Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:47

Президент Байден: Путин Украинага уруш очишга тайёр


Байденнинг сўзларига кўра, Россия Украина пойтахти Киевга ҳам ҳужум қилиши мумкин.
Байденнинг сўзларига кўра, Россия Украина пойтахти Киевга ҳам ҳужум қилиши мумкин.

АҚШ Президенти Жо Байден Россия Президенти Владимир Путин Украинага қарши тўлақонли уруш бошлаш тўғрисида қарор қабул қилиб бўлган, деб ишонишини маълум қилди.

19 февраль кунги баёнотида Америка раҳбари тафсилотларни очиқламади, фақат "Қўшма Штатларда кучли разведка хизматлари" борлигини таъкидлаш билан чекланди.

Байденнинг сўзларига кўра, Россиянинг босқини жараёнида Украина пойтахти Киевга ҳам ҳужум қилиниши мумкин. Гап қуруқликдан амалиёт ҳақидами ёки ҳаво зарбалари ҳакида кетмоқдами, Байден бунга аниқлик киритгани йўқ.

АҚШ Президентининг сўзларига кўра, Россия Украина чегарасида "150 минг қўшин" тўплаган, жумладан Беларус чегараси томондан. Байден бу сафар Россия эҳтимолий ҳужумининг аниқ санасини тилга олгани йўқ, унинг айтишича, ҳужум келаётган кунларда ёки келаси ҳафта юз бериши мумкин.

Путиннинг қароридан аминлигига қарамасдан, АҚШ Президенти Қўшма Штатлар ҳали ҳам зиддиятни дипломатик йўл билан ечиш мумкинлигига ишонишини билдирди. Жумладан, у АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашишини кутмоқда. Байденнинг сўзларига кўра, учрашув 24 февраль кунига белгиланган.

  • Ғарб разведкаси ва бошқа манбалар Россия Украина яқинидаги ҳарбий гуруҳларини кучайтираётгани ҳақида бир неча ойдан бери огоҳлантириб келади. Ғарб мамлакатларига кўра, Кремль қўшни давлатга бостириб киришга ҳозирлик кўрмоқда.
  • Москва эса ўз ҳудудида ҳарбий машқлар ўтказаётганини иддао қилиб, Украинага қарши агрессияга доир ҳар қандай айбловларни рад этяпти. Россия ТИВ бу айбловларни “жазава” деб атаган.
  • 15 февраль куни Россия Мудофаа вазирлиги Ғарбий ва Жанубий ҳарбий округларга қарашли бўлинмалар Украина яқинида ўтказилган машқлардан доимий дислокация жойларига қайта бошлаганини эълон қилди.
  • НАТО давлатлари ва Украина Россия қўшинларининг чегарадан узоқлашгани ҳозирча сезилмаганини айтмоқда.

17 февраль куни Украина шарқидаги жабҳа чизиғи бўйлаб, 25 дан ортиқ аҳоли пунктларида отишмалар юз берди. Ўлганлар ҳақида маълумот йўқ, бироқ жароҳатланганлар бор. Украина ва россияпараст бўлгинчилар бир-бирларини ўт очишни тўхтатиш режимини бузганликда айблашмоқда. Ҳар икки томон жавоб тариқасида ўт очишга мажбур бўлганини айтмоқда.

Бўлгинчилар эвакуация ҳақидаги видеомурожаатни икки кун олдин ёзиб қўйишган

Донецк ва Луганскдаги россияпараст бўлгинчилар раҳбарлари аҳолининг Россияга кўчирилиши эълон қилинган видеомурожаатни эвакуация бошланишидан икки кун олдин ёзган. Мурожаатлардан бирида эса эвакуация бошланадиган кун 18 февраль, деб аниқ айтилган. Видеомурожаатлар файлларига оид метамаълумотларни текширган Озодлик рус хизмати бунга ишонч ҳосил қилди.

