БМТ экспертлари Қозоғистонда норозиларга куч қўлланилганини тергов қилишга чақирмоқда
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлари 11 январда Қозоғистонда норозиларга нисбатан “ҳаддан ташқари” куч қўлланилганини ва бунда “одам ўлимига сабаб бўлувчи қуроллардан фойдаланилгани”ни кескин қоралади. Экспертлар халқаро ҳамжамиятни мазкур ҳодисани мустақил тергов қилиш учун имконият яратишга чақирмоқда.
БМТ махсус ҳисоботчиси Фионнуала Ни Аолаин ўз баёнотида норозилар, фаоллар, ҳуқуқбонлар, журналистлар ва сиёсий партиялар вакилларига нисбатан кенг маънода “террорчи” атамасининг қўлланилиши “жамиятда қўрқув муҳитини яратишга қаратилган бўлиши мумкин”лигидан ташвиш билдирди.
БМТнинг бошқа экспертлари ҳам президент Тоқаев ўзи “террорчи ва бандит” деб атаган норозиларга қарата “огоҳлантиришсиз ўқ отиш” тўғрисида буйруқ берганидан ташвиш билдирган. Экспертлар шундан келиб чиққан ҳолда, “Қозоғистонда норозиларга қарши давлат томонидан куч ишлатилгани ҳолатлари юзасидан инсон ҳуқуқларига асосланган ҳолда мустақил тергов ўтказиш”га чақирди.
Тартибсизликлар давомида 53 та ҳокимлик биноси вайрон этилди
Қозоғистондаги тартибсизликлар пайтида мамлакатнинг турли вилоятларида 53 та ҳокимлик биноси, ўрта ва кичик бизнесга тегишли 151 та объект вайрон этилди.
Саноат ва инфратузилма вазири Кайирбек Ўскенбаевнинг 12 январда ўтган ҳукумат йиғилишида маълум қилишича, вайрон этилган иморат ва объектларнинг асосий қисми Олмаота, Чимкент шаҳарлари, Олмаота, Шарқий Қозоғистон, Қизилўрда, Атирау, Ақтўбў вилоятларида жойлашган. Энг кўп вайронагарчиликлар Олмаота шаҳрида содир этилган.
Вазир вайрон этилган ҳукумат бинолари 20 февралгача таъмирдан чиқарилишини, вилоятлараро темир йўл ва автомобиль қатновлари қайта тикланишини маълум қилди.
Аввалроқ тадбиркорларнинг "Атамекен"миллий палатаси жами 1528 тадбиркорлик субъекти зарар кўргани, уларнинг 1408 таси Олмаотада эканини билдирган. Кўрилган зарар миқдори 95,3 миллиард тангага етгани айтилган.
Дариға Назарбоеванинг Олмаотада экани ва коронавирусга чалингани айтилди
Қозоғистоннинг экс-президенти Нурсултон Назарбоевнинг катта қизи, депутат Дариға Назарбоева 11 январь куни ўтган парламент йиғилишида иштирок этмади.
Парламент матбуот хизмати ҚазТАГ ва РИА Новости агентликларига Назарбоева касал бўлиб қолгани туфайли йиғилишда қатнаша олмаганини билдирган.
Orda.kz нашри Дариға Назарбоеванинг ёрдамчиси Жанна Ермекова билан суҳбатлашгани ҳақида ёзди. Нашрнинг билдиришича, Ермекова Назарбаева “Олмаотадаги уйида эканини, коронавирусга чалинганини ва ҳозирда даволанаётгани”ни айтган.
Озодлик радиоси қозоқ хизмати мухбирлари Назарбоева 5 январдаги парламент йиғинида ҳам иштирок этмаганини хабар қилишган.
11 январда президент Қасим-Жомарт Тоқаев парламентда Назарбоев ҳақида бир оғиз гапириб, уни танқид қилган эди. Тўқаев ўз нутқида “Назарбоев қўллови билан мамлакатда халқаро даржада бойиб кетган одамлар ва ўта сердаромад ширкатлар пайдо бўлди. Энди халққа тегишли даромадни халққа қайтаридаг вақт келди”, деб айтган.
Президент Тоқаев Олмаотага келгани айтилмоқда (ВИДЕО)
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Олмаотага келгани тўғрисида 12 январь куни ҚазТАГ, Tengrinews.kz ва forbes.kz нашрлари президент матбуот котибига таянган ҳолда хабар тарқатди.
“Президент Олмаотада эканини тасдиқлаймиз. У шаҳар оператив штаби йиғилишида иштирок этди. Шунингдек, ҳалок бўлган полициячилар ва ҳарбийларнинг яқинлари билан учрашув ўтказилди. Президент таъзия изҳор қилди ва мукофотларни топширди”,-деб иқтибос келтирди нашрлар президент матбуот котиби Берик Уали сўзларидан.
Хабарда билдирилишича, президент оператив бошқарув марказида бўлган, айни пайтда касалхоналарда ётган жабрланганлар билан учрашган.
Олмаоталиклар ижтимой тармоқларда шаҳар бўйлаб ҳаракатланаётган кортеж видеосини тарқатмоқда.
Tengrinews.kz нашрининг ёзишича, Олмаота осмонида ҳарбий вертолёт учиб юргани ҳам кузатилган.