Украина Қуролли кучлари бош қўмондони: Урушнинг илк кунида Россияга тегишли 170 дан зиёд техника йўқ қилинди
Ўтган кеча-кундузда Украина армияси томонидан Россияга тегишли 30 та танк, 130 та зирҳли машина, 5 та учоқ ва 6 та вертолёт йўқ қилинган. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний маълум қилди.
Залужнийга кўра, украиналик ҳарбийлар Херсон учун кураш олиб бормоқда, жанглар шимолий йўналишда Победа қишлоғи ва Глухов шаҳри атрофида давом этяпти.
Чернигов йўналиши бўйлаб россиялик ҳарбийлар Белоус дарёси яқинида тўхтатилган, Слобожаншчина йўналишида Украина армияси Довжанка, Харьков, Ахтирка, Суми аҳоли пунктларда мудофаада турибди.
Шунингдек, Украина авиацияси Россия қўшинлари томонидан бўлаётган ҳужумларни қайтариб, Новая Збуровка, Купянск, Новая Каховка аҳоли пунктларидаги рус колонналари ҳамда Гостомелдаги рус десантига қарши зарбалар бермоқда.
Anonymous ҳакерлар гуруҳи Москвага қарши “киберуруш” эълон қилди
Anonymous халқаро ҳакерлар гуруҳи Россия расмийларига қарши “киберуруш” бошлаган. Бу ҳақда гуруҳ вакиллари Твиттердаги ўз саҳифалари орқали маълум қилишган.
Anonymous жамоасига кўра, Россия давлат телеканали бўлмиш Russia Today сайти ишдан чиқарилган.
Ҳужум ортидан мазкур телеканалга тегишли www.rt.com сайти бир неча соат ишламай турган, www.russian.rt.com сайти эса ҳали ҳам очилаётгани йўқ.
Россия Федерал хавфсизлик хизматининг компьютер инцидентлари бўйича миллий мувофиқлаштирув маркази айни пайтда киберхавф даражасини “ўта юқори” дея баҳоламоқда.
“Новая газета”нинг янги сони рус ва украин тилларида чиқди
Москвада нашр этиладиган “Новая газета”нинг бугунги сони рус ва украин тилларида чиқди.
Нашр бош муҳаррири, Нобель мукофоти лауреати Дмитрий Муратов изоҳига кўра, бу ҳаракат “Новая газета” таҳририяти Украинани душман деб, украин тилини эса ёв тили деб ҳисобламаслигини намойиш этиш учун амалга оширилган.
“Бу сайёрадаги ҳаётни россияликларнинг урушга қарши ҳаракатигина қутқариб қолиши мумкин”, дея қўшимча қилган Д. Муратов.
Украина расмийлари Киев яқинида портлашлар бўлаётганини билдирмоқда
Украина ички ишлар вазирининг ўринбосари Антон Герашченко Киев яқинда олта портлаш бўлгани ҳақида маълум қилди.
Мулозимга кўра, зарбалар “қанотли ёки баллистик ракеталар” воситасида берилмоқда. Украина ИИВ маълумотига мувофиқ, Киев осмонида Россиянинг “учувчи аппарати” уриб туширилган.
Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский Киевга Россиянинг диверсион гуруҳлари киритилгани тахмин қилинаётгани, улар президентга суиқасд режалаётгани бўлиши мумкинлиги ҳақида баёнот берган эди.
Бу орада Суми вилояти раҳбари Дмитрий Живицкий россиялик ҳарбийлар Суми вилоятидан Киев томон ҳаракатлана бошлагани ҳақида билдирган. Унга кўра, вилоятдаги Конотоп шаҳри қуршаб олинган.
“Униан” агентлиги хабарига кўра, расмийлар Песочина ва Винницада ҳаво тревогаси эълон қилишган.