Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:31

Мирзиёев ва Путин матбуот хизматлари телефон сўзлашуви ҳақида икки хил хабар тарқатди


Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

25 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди.

Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, мулоқот чоғида "Украина атрофида юзага келаётган вазият юзасидан ҳам фикр алмашилган".

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида телефон мулоқоти қайси томоннинг ташаббуси билан ўтказилгани, шунингдек, Ўзбекистоннинг Украина борасида тутган мавқеи борасида ҳеч нарса дейилмаган.

Аммо Россия президентининг матбуот хизмати тарқатган хабарда "Шавкат Мирзиёев Россия томонининг ҳаракатлари юзасидан тушуниш изҳор қилгани" айтилади.

"Известия" нашри ўзининг Кремль матбуот хизматига таяниб тарқатган дастлабки хабарида "Мирзиёев Россия қўшинлари ўтказаётган махсус амалиётни дастаклади ва Луганск ҳамда Донецк халқ республикалари (Украинанинг Россия тан олган бўлгинчи ҳудудлари - таҳр.) аҳолисига ҳамдардлик изҳор қилди", деган жумлага ўрин берди, аммо кейинги хабарларда бу жумла олиб ташланди.

Kremlin.ru сайтининг Путин ва Мирзиёев сўзлашувига доир қисқа хабарида "Известия" нашри келтирган жумла йўқ.

Россия томонининг хабарида икки давлат раҳбарлари "махсус ҳарбий амалиёт ўтказилиши муносабати билан Украинадаги вазиятни муҳокама қилгани" айтилади.

Бу Путин Украинада "махсус ҳарбий амалиёт" ўтказишга буйруқ берган 24 февралдан буён Президент Мирзиёевнинг Россия раҳбари билан илк мулоқоти.

Мирзиёев ҳозирга қадар Россиянинг Украинага ҳужуми юзасидан баёнот бермаган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Путин Украинанинг Донбассдаги бўлгинчи ҳудудларини тан олган 21 февралдан буён Украина атрофидаги воқеалар ривожи борасида сукут сақламоқда.

Президент Мирзиёев 25 февраль куни эрталаб Қорақалпоғистонга 3 кунлик сафарини муддатидан олдин якунлаб Тошкентга қайтгани хабар қилинган.

Пайшанба куни у Қорақалпоғистоннинг Беруний туманидаги чиқишида Мирзиёев Ўзбекистон иқтисодини ривожлантириш орқали мудофаа қудратини мустаҳкамлаши кераклиги ҳақида гапирган.

XS
SM
MD
LG