Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:44
Қирғиз-тожик чегарасидаги Тўрткўча ҳудуди
Қирғиз-тожик чегарасидаги Тўрткўча ҳудуди

Қирғиз-тожик чегараси: Қуролли тўқнашув ортидан томонлар ўт очишни тўхтатишга келишди

  • 27 январь оқшомида қирғиз-тожик чегарасида икки давлат чегарачилари ўртасида отишма юз берди.
  • Чегарадаги отишма маҳаллий вақт билан соат 19:30 да (Тошкент вақти билан соат 18:30) бошланди.
  • Гувоҳларнинг билдиришича, отишма тонгги соат 4 гача давом этган, Сабаблар ҳақидаги баёнотлар зиддиятли.
  • Расмий баёнотларга кўра, чегарадаги Тўрткўча ҳудудида икки давлат фуқаролари ўртасида низо келиб чиққан.
  • Тожик томони, биринчи бўлиб қирғиз чегарачилари ўқ узгани, қирғиз томони эса, тожик чегарачилари ўқ узганини даъво қилди.
  • Тожикистон расмийлари ҳодисада 2 тожикистонлик ўлган, 10 нафари жароҳатланган, деб баёнот берди.
  • Қирғизистон расмийлари эса 11 ҳарбий жароҳатланганини билдирди.
  • Қирғизистон томони, отишма бўлган ҳудуддан 24 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинганини билдирди.
  • 28 январь, маҳаллий вақт билан тонгги соат 4 ларда томонлар отишмани тўхтатишга келишгани хабар қилинди.
  • Қирғизистон расмийлари инцидент юзасидан жиноят иши қўзғатилгани, томонлар сабаблар бўйича сўзлашувни давом эттираётганини билдирди.

Тожикистон Чегара қўшинлари чегарадаги можарода икки киши нобуд бўлганини билдирди

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида содир бўлган можаро натижасида икки тожикистонлик нобуд бўлган. Тожикистон МХДҚ Чегара қўшинлари маълумотига кўра, отишма туфайли Хўжаи Аъло қишлоғи турғуни Обиджон Тўйчиев ҳамда Исфара шаҳри тез тиббий ёрдам хизмати ҳайдовчиси Абдулатиф Шариповлар қурбон бўлган.

Шунингдек, 10 киши турли даражада жароҳатланган бўлиб, улардан 6 нафари – ҳарбий хизматчилар ва 4 нафари тинч аҳоли вакилларидир.

“Айни пайтда чегарада вазият барқарор, иккала томон можаро сабаблари ва омилларини ўрганмоқда”, дея қайд этган Тожикистон чегараларни қўриқлаш идораси.

МХДҚ қирғиз-тожик чегарасида вазият барқарорлашганини иддао қилмоқда

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси қошидаги Чегара хизмати 28 январь тонгги соат 08:00 ҳолатига қирғиз-тожик чегарасидаги вазият “барқарор” эканини билдирди.

“Самарқандек, Тўрткўча, Кўктош, Даҳма, Кўчабўйи ва “Головной” ҳудудларида вазият барқарор. Тун тинч ўтди”, дейилган Чегара хизмати хабарномасида.

27 январь оқшомида қирғиз-тожик чегарасида икки мамлакат фуқаролари ўртасида қуролли тўқнашув юз берган, бунинг натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, Тожикистон томонидан 1 киши ҳалок бўлиб, 17 киши яраланган, Қирғизистон томонидан эса 11 киши тан жароҳати олган. Ҳодиса бўйича ҳар икки тараф бир-бирини айбламоқда.

Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари отишмани тўхтатиш бўйича келишувга эришди

Қирғизистон Чегара хизматининг маълум қилишича, Қирғизистоннинг Боткен ва Тожикистоннинг Сўғд вилоятлари расмийлари, 28 январ, маҳаллий вақт билан тонгги соат 4 га қадар давом этган музокарада қуйидаги келишувга эришган:

  • отишмани тўлиқ тўхтатиб, чегарага тортилган қўшимча ҳарбий ва техникани тўлиқ ортга қайтариш,
  • Боткен–Исфана автойўлини тўлиқ очиш,
  • чегараолди ҳудудида биргаликда назорат уюштириш.

Баёнотда айтилишича, икки давлат расмийларидан иборат делегация тунда отишма чиққан Тўрткўчага боришган.

Ҳозирда бу ерда Боткен-Исфара йўли очилгани, автоуловлар қатнай бошлагани айтилди.

Қирғизистон хавфсизлик хизмати инцидентни "провокация" деб атади

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг баёнотига кўра, "кейинги пайтларда қирғиз томони давлат чегарасида провокациялар сони ортаётганини қайд этмоқда, шунга қарамай Тожикистон ҳукумати вазиятни барқарорлаштириш учун ҳеч қандай чора кўрмаётир".

"2022 йил, 27 январ куни Тожикистон фуқаролари томонидан Боткен-Исфара автомобиль йўлининг Боткен вилоятидаги Тўрткўча ҳудудидан ўтувчи қисми тўсиб қўйилгани бунинг мисолидир", дейилади Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси баёнотида.

Унда таъкидланишича, икки томон чегара расмийларининг дастлабки музокаралари билан йўл очилган, аммо кейин "биринчи бўлиб тожик чегарачилари Қирғизистон ҳарбийларига қарата ўт очган".

"Қирғизистон республикаси Чегара хизмати бу инцидентни провокация, деб ҳисоблайди ва бунинг учун масъулият тўлиқ Тожикистон республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара қўшинлари зиммасидадир", деб таъкидланди Қирғизистон Чегара қўшинлари расмий баёнотида.

Айни пайтда, Тожикистон чегара қўшинлари, қирғиз чегарачилари биринчи бўлиб ўт очганини айтиб, қуролли тўқнашув учун масъулиятни Қирғизистон томонига юкламоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG