Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:31

Қозоғистондаги бўҳрон Хитой ва Россияни бир-бирига яқинлаштирди


Сўнгги йилларда Хитой ва Россия ўртасидаги сиёсий ҳамкорлик чуқурлашар экан, икки давлатнинг Марказий Осиёдаги баъзан бир-бирига зид бўлган манфаатлари иккиси ўртасидаги алоқаларни издан чиқариши мумкин бўлган омил сифатида кўрилди.

Москва минтақадаги асосий ҳарбий куч сифатида кўрилади, аммо кейинги йилларда Пекин норасмий постлар ва қўшма ҳарбий машғулотлар орқали Марказий Осиё хавфсизлигига аралаша бошлади. Қолаверса, Пекин ўзининг миллиардлаб доллар қийматга эга “Бир макон, бир йўл” ташаббуси орқали минтақада ўз таъсирини кучайтирди. Бу ҳолат Хитой ва Россия ўртасида зиддият ва рақобат келтириб чиқариши мумкинлиги айтилди.

Аммо таҳлилчилар фикрича, Хитой ва Россия қўшни Қозоғистондаги зўравон тартибсизликларни бартараф этиш бўйича олиб борган сиёсати икки давлатни янада яқинлаштирди. Шунингдек, Қозоғистондаги бўҳрон Москва ва Пекин йирик кўламли инқироз пайтида бир-бири билан маслаҳатлашиб иш тутишга тайёрлигини кўрсатди.

Варшавадаги Шарқ тадқиқотлари маркази катта илмий ходими Якуб Якобовский Озодлик билан суҳбатда:

“Қозоғистондаги инқироз Марказий Осиёда Хитой ва Россия ўртасидаги муносабатлар жуда барқарор эканлигини тасдиқлади”, дейди.

“Икки мамлакат учун жуда кўп қийинчилик ва потенциал муаммолар бор. Иккиси [ҳамкорлик қилишда давом этгани] Пекин ва Москва ўртасидаги алоқалар қанчалик мустаҳкам бўлиб бораётганини кўрсатади”, дейди у.

Қозоғистонда 2 январь куни газ нархи кескин оширилгани ортидан норозилик намойишлари бошланди. Кейинчалик намойишчилар сиёсий талабларни ҳам илгари сурдилар. Зўравонлик ҳам кўчаларга тарқалди ва тартибсизликлар турли инқирозларга айланди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатнинг “ҳудудий яхлитлигига таҳдид” важидан Россия етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти – КХШТдан ёрдам сўради.

Намойишлар бутун мамлакат бўйлаб тарқалаётган бир пайтда Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ва унинг вориси Тоқаев тарафдорлари ўртасида тўқнашув юзага келгани айтилмоқда.

Назарбоевлар оиласи юқори лавозимлардан четлатилиб, кўп нарсалардан маҳрум қилинаётгани Тоқаев ва унинг тарафдорлари қўли баланд келганини кўрсатса ҳам, ҳукумат таркибида ким қайси томонда эканлиги ҳақида ҳали ҳам аниқ гап айтиш қийин.

Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, мисли кўрилмаган январь воқеалари ва уларнинг оқибатлари Қозоғистон учун кенг кўламли оқибатларга олиб келади ҳамда Пекин ва Москва муносабатларини ўзгартириши мумкин.

Кремль мамлакатга қўшин юбориб ҳамда мушкул аҳволга тушиб қолган Тоқаевни дастаклаб, ўзининг стратегик томорқаси деб ҳисоблайдиган минтақада хавфсизликни таъминловчи етакчи мамлакат эканлигини кўрсатди. Шу билан бирга, Россиянинг шусиз ҳам катта бўлган сиёсий таъсирини кучайтирди.

Қозоғистондаги элиталар ўртасидаги кураш Хитойнинг мамлакатдаги таъсирини озайтириши мумкин, чунки Пекин билан мустаҳкам алоқа ўрнатган Назарбоев ва унинг Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажариб келган жияни Самат Абиш ҳокимиятдан четлатилди.

Бундай ўзгаришлар ва потенциал зиддият нуқталарига қарамай, Пекин ва Москва Қозоғистондаги инқироздан фойдаланиб, бир-бирини қўллаб-қувватлади.

“Уларни Марказий Осиёда барқарорликни таъминлаш умумий мақсади бирлаштиради”, деди Якобовский.

“Хитой Россия ўрнини эгалламоқчи эмас. Пекин глобал миқёсда Марказий Осиёдаги эксклюзив ўйинчи бўлишдан кўра муҳимроқ муаммолар бор, деб ҳисоблайди ва Москванинг амбицияларига ҳурмати бор”.

Хитой бугунга қадар Қозоғистонда ўнлаб миллиард доллар сармоя ётқизган. Бироқ Қозоғистонда январь ойи бошида тартибсизликлар бошланар экан, Пекин сукут сақлади.

Расмий равишда “тинчликпарварлик миссияси” деб номланган КХШТ миссияси эълон қилганидан кейингина Пекин дипломатик йўлини ўзгартирди ва Тоқаевни тўлиқ қўллаб-қувватлади. Хусусан, Хитой президенти Си Цзиньпин Хитой Қозоғистондаги “рангли инқилобга” барҳам беришга қаратилган саъй-ҳаракатларни дастаклашини изҳор қилди.

Шундан сўнг Хитой ҳукумати ҳам, тобора миллатчи бўлиб бораётган давлат матбуоти ҳам Россия бошчилигидаги КХШТ миссиясини қўллаб-қувватлашга ваъда берди ҳамда Марказий Осиё ва бутун дунёда Москва билан Пекин сиёсатини янада мувофиқлаштиришга чорлади.

10 январь куни Хитой ташқи ишлар вазири Ван И россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан телефон орқали суҳбатлашиб, Хитой Қозоғистондаги КХШТ миссияси “барқарорликни тиклашда ижобий роль ўйнади”, деб ҳисоблашини айтди.

Пекин, шунингдек, Тоқаевнинг тартибсизликлар ортида номаълум халқаро террорчилар, жумладан, исломий жангарилар тургани ва улар давлат тўнтаришини амалга оширишга урингани ҳақидаги расмий баёнотини такрорлади ва бундан нари минтақада терроризмга қарши курашда ҳамкорликни кучайтиришга чорлади.

Хитой бошчилигидаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Қозоғистондаги зўравонликлар “уч бало” – терроризм, сепаратизм ва диний экстремизмга қарши кураш йўлида кўпроқ иш қилиниши кераклигидан далолат беришини айтди. Айни дамда, ташкилот ўзининг минтақадаги иштирокини оширишни таклиф қилди.

Хитойнинг Қозоғистондаги элчиси Чжан Сяо ҳам шунга ўхшаш фикрларни изҳор қилди. Расмий 12 январь куни “Global Times” давлат газетасига берган интервьюсида Хитой исломий экстримизм ёки Ғарбнинг “рангли инқилоб” келтириб чиқариш фитналари каби “ташқи аралашувга” қарши туриш мақсадида Қозоғистон ва унинг қўшнилари билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтиришни режалаштираётганини айтди.

Қозоғистон сабоқлари: Мирзиёев чексиз муддатга ҳокимиятда қолишдан воз кечиши керак!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:44 0:00

Пекиннинг Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари билан алоқаларини ўрганиб келаётган Фростберг давлат университети доценти Хайюнь Ма Озодлик билан суҳбатда:

“Хитой бундай давомли риторикани жуда хуш кўради”, деди.

“Бу қараш Хитой ва Россиянинг ташқи таҳдидлар ҳақида огоҳлантириш эҳтиёжларига мос тушади хамда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш ва Ғарбни қоралаш учун ажойиб имконият яратади”.

Ма Хитой Қозоғистондаги воқеаларга тезда мослашиб, минтақада ўзини Россияга яқинлаштиришга ҳаракат қилган бўлса-да, Марказий Осиёдаги тартибсизликлар Пекинни “асабийлаштиргани” ва Қозоғистондаги янги вазият ҳамон Хитой учун бошоғриқ экани ҳақида огоҳлантиради.

КХШТ ўз тарихида биринчи марта аъзо давлат ҳудудига кириб борди. Ташкилотнинг аҳамияти ошар экан, Хитой афзал кўрадиган ШҲТ таъсири озайиб бориши мумкин.

Москва Тоқаевни дастаклагани учун келажакда Нур-Султон Кремлга янада дўстона муносабатда бўлишини кутиш мумкин. Ма қозоқ элитаси ичида узоқ вақтдан бери Хитой манфаатларини илгари суриб келган Масимов ҳибсга олингани Хитойнинг мамлакатдаги баъзи таъсир тармоқларини издан чиқариши мумкинлигини қўшимча қилди.

Бунга қарамай, Ма бу ҳолат Россия – Хитой муносабатларига путур етказиши даргумон экани ва Қозоғистон масаласида Пекин ва Москва “тўлиқ ҳамкорлик қилмаяпти, лекин рақобат қилаётгани ҳам йўқ” эканини таъкидлади.

Лондондаги “Prism Political Risk” Management ташкилотининг таҳлил бўлими раҳбари Бен Годвиннинг айтишича, Хитой ва Россиянинг Қозоғистондаги инқироз бўйича позицияси Кремлнинг Пекинга ва умуман Россия ташқи сиёсатига нисбатан қарашлари ўзгараётганини акс эттиради.

Годвин Озодлик билан суҳбатда Россиянинг 2008 йилда Грузияга бостириб киргани ва 2014 йилда Украинанинг Қримни аннексия қилиб олганини назарда тутиб, “Россия ўз томорқасида бошқа кучларнинг иштирокини 10 ёки ундан кўпроқ йил аввалгидек йиғиндиси ноль бўлган ўйин деб ҳисобламайди”, деди.

XS
SM
MD
LG