Вазият кескинлашгани муносабати билан аҳоли эвакуация қилиниши 18 февралда эълон қилинди. Мазкур сана донецклик бўлгинчилар лидери Денис Пушилин мурожаатида “бугун” деб айтилади. Аммо иккала ролик – Пушилин ва “ЛНР” раҳбари Леонид Пасечникнинг мурожаатлари 16 февралдаёқ ёзиб қўйилган бўлиб чиқди.

Пушилин ўз чиқишида Россия ҳукумати қочқинларни қабул қилишга тайёрлигини айтган эди. Бироқ у эълон қилинган жума куни Россия расмийлари вазиятга дарҳол изоҳ бермай, ўзларини гўё эвакуациядан бехабардек тутишди. Кейинроқ Ростов вилояти маъмурияти қочқинлар учун лагерлар ҳозирланаётганини маълум қилди, Россия президенти Владимир Путин эса ҳар бир қочқинга 10 минг рублдан пул тарқатишга буйруқ берди.

Россияга айнан қанча одам эвакуация қилиниши аниқ эмас. Пушилин Россия давлат телеканалига берган интервьюсида гап “юз минглаб” қочқин ҳақида бораётган бўлиши мумкинлигини айтди. Унинг итоатидаги оператив хизматларга кўра, жами 700 минг аҳолини кўчириш режаланмоқда.

Аммо бўлгинчилар республикалар, ҳатто Россиянинг Ростов вилояти хизматлари ёрдамлашган тақдирда ҳам бунақа катта кўламдаги амалиётни бажариши амри маҳол.

Путин Украинанинг бўлгинчи ҳудудларидан келган қочқинларга 10 минг рублдан пул беришни буюрди

Россия президенти Владимир Путин Ростов вилоятига Украинанинг россияпараст бўлгинчилар назорат қилаётган шарқий ҳудудларидан келган ҳар бир қочқинга 10 минг рублдан пул беришни буюрди. Фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини бажарувчи қочқинларни жойлаштиришга бош-қош бўлиши учун Ростов вилоятига йўлланди.

Аввалроқ Донецк ва Луганск бўлгинчи республикалар раҳбарлари аҳоли Россияга эвакуация қилинишини эълон қилган эди. Иддао қилинишича, Украина армияси ҳужумга ҳозирланаётгани сабабли шунга қарор берилган. Бироқ Киев ҳужумга тайёрланаётганини инкор этмоқда.

Россияга кўчириладиган аҳолининг аниқ сони очиқланмаган. Донецк бўлгинчилари раҳбари Денис Пушилин “Россия 24” каналига берган интервьюсида Донецкнинг ўзидан “юз минглаб” қочқин бўлишини айтган.

Аввалроқ Украинадан мустақиллик эълон қилган “Донецк Халқ Республикаси” (ДХР) раҳбари Денис Пушилин аҳоли ташкиллаштирилган тарзда Россиянинг Ростов вилоятига оммавий эвакуация қилинишини маълум қилган.

Пушилинга кўра, донецкликларни вақтинча қабул қилиш масаласи Россия раҳбарияти билан келишилган. Биринчи галда аёллар, болалар ва кексалар кўчирилиши айтилмоқда.

Сўнгги икки кунда Донбассдаги украин ҳарбийлари ва россияпараст айирмачилар яна бир-бирини ўт очишда айблади. Киев маълумотига кўра, айирмачилар бугун сулҳ режимини камида 20 марта, ўтган сутка давомида эса жами 60 марта бузган.

Ўз навбатида “ДХР” ва “ЛХР” вакиллари ўт Украина армияси томонидан очилганини, ўз ҳудудларига ўнлаб мина ва снарядлар тушганини, айрим аҳоли пунктлари электрсиз қолганини иддао қилишди.

ЕХҲТнинг кузатув миссияси ўтган суткаларда туташув чизиғида беш юздан ортиқ портлашни қайд этиб, иккала томонни ўт очишни тўхтатишга чақирди.


Блинкен: Россия ҳужум учун баҳона излаяпти

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен БМТ Хавфсизлик Кенгашида АҚШ разведкаси Россия ўз ҳужуми учун баҳона қидиряпти, деб ҳисоблашини айтди.

17 февраль Нью-Йоркда бўлган йиғилишда Давлат котиби Энтони Блинкен Россия Украинага бостириб киришга турли йўллар билан уриниши мумкинлигидан огоҳлантирди.

У Украина ва Россия ўртасидаги асл вазиятга доир маълумотларни назарда тутаркан, Москва “яқин кунларда” қўшнисига ҳужум қилишга ҳозирлик кўраётгани ҳақида яна огоҳлантирди:

"Бу Россия ҳудудидаги сохта, "террорчилик ҳаракати" бўлиши, оммавий қабр топилиши, тинч аҳолига уюштирилган дрон ҳужуми ёки сохта, ҳатто ҳақиқий кимёвий қурол ҳужуми бўлиши мумкин."

Россия Мудофаа вазирлиги 15 февраль куни 130 минг ҳарбийсини Украина билан чегарадош ҳудудлардан “ҳарбий машғулотлар якунлангани муносабати билан” олиб чиқиб кетаётганини билдирган.

Аммо, чегарадаги ҳаракатни кузатаётган сунъий йўлдош фотосуратларида аксинча, Россия ўз ҳарбийларини кўпайтираётгани қайд қилинган. Британия мудофаа вазирлиги ҳисобича, сўнгги кунларда ҳудуддаги рус ҳарбийлари сони 7 минг нафарга кўпайган.

Шу боис, Ғарб давлатлари ва НАТО, Россияни ёлғон хабар тарқатиб, халқаро жамоатчиликни чалғитаётганлик ва аксинча, Украинага эҳтимолий ҳамла учун хийла қўллаётганликда айбламоқда.

БМТ Хавфизлик Кенгаши йиғини

Украина ва Россия чегарасида таранглигича қолаётган вазият муҳокамаси учун чақирилган БМТ Хавфсизлик кенгашида қатнашган Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Вершинин, Ғарб томони айбловларини яна қатъиян рад этди.

Вершинин, Блинкеннинг баёнотини кескинликни кучайтирувчи “хавфли” ҳаракат, деб атади.

Унинг сўзларига кўра, Россия қўшинлари Россия ҳудудида турибди ва айрим бўлинмалар машғулотлардан сўнг аллақачон ўз базаларига қайтмоқда.

Ўз навбатида Россия вакили, Ғарб мамлакатлари Минск битимларини бажариши учун Киевга босим ўтказа олмади, деб айблади:

“Ички қуролли можарода минглаб қурбонлар бор, Донбассда миллионлаб одамлар ҳали ҳам ўз мамлакатларида бегонадек яшамоқда. Уларда пулемётлар, снайпер милтиқлари, гаубицалар ва дронлар бор”.

Ўзаро айбловлар

Украина Миллий хавфсизлик кенгаши раиси Алексей Данилов, Киев Москванинг кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлашга ҳозирланаётгани белгиларини кўрмаётганини маълум қилди.

Аммо, айни чоғда Донбассда Россия тарафидан провокациялар бўлаётганига эътибор қаратди. Сўнгги кунларда у ерда вазият сезиларли даражада кескинлашди.

Украинада Бирдамлик куни. Байден Россия таҳдиди сақланиб қолаётганидан огоҳлантирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:46 0:00

Украина расмийларига кўра, 17 февраль пайшанба куни Луганск ва Донецк вилоятларидаги россияпараст бўлгинчилар томонидан 50 га яқин марта ўт очилди, деб иддао қилмоқда.

Украина тарафи маълумотига кўра, Новотошковское, Водяное, Трудовское, Старогнатовка, Пивденное, Майорск, Марьинка, Светлодарск, Троицкое, Попасная, Луганская станицаси ва бошқа аҳоли пунктларини нишонга олинган.

Киев таъкидича, фуқаровий инфратузилма объектлари, жумладан “Луганская” станицасидаги болалар боғчаси зарбага учраган, тинч аҳоли орасида жабрланганлар бор.

