КХШТ Бош котиби Станислав Зась ўт очишни тўхтатишга чақирди
МДҲнинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг билдиришича, чегарадаги отишмада яраланганлар бор.
КХШТ Бош котиби Станислав Зась Тожикистон ва Қирғизистонни чегарада ўт очишни тўхтатишга чақирди. Ташкилот матбуот хизмати тарқатган баёнотда айтилишича, КХШТ Тожикистон ва Қирғизистонга зиддиятни тинч йўл билан ҳал қилишда кўмак беришга тайёр.
Тожикистон ва Қирғизистон МДҲнинг КХШТ аъзолари саналади.
Аввалроқ Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакили ўринбосари Маъруфхон Тулаев зиддият ҳудудидан аҳолини эвакуация қилиш бошланганини билдирган.
Унга кўра, биринчи навбатда отишма ҳудудидаги қишлоқлардан қариялар, аёллар ва болалар эвакуация қилинмоқда.
Тожикистондаги Сомониён қишлоғи отишмалар маркази бўлиб қолаётир
Озодлик радиоси тожик хизматининг билдиришича, Чоркуҳ қишлоқ жамоатига қарашли Сомониён қишлоғи отишмалар маркази бўлиб қолаётир.
Шамодов Тўрткўча ҳудудини қирғиз фуқаролари тўсиб қўйганини ва шу муносабат билан маҳаллий ҳокимият шошилинч йиғилиш ўтказаётганини билдирган.
970 километрга чўзилувчи қирғиз-тожик чегарасининг қарийб 450 километри ҳали ҳам белгиланмаган.
Ўтган йил апрелида икки давлат чегарасида юз берган қуролли тўқнашувда ўнлаб ҳарбий ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.
Зиддият ҳар икки томондан вайроналарга сабаб бўлган эди.
Қирғизистон Чегара хизмати чегарада вазият кескинлашганини билдирди
Қирғизистон Чегара хизмати 27 январь куни маҳаллий вақт билан соат 20:30 да қирғиз-тожик чегарасидаги вазият кескинлашгани тўғрисида хабар берди.
Аввалроқ Чегара хизмати икки давлат ўртасидаги Тўрткўча ҳудудида Тошкент вақти билан соат 18:30 да отишма бошланганини билдирган эди.
Дастлабки маълумотларга қараганда, Тўрткўча ҳудудидан ўтувчи Боткен-Исфана автойўлини Тожикистон фуқаролари тўсиб қўйган. Икки давлат чегарачиларининг музокаралари натижасида 19:30 да йўл очилган.
Аммо соат 19:35 да Тожикистон томонидан Қирғизистонга қарата ўқ отила бошланган. Айни пайтда Тўрткўчадан ташқари Чирдўбў қишлоғида ҳам отишма бошлангани, Тожикистон томони миномёт ва гранатомётлардан ўқ отаётгани хабар қилинди.
Тожикистоннинг Исфара шаҳри ҳокимлиги матбуот котиби Зубайдулло Шамодов Озодлик радиоси тожик хизматига Қирғизистон билан чегарада отишма бўлаётганини расман тасдиқлади. Унга кўра, отишма икки давлат чегарачилари ўртасида бўлмоқда.
27 январь оқшомида қирғиз-тожик чегарасида икки давлат чегарачилари ўртасида отишма юз берди
Гувоҳларнинг билдиришича, отишма ҳануз давом этмоқда.
Икки давлат ўртасидаги отишма маҳаллий вақт билан соат 19:30 (Тошкент вақти билан соат 18:30) да бошланган. Қирғизистон Чегара хизмати 27 январь соат 20:30 да Қирғиз-Тожик чегарасидаги вазият кескинлашгани тўғрисида хабар берди.
Озодлик тожик хизмати манбалари камида бир кишининг ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган.