2022 йилда хусусий сектор вакилларига узлуксиз равишда (24/7 режимда) валюта айирбошлаш фаолиятини амалга ошириш учун рухсат берилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг телеграмм саҳифасида маълум қилди.
17 декабрдан умумхалқ муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти йўналишларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳасида валюта айирбошлаш хизматларини кўрсатишга рухсат беришни кўзда тутувчи нормалар белгиланган.
Қарордаги чора-тадбирларга мувофиқ, 2022 йилда "норасмий валюта операциялари вужудга келишини олдини олиш, шунингдек, хизматларни узлуксиз равишда кўрсатиш имконини яратиш мақсадида хусусий тадбиркорларга валюта айирбошлаш хизматларини кўрсатишга рухсат бериш кўзда тутилган.
Р. Кушербаевга кўра, молиявий хизматлар кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига кредит уюшмаси хизматлар бозорига кириш имкониятларини яратиш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги мазкур қарор амалиёти учун масъулдир.
Парламент вакили: “Ишқилиб масъул идоралар ва "қора бозор" лоббистлари бу хайрли ишга тўсқинлик қилишмаса бўлди” дея ўз хавотирларини изҳор қилган.