Россия зиëлилари ўз ҳарбийларидан Путин буйруғини бажармасликни сўради
Россия мухолифати ва зиëлилари тузган Аксилҳарбий комитет 1 март куни Россия ҳарбий қўмондонлиги вакиллари¸ Украина урушида қатнашаëтган россиялик ҳарбийларга мурожаат қилди.
Хусусан¸ Путин томонидан жанговор ҳозирлик ҳолатига келтирилган стратегик ядровий қисмда хизмат қилувчиларга йўлланган бу мурожаатда Украинадаги биродаркушлик урушини тўхтатиш¸ эҳтимолий жаҳон уруши¸ ядровий уруш олдини олиш сўралди.
«Балки россияликлар ҳали ҳам нималар бўлаëтганини тушунмагандир. Лекин сиз - Украинада урушаëтганлар - буни ўз кўзингиз билан кўриб турибсиз.
Сиз бировнинг ватанига босқин қилганингизни кўриб турибсиз. Сиз ўзингизни рус ва украинларни бункерда бекиниб ўтирган бир шахс шарафи учун ўлдиришга мажбурлашаëтганини кўриб турибсиз. Эртага сиздан Украина шаҳарларига қарши тактик ядро қуроли ташлаш ҳақида буйруқ беришларини эҳтимолдан соқит қилмаймиз¸ Тўхтанг. Жиноий буйруқни бажарманг. Путин Россия учун уруш қилаëтгани йўқ. У бу урушни фақат Путин учун қилаяпти. Унинг саройлари учун. Унинг лат еган ғурури учун. Унинг мутлақ ҳукмронлиги учун. Украинларни ўлдирманг. Россия келажагини йўққа чиқарманг. Ер шаримизни йўқ қилманг»¸ дейилади бу мурожаатда.
27 февраль куни Михаил Ходорковский, Дмитрий Гудков, Сергей Гуриев ва россиялик бошқа бир гуруҳ таниқли зиëли ва сиëсатчилар Россия Аксилҳарбий комитети тузилганини эълон қилди.
Комитет россияликларни нафақат Украина урушини тўхтатиш¸ балки Путиннинг агрессив диктатурасига қаршилик кўрсатиш учун бирлашишга чақирди.
7 март куни Ҳаага суди геноцидда айбланаëтган Россия ишини кўриб чиқишни бошлайди
БМТнинг Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди Украинанинг Россия устидан берган даъво аризасини душанба куни кўриб чиқишга киришади.
Бу ҳақда Нидерландия қироллигининг Буюк Британия ва Ирландиядаги элчиси Карел вон Остером ўз Twitter саҳифасида эълон қилди.
"Ҳаага Тинчлик саройида жойлашган Халқаро жиноят суди Украинанинг Россияга қарши берган сўрови бўйича эшитувларни 7 март куни бошлайди"¸ деб ëзди нидерландиялик дипломат.
27 февраль куни Украина Нидерландиянинг Ҳаага шаҳрида жойлашган БМТ судига Россияни геноцидда айблаб¸ даъво аризаси киритган ва президент Зеленский суд ҳайъатидан бу аризани зудлик билан кўриб чиқишини сўраган эди.
Шаҳзода Чарльз Россия босқинини кескин қоралади
Британия валиаҳд шаҳзодаси Чарлз Россиянинг Украинага босқинини "шафқатсиз агрессия" деб атади ва бу босқинга "мардонавор қаршилик кўрсатаëтган украин халқи билан бирдам" эканини билдирди.
1 март куни қилинган бу баëнот¸ анъанага кўра сиëсатга аралашмайдиган Британия қироллик оиласи томонидан қилинган фавқулодда баëнот сифатида кўрилмоқда.
Бундан аввал қироллик оиласининг бошқа вакиллари ҳам Украина халқига бирдамлик билдириб¸ Россиядан урушни тўхтатишни сўраган эди.
БМТ: Украина тинч аҳолисидан камида 136 одам ўлдирилди
24 февралдан бери Украинада тинч аҳоли вакилларидан камида 136 одам нобуд бўлди¸ улардан 13 таси болалардир.
Бу ҳақда Инсон ҳақлари бўйича БМТ Олий комиссарлиги расмийси Элизабет Тросселга таянган Reuters агентлиги хабар берди.
БМТ расмийсига кўра¸ урушнинг олти куни давомида камида 400 украиналик фуқаро яраланган¸ улардан 26 нафари болалардир.
-Ҳақиқий талофатлар бундан анча кўплиги эҳтимолга яқин¸ деган 1 март кунги брифингда БМТ вакили.
Элизабет Тросселнинг қайд этишича¸ қурбонлар ва жароҳатланганларнинг кўпчилиги ҳаво ҳужумлари¸кенг радиусли портловчи қурилмалар¸ хусусан оғир артиллерия ва ракета тизимлари зарбаси қурбонларидир.
28 февраль куни Украина Соғлиқни сақлаш вазири Виктор Ляшко тинч аҳолидан 352 одам ўлгани¸ улардан 16 нафарининг болалар эканини билдирган эди.
Ляшкога кўра¸ беш кунлик ҳужумлар оқибатида 2040 фуқаро яраланган¸ улардан 45 таси болалардир. 1 март кунги инсоний талофатлар ҳақида ҳозирча Киев расмий маълумот бермади.