"Биз ишга кетаётган эдик, ўрнимиздан турдик, худди 2014 ва 2015 йилларда бўлгани каби, бизга яқин ерда шовқин кўтарилди. Биз ҳаммамиз хавотир ва ваҳима ичида эдик, чунки биз ўша пайтда қандайдир провокация бўлишини кутаётгандик, шунинг учун уруш ҳақиқатан ҳам бошланган деб ўйладик", деди маҳаллий турғун Дмитрий.

Мудофаа вазири Алексей Резников, Донбассдаги ўққа тутишларни “онгли равишда қилинган провокация”, деб атади.

Вазирнинг урғулашича, айирмачилар Россия қўлловида ҳаракат қилишмоқда, Москва эса Украинага қарши агрессиясини асослаш учун ахборот кампаниясини кучайтиряпти.

Украина шарқидаги россияпараст бўлгинчилар эса, бунинг аксини иддао қилмоқда. Уларга кўра, украин армияси 17 февралдан бошлаб “ДХР” ва “ЛХР” ҳудудини ўққа тутишни кўпайтирган.

Хусусан, “ДХР” ҳудуди 20 дан ортиқ маротаба ўққа тутилгани, тинч аҳоли вакилларидан бир аёл ярадор бўлгани айтилди.

Россияпараст айирмачилар “Луганская” станицасидаги болалар боғчасини ҳам Украина қуролли кучлари ўққа тутди, демоқда.

ЕХҲТнинг Украинадаги махсус кузатув миссияси бош кузатувчиси Яшар Ҳалит Чевик, Нью-Йоркдаги Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида, Украина шарқидаги сўнгги вазиятга доир ҳисоботида, 17 февралдан 18 февралга ўтар кечаси 500 га яқин портлаш қайд этилганини айтди:

“Кеча оқшомдан бугун Киев вақти билан 11:20 га қадар чизиқ бўйлаб 500 та портлаш қайд этилди. Соат 11:20 дан кейин биз 30 га яқин портлашни қайд этдик, шунинг учун таранглик сусаяётгандек туюлиши мумкин”.

“Дезинформация ва риторика”

Айни йиғинда сўзлаган АҚШнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги элчиси Линда Томас-Гринфилд, Россия раҳбариятини “дезинформация ва риторикани” бас қилиб, халқаро жамоатчиликка аниқ жавоб беришга чақирди:

“Мен россиялик ҳамкасбимиздан котиб Блинкеннинг, Россия Украинага бостириб киришни режалаштирмаётганини аниқ ифода қилиш чақириғига жавоб кутган эдим. Аммо аксинча, дезинформация ва риторикалар бугун ҳам давом этди. Биз доимо эшитаётган ва биз илгари эшитган эски гаплар... Давлат котиби фактларни келтирди. У биз ерда кўраётган ва сизлар ҳаммангиз жуда аниқ кўриб турган фактларни тилга олди. Фактлар вазият таранглашаётганини кўрсатяпти. Мен котиб Блинкеннинг бугун айтган гапларини яна бир карра урғуламоқчиман: У бу ерга урушни тарғиб қилиш учун эмас, балки урушнинг олдини олиш ва тинч йўл билан ҳал қилиш йўлини топиш учун келган”.

Россия Украина яқинида ўз ҳарбий қудратини ошираётгани ҳақида Ғарб разведкаси ва бошқа манбалар бир неча ойдан бери огоҳлантириб келади.

Ғарб мамлакатларига кўра, гарчи Кремль чегарадаги қўшинлари бир қисмини ортга қайтарганини даъво қилаётган бўлсада, ҳануз қўшни давлатга бостириб киришга зимдан тайёрланмоқда.

Washington Post: Россия чегарада қуролли кучларини кўпайтирмоқда

Жумладан The Washington Post нашрининг разведка хизматларидаги манбаларига таяниб хабар қилишича, Россиянинг ўз қўшинларини Украина чегарасидан олиб кетиш ҳақидаги баёноти аввалдан режаланган ҳийла бўлиши мумкин.

Газетанинг АҚШ разведкасидаги манбалари Россия Украина чегаралари яқинидаги қуролли кучларини кўпайтиришда давом этмоқда, деб таъкидлаётир.

