Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:11

Январь воқеалари. Қозоғистонни ларзага солган намойиш ва зўравонликлар силсиласи

2 январь куни Қозоғистон ғарбида жойлашган Жанаўзен шаҳрида ёқилғи нархининг икки бараварга ошишидан норозилар бошлаган акция мамлакат бўйлаб норозилик тўлқинини келтириб чиқарди.

Ёнилғи нархининг оширилишига қарши оммавий норозилик намойишлари манзарасида Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиқарилди, Нурсултон Назарбоев истеъфога кетди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев илтимосига кўра, КХШТ ҳарбийлари Қозоғистонга киритилди. Мамлакатда "антитеррор" тадбирлари бошланди.

Олмаотадан 150 қирғизистонлик ватанига олиб келинди. Қамоққа олинган қирғизистонликлар озод этилди

Олмаотадан 150 қирғизистонлик Бишкекка олиб келингани тўғрисида Озодлик радиоси қирғиз хизмати хабар берди.

Қирғизистоннинг Олмаотадаги консули Назарали Арипов эвакуация қилинганларни олиб келиш учун автобуслар ажратилганини билдирди.

Аввалроқ консул Олмаотадаги “тартибсизликларда иштирок этганликда” гумонланиб қўлга олинган 4 нафар қирғизистонлик 11 январь куни озод этилишини айтган эди. Назарали Арипов қамоқдан чиқариладиган қирғизистонликларнинг аҳволи ва соғлиғи қониқарли эканини билдирди. Улар 1990 йилда туғилган Зокир Юбуров, 1991 йилда туғилган А. Хуров, 1987 йилда туғилган И.Мачо ва 2001 йилда туғилган А. Жиншанлону.

10 январь куни Олмаотада “тартибсизликларда иштирок этганликда” гумонланиб қўлга олинган қирғизистонлик таниқли мусиқачи Викрам Рузахунов қамоқдан бўшатилган ва Бишкекка олиб келинган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонда қўлга олинган қирғизистонликларни бўшатиш талаби билан нота жўнатган эди.

Тоқаев парламентдаги чиқишида Нурсултон Назарбоевни танқид қилди

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 11 январда парламентда сўзлаган нутқи давомида мамлакатнинг аввалги президенти Нурсултон Назарбоевни танқид қилди.

“Биринчи президентнинг, “Элбаси” (элбоши)нинг қўллови ортидан ўта сердаромад ширкатлар ва халқаро миқёсдаги ўта бойларнинг қатлами пайдо бўлди”, деди Тўқаев.

У сўзида давом этар экан, “иқтисодий ўсишдан фақат олигархлар гуруҳи фойда топгани”ни қўшимча қилди.

Тоқаев тоғ-кон ва нефть-газ сектори ўз даромадларини давлат билан бўлишиши шартлигини таъкидлади.

Мазкур тармоқлар Назарбоевнинг яқинлари ва унинг атрофидагиларга тегишли экани айтиб келинади.

ТИВ расмийси Қозоғистонда ўзбекистонликлар ҳибсга олингани ҳақида маълумот йўқлигини билдирди

Қозоғистонда Ўзбекистон фуқароларининг ҳибсга олингани ҳақида маълумот йўқ. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Юсуф Қобилжонов маълумот тарқатди.

Мулозимга кўра, Ўзбекистоннинг дипломатик ва консуллик муассасалари Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари билан жойларда доимий алоқада бўлиб турибди.

Хабарномада ТИВ қўшни Қозоғистондаги вазиятни мунтазам равишда кузатиб бораётгани, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари – Нур-Султондаги элчихонаси, Олма-ота ва Ақтаудаги бош консулликларида тезкор штаблар ташкил этилгани, қийин аҳволда қолган фуқароларга алоҳида эътибор қаратилиб, талабалар билан алоқа ўрнатилгани, уларга зарур ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилаётгани, Нур-Султон шаҳридаги аэропортда парвозини кутаётган фуқаролар иссиқ овқат билан таъминлангани қайд этилган.

“Олмаотадан Ўзбекистонга қайтишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати тузилди. Улар “Uzbekistan Airways” компаниясининг навбатдаги рейслари орқали Ватанга қайтарилади. Ҳозирда Олма-ота аэропорти ёпиқлигича қолмоқда”, дейилган 11 январь куни тушга яқин тарқатилган хабарномада.

Тиббиёт мулозими: Тартибсизликлар пайтида тиббий ёрдам сўраб 1200 киши мурожаат қилди

Олмаотадаги "тез ёрдам" машиналаридан бири (архив сурати)
Олмаотадаги "тез ёрдам" машиналаридан бири (архив сурати)

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида январь воқеалари чоғида 1200 дан ортиқ киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Бу ҳақда брифингда шаҳар жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Нариман Табинбаев маълум қилди.

“4 январдан бугунги кунгача 1205 нафар жабрдийда мурожаат қилди. 329 нафари даволаниб, шифохонадан чиқди, 176 нафари шифохоналарда қолмоқда. Жонлантириш бўлимларида 18 бемор, жумладан уч нафар бола бор”, дея иқтибос келтирган Табинбаев сўзларидан Informburo сайти.

Бошқарма раҳбарига кўра, ҳозирда тез ёрдам хизмати одатдаги тартибда ишламоқда: чақирувлар бўйича 85 та гуруҳ хизмат кўрсатяпти, яна 18 та гуруҳ захирада турибди. Табинбаев тез ёрдам хизмати ходимларига ҳужумлар бўлганини, “шунга қарамай, тез тиббий ёрдам чақирилган манзилларга етиб бориб, беморларга ёрдам кўрсатган”ини айтган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG