Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:49

"Ҳокимият учун кураш" ва бошқа назариялар. Қозоғистондаги воқеалар ортида нима турибди?


Президент Қасим-Жомарт Тоқаев маъмурияти билан мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ўртасидаги ҳокимият учун кураш тобора воқеалар марказига кўчмоқда.
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев маъмурияти билан мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ўртасидаги ҳокимият учун кураш тобора воқеалар марказига кўчмоқда.

Қозоғистонда бир неча кунлик тартибсизликлардан сўнг норозиликни шафқатсизлик билан бостириш давом этаркан, Озод Европа- Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниернинг ёзишича, режим ичида – катта эҳтимол билан президент Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамда унинг салафи Нурсултон Назарбоев ўртасида кураш кечаётгани белгилари ҳам кузатилмоқда.

Тинч норозилик ўлароқ бошланган чиқишлар жадаллик билан барча ҳудудларни қамраб олиб, бутун мамлакатни қаттиқ ларзага солди, бу воқеалар ортида эса, афтидан, мутлақо бошқа нарса – ҳокимиятнинг юқори эшелонлари устидан назорат ўрнатиш учун пинҳона жанг кетяпти.

Сўнгги кунларда мамлакатнинг ўнлаб шаҳарларида оғир ижтимоий-иқтисодий аҳволга қарши кўтарилган оммавий намойишлар иккинчи планга сурилди. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев маъмурити билан мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ўртасидаги ҳокимият учун кураш тобора воқеалар марказига кўчмоқда.

Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) собиқ раҳбари Карим Мансимовнинг 8 январь куни давлатга хиёнатда гумон қилиниб, қўлга олингани ҳақида хабар – кучишлатар идоралар “аксилтеррор” амалиётини давом эттираркан, Қозоғистон сиёсатидаги энг қудратли икки шахс бир-бири билан урушаётганининг ёрқин далилидир.

Назарбоевлар учун бехайр мужда

5 январь куни МХҚ раиси лавозимидан озод этилган Масимов, гарчи сўнгги ойларда ОАВларда кам тилга олинганган бўлса-да, Қозоғистон сиёсат денгизидаги йирик наҳанглардан биридир.

Назарбоев тарафдорининг ҳибс этилиши – Тоқаев, “чет элда таълим олган террорчилар” мамлакатга кириб олганини пайқамаган ички разведка ва хавфсизлик кучларининг муҳтамал муваффақиятсизлигидан ҳукуматни Назарбоев кадрларидан тозалаш учун фойдаланаётганини кўрсатади.

Қозоғистонни 2019 йилгача – қарийб 30 йил идора қилган 81 ёшли Назарбоев президентликдан истеъфо берганидан сўнг ҳам муҳим лавозимларни эгаллаб келаётганди. Назарбоев ва унинг оила аъзолари ҳануз мамлакатда нуфузли кишилар саналади. Шу қадарки, танқидчи ва таҳлилчилар ўз чиқишларида Қозоғистонни ҳамон Назарбоев бошқараётганини таъкидлаб, Тоқаевни “собиқ президентнинг қўғирчоғи” дея масхара қиладилар.

Ялпи норозилик бошланганидан кейин сиёсий майдонда рўй берган воқеалар, хусусан Назарбоевнинг 5 январь куни Хавфсизлик кенгаши раислигидан бўшатилиши ва кетидан Масимовнинг ҳибс қилиниши – Тоқаев “уйини тозалаш”га киришганини англатди.

Шароф Убайдуллаев: "Қозоғистон бизга жиддий сабоқ бўлиши керак"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:42:38 0:00

Масимов 20 йилдан зиёд вақтдан бери жуда баобрў шахс эди. Назарбоев даврида у икки марта бош вазир лавозимига ўтирган. Ундан олдин транспорт ва коммуникациялар вазири, иқтисодиёт ва бюджетни режалаштириш вазири, давлат котиби ва президент маъмурияти бошлиғи бўлиб ишлаган, МХҚга эса 2016 йилда раҳбар этиб тайинланган.

Унинг давлат хизматига киришидан олдинги фаолияти ҳам жуда муҳим, зеро, асл ихтисослиги хитойшунос бўлмиш Масимов 1990-йиллар бошларида Пекин ва Ҳонгконгда Қозоғистоннинг тижорий манфаатларини тамсил этган ва, тамин қилинишича, Назарбоевнинг пулларини Ҳонгконг банкларига яширишга бош-қош бўлган.

Масимов ушлангани ва оғир жиноятларда гумон қилинаётганлиги намойишлар бошланганидан буён қорасини кўрсатмаётган Назарбоев ва унинг бадавлат ва нуфузли қариндошлари учун сира ҳам хайрли муждага ўхшамайди.

8 январь куни Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибай “Twitter”да “Элбоши Қозоғистондан кетмаган ва у ҳозир пойтахт Нур-Султон шаҳрида”, деб ёзди.

Мазкур қисқа хабар санаси ва тузилиши жуда муҳим, чунки 7 январда Қозоғистон ҳукумати вакиллари пойтахтни 2019 йилда берилган янги номи билан атамай қўйгани тўғрисида тасдиқланмаган маълумот пайдо бўлган эди.

Бу Тоқаев Назарбоев ва унинг меросини сиёсатдан буткул сиқиб чиқаргани ҳақидаги миш-мишларга мой сепгандек бўлди. Зеро, Назарбоевнинг эски тарафдори ва энг содиқ кишиларидан бири ўлароқ 2019 йил 19 мартда ҳокимиятни ундан қабул қилиб олгач, собиқ президент истеъфога чиққанидан кейиноқ пойтахт номини “Астана”дан “Нур-Султон”га ўзгартирган Тоқаевнинг ўзидир.

“Элбоши" қаерда?

Матбуот котиби Укибай, афтидан, икки етакчи ўртасида қандайдир муаммо мавжудлиги ҳақидаги овозаларга чек қўйишга тиришиб, “Элбоши бир қатор маслаҳат учрашувларини ўтказаётганини ва Тоқаев билан бевосита алоқада” эканлигини ҳам билдирди. Ва ОАВларни “ёлғон ва сохта маълумотларни” тарқатмасликка чақирди, энг асосийси Назарбоев Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини Тоқаевга ўз ихтиёри билан бўшатиб берганини урғулади.

Галдаги твитида Укибай “Назарбоев Қозоғистонга дўст мамлакатлар раҳбарлари билан бир неча бор телефон орқали мулоқот қилган”ини қўшимча қилди.

Аммо расмий хабарларда Назарбоевнинг қўшни мамлакатлар, хусусан Россия ёки Хитой етакчилари билан сўзлашгани тўғрисида лом-мим дейилмади. Ушбу давлатларнинг вакиллари ўз раҳбарларининг Тоқаев билан суҳбатлашгани маълум қилишди. Фақатгина Беларусь режими 5 январдаги хабарномасида Қозоғистоннинг собиқ президенти ростдан ҳам Лукашенко билан мулоқот қилганини билдирди.

Укибай яна “Twitter”да ёзишича, “Элбоши ушбу муаммоларни енгиб ўтиш ва мамлакатнинг ҳудудий бутлигини таъминлаш учун барчани Қозоғистон президенти атрофида жипслашишга чақирмоқда”.

Собиқ президент воизининг изоҳлари шуниси билан қизиқки, агар унга ишонилса, Назарбоев ҳали-ҳамон “миллат лидери” мақомини сақлаб турибди, Тоқаев билан алоқада бўлиб турибди ва унинг расмий маълумотларга кўра ўнлаб одамлар ўлимига, юзлаб кишиларнинг яраланишига, қарийб 6000 киши қўлга олинишига ва юзлаб миллион долларлик моддий зарар етишига олиб келган тартибсизликлардан сўнг мамлакат устидан назорат ўрнатиш мақсадида намойишларни куч билан бостиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

Қозоғистонда интернет давлат томонидан блокланиб, мобил алоқа ишида узилишлар бўлаётгани туфайли ушбу рақамларни текшириш имкони йўқ. Бироқ алоқа воситаларига қўйилган ялпи тўсиқлардан ошиб келаётган узуқ-юлуқ хабарлар талафотлар кўлами анча катталигидан далолат бермоқда.

Бутун инқироз даврида Назарбоевни биров на кўрди ва на эшитди, аммо бу “унинг аҳволи унча яхши эмас ёки уни сукут сақлашга мажбур этишяпти”, дегани ҳам эмас. Чунки сўнгги йилларда Назарбоев Қозоғистонда тартибсизликлар содир бўлган паллада саҳнадан ғойиб бўлиб қолишни одат қилди.

Бироқ унинг содиқларидан Масимовдек шахснинг ҳибслангани Назарбоев учун хайрли ишора эмаслиги шак-шубҳасиз. Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Масимовнинг Қозоғистон нуфузли кланлари билан яқин алоқалари йўқ, шу боис ҳам у Тоқаевга осон ўлжа бўлди.

Ибтидо

Ёқилғи нархи кескин ошганига туфайли Қозоғистон ғарбидаги нефтчилар шаҳри – Жанаўзенда Янги йил байрамидан кейин-оқ бошланган тинч норозилик қисқа фурсат ичида иқтисодий қийинчиликлар, сиёсий жараёнларда иштирок этиш имконияти йўқлиги ва ҳукуматнинг ушбу муаммолар қаршисидаги ҳаракатсизлигига қарши оммавий намойишлар тусини олди.

Тоқаев ёқиғи нархларини туширди, сўнгра ҳеч кутилмаганда шиддат билан ёйилиб, тобоар катта кучга айланаётган халқ норозилигини юмшатиш умидида ҳукуматни истеъфога чиқарди.

Бироқ 5 январда Қозоғистон президенти сўз оҳангини ўзгартирди: у намойишлар ортида “чет элда тайёргарликдан ўтган террорчилар” турганини иддао қилиб, бундан пировардида бутун мамлакатни қамраб олган махсус амалиёт ўтказишга буйруқ беришда ва Россия итоатидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотини (КХШТ) ёрдамга чақиришда баҳона ўлароқ фойдаланди.

Бунга қадар, Масимов ҳали МХҚга раҳбар экан, полиция ва хавфсизлик кучлари намойишлар зўрайиб, мамлакат бўйлаб ёйилишига ўзига хос бўлмаган тарзда пассив муносабатда эди.

Тоқаев 2019 йилда президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланганидан эътиборан Қозоғистонда норозиликнинг янги даври бошландики, бунақаси 1990-йиллардан буён кўрилмаганди. Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва хавфсизлик кучлари ҳам очиқ норозилик чиқишларини бостиришда маҳорат касб этди, чунончи, ҳали митинглар бошланмай юзлаб фаоллар ва ташаббускорларни тезда қўлга олиш орқали “норозиликни туғилмасидан бўғиш”нинг ҳадисини олди.

Сўнгги норозилик чиқишларида яққол лидерлар йўқ эди, норозилик ўз-ўзидан оловланди, бироқ намойишчилар шаҳарларда кўчаларни тўлдириб марш қилишаркан ва бош майдонларга тўпланишаркан, ҳукуматнинг сусткашлик қилиши ва авж олаётган тартибсизликларни бостириш учун жазо кучларини ишга солмагани кишини таажжубга солади. То Масимов истеъфога чиқарилгунча вазият шу алфозда сақланиб турди

“20 минг террорчи”

5 январь оқшомида Олмаоадаги минглаб намойишчилар орасида қуролли кимсалар бор эди. Улар кучишлатар ходимлар билан отишишди, ҳукумат биноларига ҳужум қилишди ва ўт қўйишди, савдо шохобчаларини талон-торож қилишди.

Бу зўравонликлар ортида кимлар тургани ҳамон аниқ эмас, аммо Қозоғистон расмий шахслари эрта-индин бу одамлар кимлиги ва уларни қандай куч бошқаргани борасида ўз версияларини очиқласалар керак, албатта.

Тоқаев биргина Олмаотага “20 000 террорчи” ҳужум қилганини айтди, 7 январга бориб бутун мамлакат бўйича “террорчилик таҳдиди”нинг эг юқори – “қизил даражаси” эълон қилинди.

Сўнгра президент хавфсизлик кучларига “огоҳлантиришсиз тикка ўт очиш”га фармойиш берганини маълум қилди.

Бу қадар катта миқдордаги “террорчилар” қандай қилиб ҳатто кичик мухолиф гуруҳларнинг майда ташаббусларини ҳам яшин тезлигида барбод қилишда юқори самарадорлигини бот-бот намойиш этган қудратли хавфсизлик хизматларига чап берган ҳолда мамлакатга кириб олганига ақл бовар қилмайди.

Тоқаев 7 январь куни “Twitter”даги аккаунтида террорчилар Олмаотага жами “олти марта ҳужум қилган”ини маълум қилди ва яна бир бор “айримлари қозоқ тилида гапирмаган” 20 минг “террорчи” “полициячиларни ва ёш аскарларни калтаклашгани ва уришгани... хусусий бинолар ва дўконларни ғорат қилишгани, тинч фуқароларни ўлдиришгани ва аёлларнинг номусига тажовуз қилишгани” ҳақида ёзди.

Аммо кейинроқ бу твитлар ўчирилди.

Кенг тарқалган назариялардан бирига кўра, қуролли ва мародёрлик билан шуғулланган кимсалар Назарбоев даврида гуллаб-яшнаган уюшган жиноий гуруҳлар аъзолари бўлиб, собиқ президент ва унга яқин одамларни ҳокимиятдан четлатишга қаратилган ҳар қандай уринишларга қарши туриш мақсадида кўчаларга ташланган бўлиши мумкин.

Мазкур фараз Назарбоевнинг укаси Бўлат ва жияни (Элбошининг марҳум укаси Сотиболдининг ўғли), МХҚ раисининг ўринбосари Самат Абишни қуролли тузилмалар мутасаддилари билан боғлайди.

Аввалига Абиш 5 январда ишдан бўшатилгани хабар қилинган эди, лекин 8 январь куни МХҚ матбуот хизмати ушбу маълумотни “ёлғон” деб атаб, Абиш ўз лавозимида қолаётганини билдирди. Унинг муҳтамалан лавозимга тикланиши “Назарбоев ҳокимиятини сақлаб қолибди” деган мазмундаги миш-мишлар урчишига сабаб бўлди.

Нега айнан ҳозир?

Миш-мишларга режим ичидаги низолар сабаблари ҳам мавзу бўлаётир. Кўпчиликнинг тахминича, намойишлар ҳокимиятни эгаллаб олиш мақсадида қўлланган.

1990-йилларда Қозоғистон бош вазири бўлган ва ҳозирда чт эда яшаётган Акежан Кажегелдин фикрига кўра, кучишлатар тузилмалар тарафидан Тоқаевга қарши “фитна” уюштирилган – Тоқаев ўз хавфсизлик кучларига ишонмай, КХШТдан ёрдам сўраганини шу билан изоҳлаш мумкин.

Кажегелдин “маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар жорий этилган комендантлик соатига риоя қилинишини нега таъминлай олмади?” дея савол қўяди ва “Олмаотадаги МХҚ биноси ғорат қилиниб, қуроллар нотайин кимсалар қўлиа тушган”идан ҳайратда эканини айтади.

Кўпчилик Тоқаев ва Нзарбоевнинг 27 декабрь кун Москвага ташрифи видеотасвирини ҳам муҳокама қилмоқда – унда собиқ президент анчагина беҳол кўринади. Ва айримлар шунга таяниб, “Назарбоевнинг ўлими яқин бўлса керак, унинг тарафдорлари тартибсизликлар баҳонасида Тоқаевни ағдаришга ҳаракат қилган”, деган тахминни илгари суришмоқда.

Яна баъзилар бу Тоқаев ва одамларининг иши эканлигини, улар шу йўл билан Назарбоев ўлими олдидан амалдаги президент ҳокимиятини мустаҳкамлашни кўзлаганини уқтиришади.

Айримлар Россиянинг КХШТ тинчликпарвар кучлари отрядини Қозоғистонга йўллаш қарори жуда тезлик билан қабул қилинганини Кремль Тоқаевни дастаклаётгани белгиси сифатида талқин қилишмоқда.

Шунингдек, гўё Назарбоев билан Тоқаев, қатор нуфузли шахслардан қутулиш мақсадида биргаликда ҳаракат қилаётгани ҳақидаги назария ҳам бор.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Димаш Алжанов, агар Назарбоев ва ёки унинг оиласи Қозоғистондан кетса ёки аллақачон кетган бўлса, бу фақат Тоқаевнинг изни билан бўлиши мумкинлигини урғулади.

Шубҳасиз, воқеалар ривожига қараб яқин кунларда эълон қилинажак янги маълумотлар бизнинг айрим хулосаларимизни тўлдиради ёки инкор этади. Ва, эҳтимол, парда ортидаги ўйинлар сценарийлари янада кўпаяди.

Аммо хавфсизлик кучлари Тоқаевнинг “чет элда етиштирилган террорчилар”ини қувиб юраркан, Нур-Султондаги муҳташам ҳукумат биноларининг олиймақом кабинетларида мамлакатнинг яқин ойлардаги, эҳтимолки, йиллардаги келажагини ҳал қилувчи жангу жадал кечаётганини таъкидлаш адолатдан бўлади.

XS
SM
MD
LG