Қолаверса, манбаларга кўра, Москва Россия ҳудудида террорчилик хуружи ёки кимёвий ҳужум уюштириб, бунинг учун айбни Вашингтонга тўнкаши ҳам мумкин.

Россия расмийлари бу мақола юзасидан изоҳ берганларича йўқ. Аксинча Москва, Украинага қарши агрессиясига доир ҳар қандай айбловни “жазава” деб рад қилмоқда.

15 февраль куни Россия Мудофаа вазирлиги Ғарбий ва Жанубий ҳарбий округларга қарашли бўлинмалар Украина яқинида ўтказилган машқлардан доимий қўнимгоҳларига қайта бошлаганини эълон қилган.

Жо Байден: Тажовуз хавфи ҳануз “жуда юқори”

АҚШ президенти Жо Байден фикрича, Россиянинг Украинага тажовуз қилиши хавфи ҳануз “жуда юқори”лигича қолаётир.

Журналистлар 17 февраль куни Оқ уйда АҚШ президентини саволга тутди.

Байденга кўра, Украина ва Россия ўртасидаги вазиятни дипломатик йўл билан изга солиш учун эшиклар ҳамон очиқ.

Украина билан боғлиқ хавф-хатар даражасини баҳолашга оид саволга Байден Россиянинг ушбу мамлакатга ҳужуми кейинги бир неча кун ичида рўй бериши мумкин, дея жавоб берди.

АҚШ президенти токи Россия ўз қўшинларини Украина чегараларидан узоққа олиб кетмагунича, бу ҳол Москва ҳарбий ҳаракатлар бошлашга баҳона қидириб, провокация қилишга уринади, деб тахмин қилиш учун етарли асос бўлишини таъкидлади.

“Бизга маълум барча аломатлар улар Украинага ҳужум қилишга шайлигини кўрсатмоқда”, деди Байден.

Москва ядровий ҳарбий машқлар ўтказади

Халқаро жамоатчилик, Россия раҳабриятидан Украина чегарасидаги ҳарбий ҳаракатлари ва нияти ҳақида аниқ-тиниқ жавоб кутаркан, Москва 19 февраль шанба куни ядровий машқлар ўтказилишини эълон қилди.

Президент Владимир Путин раҳбарлигида ўтадиган машқлар доирасида баллистик ва қанотли ракеталар учирилиши айтилди. Машғулотларга Жанубий ҳарбий округ, шунингдек Шимолий ва Қора денгиз флотлари кемалари жалб этилади.

Ҳарбий бошқарув, жанговар расчётлар, экипажларнинг шайлигини ҳамда стратегик ядровий ва ноядровий қуролларнинг ишончлилигини текшириш режаланмоқда, дейилади вазирлик хабарномасида.

Аввалроқ Financial Times газетаси, ўз манбаларига ҳавола берган ҳолда, Москва режадагиядровий машқларини куздан февраль ойига кўчиргани ҳақида ёзган эди. Нашр суҳбатдошлари буни ҳам Россиянинг Украина ҳудудига муҳтамал босқини билан боғлаганлар.

Россия ўтган йилнинг декабрида Украина билан чегаралари яқинида ҳарбий қудратини ошириши манзарасида АҚШ ва НАТОдан “хавфсизлик кафолатлари”ни талаб қилган эди.

Январь ва февраль ойларида туркум музокара ва учрашувлар ўтказилиб, уларда Россиянинг талаблари ва Украинага ҳужум таҳдиди муҳокама қилинди.

АҚШ ва иттифоқчилари НАТОнинг очиқ эшиклар сиёсатидан воз кечишмаслигини урғулаган ҳолда, ядровий қуролларни камайтириш, Европа шарқида зарбдор қуролларни жойлаштирмаслик ва бошқа масалаларни ўзаро муҳокама қилишга тайёрлигини билдирган.

Россия Украинага ҳужум қилишга ҳозирлик кўраётгани ҳақидаги барча айбловларни рад этиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG