Путин Украинага уруш очди. Киев Москва билан алоқаларни узди
Баёнотларидаги муҳим нуқталар:
- АҚШ президенти Жо Байден, Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ва НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россия Украинага бостириб киргани муносабати билан баёнот беришди. Кейинроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Анқара Украинанинг “суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қарши қаратилган” қадамларни тан олмаслигини билдирди.
- “Бизнинг Россия билан сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий алоқаларимиз бор. Шунингдек, Украина билан ҳам сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий алоқаларга эгамиз. “Украинадан воз кечинг”, десангиз, биз воз кеча олмаймиз, чунки мамлакатимизнинг у ердаги манфаатлари жуда чуқур кетган. “Россиядан воз кечинг”, десангиз, ундан ҳам воз кеча олмаймиз, чунки у билан алоқаларимиз ҳозирда чиндан ҳам жуда юқори даражада ривожланган”, дея урғулаган Эрдўғон Россия президенти Владимир Путин билан суҳбатда.
- Эрдўғон украиналик ҳамкасби Владимир Зеленский билан мулоқот чоғида РФ билан Украина ўртасидаги вазиятни Минск битимлари асосида тартибга солишга чақирди. У Туркия Украинанинг “ўз ҳудудий бутунлигини ҳимоя қилишга қаратилган” ҳаракатларини дастаклаяжагини айтди.
- Жо Байден Украинага ҳужум келтиражак “вайронагарчиликлар учун фақатгина Россия жавобгар”лигини таъкидлади.
- “Бугун бутун дунё Россия қуролли кучларининг провокация бўлмагани ҳолда, асоссиз қилган ҳужумидан жабр чекаётган Украина халқини қўллаб-қувватлайди. Президент Путин ғаразли урушни танлади, у даҳшатли инсоний талафотларга ва азоб-уқубатларга олиб келажак. Бу ҳужум келтиражак қурбонлар ва вайроналар учун фақат Россия жавобгар. Қўшма Штатлар, унинг иттифоқчилари ва ҳамкорлари якдил ва қатъий тарзда жавоб берадилар. Дунё Россияни жавобгарликка тортади”, дейилади Байденнинг баёнотида.
- Оқ уй раҳбари 24 февраль куни эрталаб “катта еттилик”ка аъзо мамлакатлар билан учрашув ўтказишини, шундан сўнг Россияга қарши навбатдаги санкцияларни эълон қилиш учун АҚШ фуқароларига мурожаат этишини билдирди.
- Борис Жонсон “Украинадаги даҳшатли воқеалардан ларзага келган”ини айтди. Унинг таъбирича, Путин “хунрезлик ва вайронкорлик йўлини танлаган”. Бош вазир Буюк Британия ва иттифоқчилари қатъий жавоб қайтаришига ваъда берди.
Снаряддан омон қолган аёл: Украина учун оёққа тураман!
Харьковнинг Чугуев шаҳрида снаряддан омон қолган аёл ўз ватани учун оёқда тик туришини айтмоқда:
"Омадим бор экан, омон қолдим. Мен оёққа тураман, юраман, Украина учун қўлимдан келган ишни қиламан!"
Черниговда рус разведка взводи таслим бўлди
Чернигов шаҳри яқинида Россия армиясининг 74-мотоўқчи разведка бригадаси таслим бўлди.
Бу ҳақда Украина бош қўмондони Валерий Залужний маълум қилди.
Расмий баёнотга кўра, бригада старшинаси Смоленск областининг Ельня шаҳрида ҳарбий машғулотда бўлгани ва Украинага ҳужум ҳақида кеча маълумот олганини айтган. Рус аскарлари, ҳужумни қилиб, ортга қайтамиз, деб ишонганини айтишган.