Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:13

Январь воқеалари. Қозоғистонни ларзага солган намойиш ва зўравонликлар силсиласи

2 январь куни Қозоғистон ғарбида жойлашган Жанаўзен шаҳрида ёқилғи нархининг икки бараварга ошишидан норозилар бошлаган акция мамлакат бўйлаб норозилик тўлқинини келтириб чиқарди.

Ёнилғи нархининг оширилишига қарши оммавий норозилик намойишлари манзарасида Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиқарилди, Нурсултон Назарбоев истеъфога кетди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев илтимосига кўра, КХШТ ҳарбийлари Қозоғистонга киритилди. Мамлакатда "антитеррор" тадбирлари бошланди.

Қозоғистонда қўлга олинганлар сони 8 минг кишига яқинлашиб қолди

Қозоғистонда оммавий норозлик намойишлари бошланганидан бери то шу кунгача 7939 киши қўлга олинди. Бу ҳақда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотга асосланган ҳолда қозоқ матбуоти хабар тарқатди.

Озодлик радиоси қозоқ хизматининг билдиришича, Ички ишлар вазирлиги сўнгги бир сутка ичида Олмаотада яна 508 киши ушланганини билдирган.

Аввалроқ Қозоғистон президенти матбуот хизмати деярли 6 минг киши ушланганини ва 125 та жиноят иши қўзғатилганини ёзган эди.

Тоқаев Қозоғистондаги воқеаларни “давлат тўнтаришига уриниш” сифатида баҳолади

Қозоғистон президенти Қасим -Жомарт Тоқаев 10 январда КХШТга аъзо давлат раҳбарларининг навбатдан ташқари онлайн саммити доирасида сўзлаган нутқи пайтида мамлакатдаги воқеаларни “давлат тўнтаришига уриниш” сифатида баҳолади.

Тоқаев “давлат тўнтаришига уриниш” ортида қандай кучлар тургани тўғрисида гапирмади. У тартибсизликларда хориж фуқаролари иштирок этганини таъкидлаб, уларни “террорчилар” деб атади.

Қозоқ президенти тинч намойиш ўтказганларнинг талаблари инобатга олинганини, бажарилганини айтди. У тинч намойишчиларини тартибсизликларни уюштирганлар билан бир қаторга қўймаслик керак, деб билдирди.

Тоқаев КХШТ кучларини Қозоғистонга киритишга рози бўлгани учун Россия президенти Владимир Путинга алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Куч ишлатар тизим мулозимларининг сирли ўлими

Жанат Сулейманов
Жанат Сулейманов

Қозоғистонда сўнгги кунларда Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий хавфсизлик қўмитасининг уч нафар юқори мартабали мулозими турли вазиятларда вафот этгани хабар қилинди.

10 январь куни Тараз шаҳрида Жамбил вилоят полицияси бошлиғи Жанат Мулеймановнинг ўлиги топилди. Қозоқ матбуотидаги хабарларга кўра, у ўз жонига қасд қилган. Аммо бунинг расмий тасдиғи йўқ.

Душанба куни эрталаб Миллий хавфсизлик қўмитаси - КНБ полковниги Азамат Ибраев ўз йида ўлик ҳолда топилгани хабар қилинган. Шунингдек, Олмаотанинг Турксиб тумани полиция бошлиғининг ўринбосари Танат Назановнинг "иш жойида" юрак хуружидан вафот этгани айтилмоқда.

Лукашенко Ўзбекистонни огоҳлантирди

Александр Лукашенко
Александр Лукашенко

Беларуснинг куч билан ҳокимиятда қолаётган раҳбари Александр Лукашенко Ўзбекистонни Қозоғистондаги воқеалардан "сабоқ чиқариш"га чақирди. Қозоғистонга ўз кучларини жойлаштирган КХШТнинг 10 январь кунги онлайн сессиясида гапирган Лукашенконинг даъво қилишича, ҳозирда Қозоғистондаги тартибсизликлар иштирокчиларининг "нигоҳи Ўзбекистонга қаратилган".

"Агар зарур сабоқлар чиқарилмаса, биздаги маълумотларга кўра - буни ўша жойда ҳам кўряпсиз - уларнинг нигои Ўзбекистонга ҳам қаратилади", деб айтди Лукашенко.

Унга кўра, Қозоғистондаги воқеалар ташқи кучлар омили мавжудлигини кўрсатган.

Ўзбекистон ҳукумати Лукашенконинг баёнотига муносабат билдирганича йўқ. КХШТдан четда қолаётган расмий Тошкент 5 январь куни Қозоғистон раҳбарияти ва халқи "мамлакатда тинчлик ва осойишталикни тиклаш ҳамда юзага келган муаммоларни ўзи мустақил ҳал қилиш учун етарли қатъият ва иродага эгалигига ишониши"ни билдирган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG