Зеленский: Қурол ишлатишни биладиган маҳкумлар қамоқдан озод қилинади
Украина президенти Владимир Зеленский 28 февраль кунги видеомурожаатида “аҳлоқий жиҳатдан оғир, аммо мудофаа жиҳатидан фойдали” қарор қабул қилинганини билдирди.
“Ҳарбий ҳолат шароитида жанговар ҳаракатлар иштирокчилари – реал жанговар тажрибага эга бўлган украиналиклар – қамоқдан бўшатилади ва ўз айбларини урушнинг энг қайноқ жабҳаларида ювиш имкониятига эга бўлади. Яна айрим шахслар – аксил-террор амалиётлари иштирокчиларидан ҳам барча санкциялар олиб ташланади. Ҳозир асосий нарса - мудофаа”,-деди Зеленский.
Украина Бош прокурори президент баёнотидан сўнг жиноят ишлари бўйича ўтаётган барча қурол-аслаҳа, техника, ёнилғи ҳибсдан чиқарилганини ва армияга берилганини билдирди. Унга кўра, ҳарбийларга ҳозиргача 10 минг тонна ёнилғи, бронетехника ва қурол етказиб берилди.
Киевда мародёрлар “огоҳлантиришсиз зарарсизлантирилади”
Киев мэри Виталий Кличко пойтахтда “ваҳима чиқариш учун” ҳаракат қилган мародёрлар ҳарбий ҳолатдан келиб чиққан ҳолда “огоҳлантиришсиз зарарсизлантирилади”,-деб билдирди.
“Таъкидламоқчиманки, мародёрларни ҳарбий ҳолат қонунларига асосан огоҳлантиришсиз зарарлантирадилар! Киевликлар, шубҳали шахсларни, мародёрларни кўрсангиз дарҳол ҳуқуқ-тартибот органларига ва ҳарбийларга мурожаат қилинг”,-деди Кличко.
Айни пайтда Киевда комендантлик соати бекор қилинди. Аммо жамоат транспорти қисқартирилган тартибда ишламоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, Кличко аҳолини зарурат бўлмаса уйдан чиқмасликка чақирди.
Россия босиб олган Бердянскда аҳоли рус ҳарбий техникаси олдида Украина гимнини куйламоқда
Беларусдаги АҚШ элчихонаси ёпилди
АҚШнинг Беларусдаги элчихонаси ўз фаолиятини тўхтатди ва элчихонанинг америкалик барча ходимлари эвакуация қилинди. Бу ҳақда элчи Жули Фишер маълум қилди.
“Беларуснинг Украинага қарши Россия урушига хайрихоҳлик билдириши режим мустақил равишда қарор қабул қилиш салоҳиятини йўқотганини намойиш этди”,-деб билдирди элчи.