуз Россия учун катта хато бўлиши ҳақида огоҳлантириб турибмиз", - деди Жозеп Боррелл. У шунингдек, Европа Иттифоқи АҚШ ва Буюк Британия билан биргаликда келгуси чоралар қачон ва қай тартибда бўлиши устида бош қотираётганини қўшимча қилди.

"Россия ҳақиқатда Украинага қарши урушга тайёргарлик кўраётганига аминмиз. Агар Россия бу даҳшатли хатога йўл қўйса, демак, Ғарб давлатлари ҳам шунга яраша жавоб қайтариши лозим" - деб таъкидлади Литва ташқи ишлар вазири Габриелиус Ландсбергис.

12 декабр куни G7 гуруҳи ҳам Москвани Украинага ҳужум қилгудек бўлса, бунинг эҳтимолий "жиддий оқибатларидан" огоҳлантирди. .

Россия расмийлари Москва ҳужумга тайёргарлик кўраётганини инкор этиб, Киевни провокатцияда айблади. Россия айбловларга қарата ўз ҳарбийларини мамлакат ичида хоҳлаган жойга кўчиришга ҳақли эканини айтиб даво қилган .

Москва НАТОнинг шарққа томон кенгаймаслиги ёки қуролларини Россия ҳудудига яқин жойлаштирмаслиги учун қонуний кафолат талаб қилмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги ўринбосари Сергей Рябков агар АҚШ ва НАТО Москва талаб қилаётган кафолатларни бермаса, зиддият кучайиши ҳақида гапирди.

АҚШ ва НАТО расмийлари эса бунга жавобан ҳеч бир давлат НАТО ҳаракатларига вето қўя олмаслигини айтди.

XS
SM
MD
LG