Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:49

Хуфия музокаралар: Толибон Тошкентга "шарт қўйгани"ни рад этмоқда


Ўзбекистоннинг Кобулдаги элчиси Ёдгорхўжа Шодмонов Толибон Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий билан.
Ўзбекистоннинг Кобулдаги элчиси Ёдгорхўжа Шодмонов Толибон Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий билан.

Толибон ҳукумати Ўзбекистон илгари сураётган трансафғон лойиҳаларини ўзининг расман тан олиниши билан боғлаётганини рад этди.

Толибон сўзчиси Забиҳулло Мужоҳид Озодликка берган баёнотида Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқотлар бораётганини тасдиқлади, аммо расмий Тошкентга ўзларини тан олишни сўраб махсус мурожаат қилмаганликларини айтди.

Аввалроқ мустақил Eltuz нашри толибларнинг Ўзбекистон ҳукуматидан кутишлари баён қилинган "махфий" ҳужжатни чоп этган эди. Унда толиблар Кобулда эълон қилган Афғонистон Ислом амирлигини расман тан олиш ва Толибонга иқтисодий ҳамда техник кўмак кўрсатиш ҳақида сўз боради.

Озодлик манбалари ушбу ҳужжатнинг мавжудлигини тасдиқламоқда.

"Махфий"

Рақами 5275с-деб белгиланган, “махфий” тамғаси босилган ҳужжатни Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов 2021 йилнинг 10 декабрида имзолаган.

Мустақил Eltuz.com наширга сиздирилган ҳужжатдан нусха
Мустақил Eltuz.com наширга сиздирилган ҳужжатдан нусха

Мустақил Элтуз нашри 29 январь куни эълон қилган ҳужжатда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов, Шавкат Мирзиёев топшириғи билан, толибларнинг мурожаатлари ҳамда Ўзбекистон ҳукуматининг бу мурожаатларни бажара олиш имкониятидан келиб чиқиб, режа ҳозирлаган.

Расман тасдиқланмаган, аммо Озодликнинг ҳукуматдаги манбаси ҳақиқийлигини тасдиқлаган ҳужжатда толиблар томонининг Ўзбекистонга мурожаатлари асосида, 31 банддан иборат вазифалар рўйхати тузилгани айтилади.

Булар жумладан қўйидагилар:

  • Толибон Кобулда эълон қилган Ислом амирлигини расман тан олиш;
  • Афғонистонга арзон нархда электр энергияси сотиш ва йиғилган қарзни енгиллаштириб, босқичма-босқич узиш имконини бериш;
  • Афғонистондан Ўзбекистонга кирадиган товарлар учун импорт божини бекор қилиш;
  • Транзит юклар учун божни камайтириш;
  • “Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар” темир йўлини тезроқ қуриб битказиш;
  • Афғонистондан Ўзбекистонга кирадиган автомобилларга солинадиган 400 долларлик божни умуман олиб ташлаш;
  • Толибон хавфсизлик кучларига униформа, спорт кийими ва техник ёрдам бериш.
Мустақил Eltuz.com наширга сиздирилган ҳужжатдан нусха
Мустақил Eltuz.com наширга сиздирилган ҳужжатдан нусха

Озодликнинг ҳукуматдаги манбаси иддаосича, Виктор Маҳмудов киритган “режани ўша заҳотиёқ президент Мирзиёев қабул қилган”.

Манбага кўра, Инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов имзолаган мактуб ҳужжатнинг қабул қилингани ва ижрога юборилганининг исботидир.

Бу мактуб ҳам Eltuz нашрига сиздирилди. Озодлик манбасига кўра, у жамоатчиликка ошкор бўлгач, "вазир Умурзоқов жиддий танбеҳ эшитган”.

Ҳозирча бу мактуб ҳамда махфий топшириқлар рўйхати ҳақида Озодлик саволларига расмийлардан жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Толибон баёноти

Аммо Толибон матбуот котиби Забиҳулло Мужоҳид Озодлик сўровига жавобан Ўзбекистон ҳукумати билан темир йўл, электр энергияси таъминоти борасида сўзлашувлар бораётганини тасдиқлади.

Айни пайтда Толибон вакили Тошкентга расман тан олиш ҳақида махсус сўров юбормаганини таъкидлади.

Мужоҳид ўз банотида ҳозир Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорликнинг ташаббускори кўпроқ Тошкент эканига урғу берди:

“Уларнинг ўзлари Ўзбекистон-Тўрҳам йўналишида темир йўлни қурмоқда ҳамда ҳамкорлик ва сармоя ваъдаларини беришмоқда. Бизни тан олишларини биз бутун дунёдан сўраганмиз. Таъкидлаб айтаманки, алоҳида давлатдан махсус сўралмаган. Албатта, тан олинишимизда ёрдам беришларини истаймиз. Бироқ яқин орада бирор давлат ва шу жумладан, Ўзбекистондан буни сўраганимиз йўқ”.

Толибон билан бизнес: Халқ қўрқуви ва ҳукумат манфаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:20 0:00

“Кобул йўлаги”

Матбуотга сиздирилган ва расмий Тошкент изоҳламаётган ҳужжат ҳамда Толибон матбуот котиби берган баёнот мазмуни томонлар ўртасидаги бораётган мулоқот руҳига тўғри келади.

Ўзбекистон 2021 йилнинг августида Кобул Толибон назоратига ўтганидан бери улар билан “дўстона қўшничилик” алоқалари ўрнатиш ниятини бот-бот такрорлаб келади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳануз кўпгина мамлакатларнинг террорчи ташкилотлар рўйхатида қолаётган Толибон билан бундай қўшничилик учун уларнинг "Ўзбекистон томонига ўқ отмаслиги” кифоя эканини билдирган.

Денгизга чиқиш йўли бўлмаган Ўзбекистон толиблар билан ҳамкорликдан асл мақсади - Афғонистон орқали Покистон ва Ҳиндистон бандаргоҳлари, шунингдек, Форс кўрфазига чиқиш режасини амалга ошириш эканини яширмаяпти.

Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридан бошланиб, Афғонистоннинг Мозори Шариф, Кобул шаҳарлари орқали Покистоннинг Пешовар шаҳрига туташадиган янги темир йўл - “Кобул йўлаги” очилса, йилига 20 миллион тонна юк ташиш мумкин бўлган арзон логистика тармоғи пайдо бўлиши кутилмоқда.

Мирзиёев ҳукумати ва Толибон мулоқоти. Ўзбекистон эртаси таҳликадами?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:18 0:00

Ўзгармаган режалар

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил апрелида “Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар” йўлининг аҳамияти ҳақида гапира туриб, ҳалигача Ўзбекистон маҳсулотларини Россия ва Қозоғистон орқали экспорт қилишга тўғри келаётганидан нолиган эди.

Унинг ишонтиришича, Афғонистон орқали темир очилса, Ўзбекистон ўзининг экспорт бозорларини диверсификация қилиши, қўшни давлатлар эса ўзбек маҳсулотларига транзит тарифларини пасайтиришини мумкин.

Ўтган йили февраль ойида Тошкентда ўтган Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон музокараларида темир йўлни қуриш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинган, қурилишни 2021 йил сентябрида бошлаш режаланганди.

Аммо августда Кобулни босиб олган толибларнинг ҳокимиятга келиши билан вазият тамоман ўзгарган бўлса-да, расмий Тошкентнинг Афғонистон билан боғлиқ режалари ўзгармади.

XS
SM
MD
LG