Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:38

Январь воқеалари. Қозоғистонни ларзага солган намойиш ва зўравонликлар силсиласи

2 январь куни Қозоғистон ғарбида жойлашган Жанаўзен шаҳрида ёқилғи нархининг икки бараварга ошишидан норозилар бошлаган акция мамлакат бўйлаб норозилик тўлқинини келтириб чиқарди.

Ёнилғи нархининг оширилишига қарши оммавий норозилик намойишлари манзарасида Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиқарилди, Нурсултон Назарбоев истеъфога кетди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев илтимосига кўра, КХШТ ҳарбийлари Қозоғистонга киритилди. Мамлакатда "антитеррор" тадбирлари бошланди.

Талдиқўрғонда Назарбоев ҳайкали қандай бузилганди?

Олмаота аэропорти ҳукумат назоратига ўтди

Россиялик ҳарбийлар, Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан бирга Олмаота аэропортини эгаллашди. Бу ҳақда, Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенковга таянган ҳолда ТАСС хабар қилди.

Шунингдек, Олмаотадаги Россия бош консулхонаси ва бошқа объектлар ҳам ҳарбийлар назоратига ўтган. Конашенков КХШТ ҳарбий миссиялари, Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан бирга мамлакатда тартиб ўрнатишга сафарбар этилганини иддао қилган.

ОАВ: Назарбоевнинг жияни Самат Абиш қўлга олинди

Олмаотада Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни, Миллий хавфсизлик қўмитаси ўринбосарининг собиқ биринчи ўринбосари Самат Абиш ҳибсга олинди. Бу ҳақда ORDA портали ўз манбасига таянган ҳолда хабар қилган. Ушбу маълумот расман тасдиқланганича йўқ.

Шунингдек, ORDA хабарига кўра, Назарбоев ва унинг қизлари ўз оилаларини олиб Қозоғистонни тарк этганлар. Мамлакатда фақат унинг акаси Болат Назарбоев қолган.

Орадан бироз ўтиб, ORDA ушбу хабарни ўчириб ташлади ва манбаси адашганини айтиб, узр сўради.

Тоқаев намойишчиларга қарата огоҳлантиришсиз ўт очишга буйруқ берди


Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 7 январь куни мамлакат фуқароларига мурожаат қиларкан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва армияга намойишчиларга қарата огоҳлантиришсиз ўқ узишга буйруқ берганини айтди.

“Чет элликлар муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилиш учун музокара олиб боришга даъват қилишмоқда. Бекор гап! Жиноятчи ва қотиллар билан қанақа музокара бўлиши мумкин? Биз қуролланган ва махсус ҳозирлик кўрган маҳаллий ва ажнабий бандитларга қарши курашяпмиз. Айнан бандит ва террорчилар билан. Уларни йўқ қилиш лозим. Тез орада йўқ қиламиз ҳам”, деди Тоқаев.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG