Ўзбекистон ИИВ аҳолини саросимага тушмаслик ва орган ходимлари талабларига бўйсунишга чақирди
"Кўча ва йўлларда ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажаришингизни, йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя қилишингизни, махсус траспорт воситаларига йўл беришингизни, имкон тариқасида автотраспорт воситаларидан фойдаланмаслигингизни сўраймиз", деб мурожаат қилди ИИВ.
Тошкент шаҳридаги туғуруқхона ва Covid-марказлари қўшимча электр таъминотига ўтказилди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тошкент шаҳрида жойлашган тиббиёт муассасалари, хусусан, туғуруқхоналар, Covid-марказлар, тез тиббий ёрдам марказлари қўшимча электр таъминотига ўтказилганини маълум қилди.
Аэропортлар иши қисман тикланди. Тошкент аэропорти фақат учиб келаётган учоқларни қабул қилиб олмоқда
Uzbekistan Airports Телеграм каналининг хабар қилишича, вилоятларидаги аэропортлар парвозларни қабул қилиш ва учиришни бошлаган.
Электр энергияси узилиши билан аэропортларда ҳам иш тўхтаб қолган эди.
"Электр тармоғидаги узилишлар туфайли Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари, жумладан Наманган, Андижон, Фарғона, Термиз, Қарши, Урганч, Бухоро, Нукус ва Самарқанддаги аэропортлар фаолияти вақтинча тўхтатилди. Ҳозирги вақтда фақат Навоий аэропортида электр энергияси мавжуд", деб хабар қилганди ҳаво йўллари ширкати.
Энергетик коллапс сабаблари борасида Ўзбекистон ва Қозоғистон расмий версияси бир-бирига зид бўлди
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, электр энергияси тизимининг ишдан чиқишига Қозоғистон ҳудудидаги авария сабаб бўлди, деб баёнот берди.
Аммо, Қозоғистон Энергетика вазирлиги техноген аварияга, Ўзбекистон ва Қирғизистон тизимидаги носозлик сабаб бўлган, деб билдирди.
Ҳозирча ҳар икки давлат вазирликлари бирданига 3 давлатда аҳоли ҳаёти ва инфраструктурани музлатиб қўйган ҳодисанинг асл сабаби ҳақида аниқ маълумот бергани йўқ.