Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:45

Путин "ДХР" ва "ЛХР"ни тан олди. Дунё лидерлари санкция имзолашга шайланмоқда


Путин Украина шарқидаги "ДХР" ва "ЛХР"ни мустақил деб тан олувчи ҳужжатни имзоламоқда. 2022, 21 февраль.
Путин Украина шарқидаги "ДХР" ва "ЛХР"ни мустақил деб тан олувчи ҳужжатни имзоламоқда. 2022, 21 февраль.
  • Россия президенти Владимир Путин, Украина шарқида ўзини Донецк халқ республикаси (ДХР) ва Луганск халқ республикаси (ЛХР) деб атаб келаётган россияпараст ҳудудлар мустақиллигини тан олишга оид фармон имзолади.
  • Ҳужжатни имзолаш маросими Путиннинг Украинадаги вазият ҳақида россияликларга телемурожаати тугаши биланоқ эфирга узатилди. Унда бу 2 ўлка ҳудудига рус қўшинларини киритиш кўзда тутилган.
  • 21 февраль оқшомидаги мурожаатида қарийб бир соат гапирган Путин Украинадаги бугунги вазият учун маъсулиятни тўлиғича, Украина раҳбарлари зиммасига юклади.
  • Украина Хавфсизлик кенгаши раҳбари, Киев назоратига бўйсунмаётган Донбасс минтақасини ўз ҳудуди, деб ҳисоблашда давом этишини билдирди.
  • Халқаро ҳамжамият, Путиннинг бу қарорини "Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига раҳна солиш", "ҳалқаро қонунчиликни ошкора бузиш" деб қораламоқда.
  • АҚШ ва Европа Иттифоқи раҳбарлари, қисқа фурсат ичида Россияга нисбатан санкция қўллаш режаси ҳақида баёнот берди. Бу борада Ўзбекистон томони ҳозиргача баёнот бергани йўқ.

Қозоғистон ташқи ишлар вазири: Бизнинг олдимизда “ДХР” ва “ЛХР”ни тан олиш масаласи тургани йўқ

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди Қозоғистоннинг “ДХР” ва “ЛХР” билан боғлиқ вазият бўйича расмий позицияси ишлаб чиқилаётгани, бироқ мазкур бўлгинчи тузилмаларни тан олиш масаласи мамлакат олдида турмаганини айтди.

Унга кўра, Қозоғистоннинг узил-кесил муносабати “яқин соатларда Хавфсизлик кенгаши йиғилишида” қабул қилинади.

“Ишонтириб айтаманки, олдимизда “ДХР” ва “ЛХР” мустақиллигини тан олиш деган масала тургани йўқ. Биз халқаро ҳуқуққа ҳамда БМТнинг асосий принциплари ва низомларига таянамиз”, деган Тлеуберди.

Кеча Россия президенти Владимир Путин Украина шарқидаги икки бўлгинчи тузилмани мустақил давлатлар сифатида тан олиш ҳақида фармон имзолаган. Озодлик қозоқ хизмати мухбирининг Россия нега бундай қарорга келгани хусусидаги саволига ташқи ишлар вазири муҳтамал сабаблардан бири ўлароқ “Россия билан Ғарб ўртасида хавфсизлик тизими бўйича келишувлар йўқ”лигини кўрсатган.

“Иккинчидан, Норманд формати иштирокчилари Минск битимларини амалга ошириш йўли билан ўзаро тил топишишга муваффақ бўла олишмади. Учинчи сабаб – бу “ДХР” ва “ЛХР”даги гуманитар инқироздир”, деган Мухтор Тлеуберди ўз жавобида.

Дипломатга Донбассга КХШТ кучлари йўлланиш-йўлланмаслигига оид савол ҳам берилган. Қозоғистон ташқи ишлар вазири “ҳарбий ёки тинчликпарвар кучлар фақат КХШТ ҳудудида қўлланиши мумкин”лигини айтган.

“Бунинг учун БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси ва мандати зарур, БМТнинг эса ўз тинчликпарвар кучлари мавжуд”, деган Тлеуберди.

Ғарб лидерлари Россиянинг “ДХР” ва “ЛХР”ни тан олишини қоралади

Россия президенти Владимир Путиннинг кечаги чиқишидан сўнг кўп ўтмай Оқ уй расмий баёнот эълон қилиб, АҚШ Россиянинг бундай қадамини кутганлигини билдирди. Мазкур қарор баёнотда Москва томонидан халқаро мажбуриятларнинг қўпол равишда бузилиши, деб аталган.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Владимир Путиннинг қарорини кескин қоралаб, у “Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига янада катта путур етказишини ва можарони бартараф этишга қаратилган барча саъй-ҳаракатларни чиппакка чиқаришини ва Минск битимларига зид”лигини айтган.

Евроиттифоқ раҳбарлари Шарль Мишель ва Урсула фон дер Ляйен Россия президентининг хатти-ҳаракатини “энг кескин тарзда” қоралаб, янги санкциялар муқаррарлигини эълон қилишган.

Германия ТИВ раҳбари Анналена Бербок Путиннинг қарорини “Украинадаги можарони тинч йўл ҳал этишга нисбатан жиддий зарба” деб атаган. Польша бош вазири Матеуш Моравецкий эса Кремлга қарши “кескин чора кўриш ва зудлик билан санкциялар жорий этиш”га чақирган. Яқин орада бошқа мамлакатларнинг лидерлари ҳам ўз муносабатини билдириши кутилмоқда.

Айни пайтда Кремлнинг иттифоқчиси бўлмиш Сурия президенти Башар Асад “ДХР” ва “ЛХР” мустақиллигини тан олишга тайёр – бу ҳақда унинг ҳукумати маълум қилган.

Путин "ДХР" ва "ЛХР"га қўшин киритишга буйруқ берди

Президент Владимир Путин, 21 февраль куни мустақиллигини Россия тан олган "ДХР" ва "ЛХР" ҳудудига Россия қўшинларини киритишга буйруқ берди.

Буйруқ, Россия раҳбарининг Украина шарқидаги икки сепаратчи ўлкани мустақил, деб тан олиш ҳақидаги фармонида акс этган.

Ҳужжатларда, Путиннинг Россия Қуролли кучларига, "ДХР" ва "ЛХР" ҳудудида тинчликни таъминлаш чораларини кўриш буйруғи қайд этилган.

Бу икки ҳужжат, душанба куни Путин давлат телевидениеси орқали ўз халқига мурожаат қилиб, Украина ҳудудидаги икки сепаратчи ўлка мустақиллигини тан олиш қарорини билдириши биланоқ имзоланди.

Ҳозирча, Россия ҳарбийларининг Украина шарқига киритила бошлагани ҳақида расмий маълумот йўқ.

Аммо, тармоқларда Донецк ҳудудида ҳаракатланаётган зирҳли ҳарбий машиналар колоннаси акс этган видеолар тарқалмоқда. Ҳозирча бу колонна ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Украина прокуратураси жиноят иши очди

Украина Бош прокуратураси, Россия президенти томонидан мамлакат шарқидаги сепаратчи Донецк ва Луганск вилоятларининг мустақил, деб тан олиниши юзасидан жиноят иши қўзғатди.

Бу ҳақда Бош прокурор Ирина Венедиктова ўз Фэйсбук саҳифасида маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, иш Украина Жиноят кодексининг давлат чегараларини ҳукумат вакиллари томонидан бузилишига чақириқлар тақиқловчи моддаси асосида қўзғатилган.

"Бизнинг украин прокурорлари бу жиноят иши билан астойдил шуғулланади. Бу ёпиқ клуб аъзолари учун чет элга шопингга бориш оғирлашади - ваъда қиламиз", – деди Венедиктова, Россия раҳбарлари элитасини назарда тутиб.

Украина президенти Владимир Зеленский, Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақирди.

Бу кенгаш олдидан, АҚШ президенти Жо Байден ва Германия канцлери Олаф Шольц билан телефонда суҳбатлашиб, "ДХР" ва "ЛХР"нинг Россия томонидан тан олинишини муҳокама қилди.

Ғарб давлатлари БМТ йиғини ўтказилишини сўрамоқда

АҚШ, Буюк Британия ва Франция зудлик билан Украина шарқидаги вазиятни БМТ Хавфсизлик кенгашида муҳокама қилиш чақириғи билан чиқдилар.

Хавфсизлик кенгашига аъзо Албания, Ирландия, Норвегия ва Мексика расмий вакиллари ҳам айни таклифни илгари сургани хабар қилинмоқда.

Бу учрашувни ташкил қилиш масъулияти эса, айни пайтда кенгашга раис бўлиб турган Россия ваколатидадир.

В. Путин: масъулият Киев режимининг зиммасида

21 февраль куни Россия халқига қилган мурожаатида, Путин қўшни давлат ҳукуматини “коррупцияга ботган”, “Киевда ҳокимиятни босқинчилик билан эгаллаб олган жиноятчи режим”, деб атади.

Ўз мурожаати давомида Путин, Украина Россия учун фақатгина қўшни давлат эмас, балки “тарихи, маданиятининг ажралмас қисми”дир, Украин халқи эса “бизнинг яқинимиз ва қариндошимиз”, деди Россия президенти.

Бундан ташқари, аннексия қилиб олинган Қрим масаласига тўхталган Путин, Украинанинг “Қримга қарши агрессив ҳаракатлари хориж махсус хизматлари кўмагида бўлаётганига тўғридан тўғри даллилари бор”лигини иддао қилди.

Украинанинг НАТОга қўшилишини эса, Россия хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид, деб таъкидлади.

Мурожаати сўнгида Путин мамлакат парламентини зудликда Донбасс минтақасининг ўзини-ўзи мустақил, деб эълон қилиб олган икки республикаси мустақиллигини тан олишга чақирди:

“Шу боис, аллақачон пишиб етилган қарорни қабул қилиш лозим, деб ҳисоблайман. Зудлик билан, “Донецк халқ республикаси” ва “Луганск халқ республикаси” мустақиллигини тан олиш тўғрисида. Россия Федерал кенгашидан бу қарорни қўллаб-қувватлашни ва кейин ҳар икки республика раҳбарлари билан имзоланган ўзаро дўстлик ва ўзаро ёрдам келишувини ратификация қилишни сўрайман. Бу икки ҳужжат энг тез фурсатда тайёрланади ва имзоланади. Киевда ҳокимиятни эгаллаб олганлардан эса зудликда жанговар ҳаракатларни тўхтатишни талаб қиламиз. Акс ҳолда Украина ҳудудидаги қон тўкилишининг эҳтимолий давоми учун масъулият тўлиғича Киев режимининг зиммасида бўлади”.

Путиннинг телемурожаатини намойиш қилган “Первий канал” жонли трансляцияси ўша заҳотиёқ, президент Путин тез орада тайёрланишини айтган, аммо афтидан аввалдан тайёрлаб қўйилган ҳужжатларни имзолаш маросимига уланиб кетди.

Б. Жонсон: Бу - халқаро қонунчиликнинг очиқ-ошкора бузилишидир

Путиннинг, Украина шарқидаги икки сепарачи республикани мустақил, деб тан олишини, Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон “халқаро қонунчиликнинг бузилиши” деб баҳолади.

"Бу халқаро қонунчиликни очиқ-ошкора бузишдир. Бу - Украина суверенитети ва бирлигига яққол раҳна солишдир тажовуздир”, деди Жонсон.

Еврокомиссия ва Европа кенгаши раҳбарлари ҳам, Путиннинг бу қарорини халқаро ҳуқуқ ҳамда Украинанинг ҳудудий яхлитлигини бузиш, деб баҳолади.

Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок эса: "Бу - Украинадаги низони тинч йўл билан ҳал қилиш жараёнига жиддий зарба" деб баҳо берди.

Оқ уй: Байден тез орада санкция имзолайди

АҚШ президенти Жо Байден, тез орада Россия президенти мустақил, деб тан олган Украина шарқидаги икки айирмачи республикалар билан "янги сармоя, савдо алоқалари ва АҚШ фуқаролари молиясини тақиқлайдиган" ҳужжатни имзолайди.

Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки хабар қилди. Унинг айтишича, яна қўшимча чоралар кўриб чиқилмоқда ва булар, Россиянинг Украинага бостириб кириш эҳтимоли учун аввалдан ҳозирланган санкцияларга қўшимчадир.

ТАСС: Донецк ДХР ва ЛХР тан олганини байрам қилди

Болтиқ бўйи: ЕИ зудликда Россияга санкция қўллаши лозим

Болтиқ бўйи давлатлари - Эстония, Латвия ва Литва ҳукуматлари, Европа Иттифоқи Россияга нисбатан зудликда санкция қўллаши лозим, деган баёнотни эълон қилди.

Уч давлат, Украинадан фарқли ҳам НАТО, ҳам Европа Иттифоқи аъзосидир.

Латвия Ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичс: "Мен эскалациянинг бу таҳлит ёйилиши санкциялар билан қарши олиниши керак, деган фикрда собитман", деб ёзди Twitter саҳифасида.

Болтиқ бўйича раҳбарлари қўшма баёнотида, халқаро жамоатчиликни Россиянинг агрессиясини тўхтатиш ва Украинага ёрдам бериш бобида "имкон қадар кучли чоралар қўллаш"га чақирди.

НАТО: Москва низони авж олдиришда давом этмоқда

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ҳам, президент Путин қарорини қоралади ва уни, Минск келишувларини бузишда айблади.

"Бу қарор - Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига янада раҳна солади. Москва, Украина шарқидаги низони авж олдиришда давом этмоқда ва Украинага қайта тажовуз учун баҳона яратишга уринмоқда", деди Столтенберг.

Тармоқлар: бу кун бошқа постсовет давлатлар бошига ҳам тушиш мумкин

Ўзбекистонлик блогерларнинг аксарияти, Россия президентининг бу ҳаракатини кескин қораламоқда.

Жумладан, иқтисодчи Отабек Бакиров, Украина бошига тушган бу кун постсовет ҳудудидаги бошқа давлат бошига ҳам тушиши мумкин, деган фикрда:

"1945 йилдан кейин шаклланган Халқаро ҳуқуқ ва мувозанат архитектураси буткул яксон бўлди. Энди ҳаммасини Куч ҳал этади".

"Нима учун ўғри ва зўравон Путин тўғрисида кўпроқ ва кенгроқ тўхталишда давом этиш керак? унки бизнинг барча ўғри ва муттаҳамларимизнинг илдизи бориб Путинга ёки унинг атрофига тақалади. Суверен Ўзбекистоннинг келажаги Путин ва ўғрилардан ҳоли бўлиши керак".

Яна бир таниқли блогер Муҳрим Аъзамхўжаев эса, 2014 йилда Қрим ва 2008 Абхазия ҳамда Жанубий Осетияда содир бўлган воқеаларни ёдга олди:

"Тарих ҳамма тегишли, керакли сабоқни чиқариши учун ҳеч замонда бу қадар тез такрорланмаган бўлса керак (Иккинчи Жаҳон уруши арафасидаги Гитлер Германиясининг ҳаракатлари ҳисобга олинмаса). Путин Россиясини, унга гўёки қарши чиқаётган қарши тарафдаги қудрат эгаларини инсофга чақиришдан наф йўқ — ҳамма фақат ва фақат ўзини, ўз манфаатларини ўйлайди".

Блогер Шаҳноза Соатова эса, "Путин Россияси қарочилик қиляпти, Украинанинг яна икки ҳудудини деярли “айириб олди, деб ёзди.

С. Наришкин: ДХР ва ЛХРни қўшиб олиш таклифини қўллайман

21 февраль куни, Кремлда Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилиши ўтказилди.

Унда Украина шарқидаги вазият ҳамда ўзларини Донецк халқ республикаси (ДХР) ва Луганск халқ республикаси (ЛХР) деб атаб келаётган икки ҳудудни тан олиш масаласи муҳокама қилинди.

Даставвал Россия Хавфсизлик кенгаши йиғилиши жонли эфирда трансляция қилиниши билдирилганди. Аммо иштирокчиларнинг қўл соатларидаги миллар ҳолатига кўра, у Москва вақти билан соат 12-13 ларда, яъни давлат каналларида намойиш этилганидан олдинроқ ўтказилгани ошкор бўлди.

Йиғилишда, Россия Ташқи разведка хизмати бошлиғи Сергей Наришкин эса, кутилмаганда ДХР ва ЛХРни Россияга қўшиб олишни таклифни маъқуллади.

“Мен Донецк ва Луганск халқ республикаларини Россия Федерацияси таркибига қўшиш таклифини қўллаб-қувватлайман”, деб юборди у.

“Биз бу ҳақда гапирмаяпмиз. Бу масала муҳокама қилинаётгани йўқ. Биз уларнинг мустақиллигини тан олиш-олмаслик тўғрисида гаплашяпмиз”, деди Путин унга жавобан.

“Ҳа, мен уларнинг мустақиллигини тан олиш таклифини қўллаб-қувватлайман”, деди Наришкин.

Хавфсизлик кенгашининг қолган аъзолари ҳам Донбасс бўлгинчиларини тан олиш қарорини якдиллик билан дастакладилар.

2014 йили россияпараст сепаратчи кучлар Украина шарқидаги Донецк ва Луганск вилоятлари ҳудуди устидан ўз назоратини ўрнатган ва ўшандан буён бу икки ҳудуднинг бирини улар Донецк халқ республикаси (ДХР) ва иккинчисини Луганск халқ республикаси (ЛХР) деб атаб келади.

Россия шу пайтгача ДХР ва ЛХРни Украина ҳудуди деб ҳисоблаб келган, бироқ бу икки “республика”га турли, шу жумладан ҳарбий ёрдам бериб келганига оид кўплаб маълумотлар мавжуд.

Украина шарқидаги воқеалар ривожини қуйидаги ҳаволаларда ўқинг:

XS
SM
MD
LG