Пойтахт Киевга ракета-бомба ҳужуми уюштирилмоқда
Украина Ички ишлар вазирлиги 25 февраль куни пойтхат Киевнинг турли районларида кучли портлашлар бўлганини маълум қилди. ИИВ тарқатган маълумотга кўра¸ Киевнинг Печерский ва Голосеевский районларига ракета-бомба ҳужумлари уюштирилган. Шаҳарнинг Позняка ва Троещина қисмида ҳам портлашлар кузатилган.
Зеленский «Бухарест тўққизлиги»дан ëрдам сўраб мурожаат қилди
Украина президенти Владимир Зеленский Бухарест тўққизлигига кирувчи давлат раҳбарларидан «Россияни музокаралар столига ўтиртириш» учун ëрдам сўради.
Бу тўққизликка Болгария, Венгрия, Эстония, Литва, Латвия, Польша, Руминия, Словакия ва Чехия киради.
Зеленский бу давлатлардан Украинага мудофаа ëрдами беришни ҳам сўради.
-Бу масалани Польша президенти Анджей Дуда билан гаплашдим. Бухарест тўққизлигига мудофаа ëрдами¸ санкциялар ва босқинчига босим ўтказишни сўраб мурожаат қилдим. Ҳаммамиз бир бўлиб Россияни музокаралар столига ўтиртиришимиз керак¸ деб ëзди Зеленский ўз Twitter саҳифасида.
Зеленский Украина ўзини якка ўзи ҳимоя қилишга мажбур қолганини урғулади
Украина президент Владимир Зеленский 25 февраль куни эрталаб мамлакат фуқароларига янги мурожаат билан чиқиб, украиналикларни Россия тажовузидан мудофааланишда давом этишга чақирди.
Ўз сўзида Зеленский Украина ўзини якка ўзи ҳимоя қилишга мажбур қолганини урғулади. Унга кўра, янги санкциялар Россияга яхши таъсир қилмаган, дунё эса содир бўлаётган воқеаларни узоқдан туриб кузатишда давом этмоқда. “Россияни кечаги санкциялар ишонтиролдими? Осмонимиз ва заминимиздаги овозлар бунинг етарли эмаслигини англатмоқда”, деган Украина президенти.
Шунга қарамай, Зеленский Россиянинг эртами-кечми Украина билан мулоқотга киришишига тўғри келади, деб ҳисоблайди. “Бу сўзлашув қанча тез бошланса, Россиянинг ўзи учун талафот шунча кам бўлади”, деган Украина президенти.
Ўз мурожаати якунида Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилган. “Бугун тунда қаҳрамон шаҳар Киев маҳаллаларини бомбалашни бошлашди. Буларнинг ҳаммаси 1941 йилни эслатмоқда”, деган Зеленский.
“Норозилик билдириб чиқаётган Россия Федерациясининг барча фуқаролари айтмоқчиман: биз сизларни кўряпмиз. Бу сизнинг бизни эшитганингизни, демакки, бизга ишона бошлаганингизни англатади. Биз учун курашинг, урушга қарши курашинг”, деган Украина президенти россияликларга мурожаат қиларкан.
Россия армияси 24 февраль тонгидан бошлаб Украина ҳудудига зарба бера бошлаган. Дастлабки маълумотларга кўра, Россия босқинининг илк кунида 137 нафар украиналик ҳалок бўлган, 316 киши тан жароҳати олган.
Украинада банкларга рублда валюта операцияларини амалга ошириш тақиқланди
Украина Марказий банки мамлакатдаги банкларга Россия ва Беларусь рублида ҳар қандай валюта операциясини амалга оширишни тақиқлаб қўйди.
Регулятор Россия ёки Беларусдан бўлган юридик ёки жисмоний шахслар олдидаги молиявий мажбуриятларни бажаришга ҳам тақиқ жорий этган.
Украина Марказий банки янги тартиб-қоидалар мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилгани муносабати билан киритилганини билдирган.