3 мартга ўтар тунда Киев, Харьков ва бошқа шаҳарларга ҳаводан зарбалар берилди
3 март, соат 01:45 (Тошкент вақти) Россия Харьков шаҳрига ракеталар билан зарба бермоқда. Бу ҳақда “Настояшчее время” телекнали жонли эфирида воқеа жойидан олинган маълумотга таяниб хабар қилди. Россия кучлари отган ракетлардан иккитаси ҳудудий-мудофаа бўлинмаларидан (Россия агрессиясига қарши фуқаролар уюшган тузилма) бири жойлашган бинога теккан. Қурбонлар ҳақида хабар қилинмади.
Олдинроқ Украина пойтахти Киев шаҳридаги жанубий вокзалга ракета зарбаси урилгани хабар қилинган эди. 3 мартга ўтар тунда мамлакатнинг бошқа шаҳарлари ҳам ҳаводан ўққа тутилгани хабар қилинди.
Алишер Усмоновнинг 157 метрли яхтаси ҳибсга олинди
Германия маъмурлари Гамбург шаҳрида Европа Иттифоқи санкциялари жорий қилинган россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг 156 метрли яхтасини ҳибсга олди.
Бу ҳақда Forbes нашри хусусий кемалар бизнесига алоқадор уч манбадан олинган маълумотга таяниб хабар қилди.
Айтилишича, таги ўзбекистонлик миллиардернинг “Дилбар” аталувчи яхтаси қиймати 600 миллион доллардир. Яхта ўтган йилнинг октябридан буён Гамбургдаги Blohm+Voss кемасозлик заводида таъмирланаётган эди.
Forbes манбаларининг билдиришича, яхта ҳибсга олингани учун уни таъмирлаётган ишчилар чоршанба куни ишга чиқмаган. Нашр Алишер Усмоновнинг вакиллари воқеани ҳозирча изоҳламаганини хабар қилди.
Усмоновнинг яхтаси хос муаллифнинг оригинал лойиҳаси асосида 2016 йили қурилган, уни қуришга қарийб 5 йил кетган. “Дилбар” яхтасининг сув сиғими 16 минг тонна бўлиб, дунёдаги энг катта яхта ҳисобланади. Яхтада иккита ҳовуз, вертолёт қўнадиган иккита майдон ва бошқа шу каби иншоотлар бор.
Алишер Усмонов Россия Украинага бостириб киргани ортидан санкция жорий қтдинган россиялик йирик тадбиркорлар рўйхатига душанба куни киритилди.
Жонсон: Россиянинг Украинага тажовузи юзасидан 38 та мамлакат Ҳаага судига мурожаатнома йўллади
Британия бош вазири Борис Жонсон Россиянинг Украинага бостириб кириши юзасидан 38 та мамлакат Ҳаагадаги Халқаро жиноят судига мурожаатнома йўллаганини маълум қилди.
“Путин бу манфур хатти-ҳаракатларни ҳеч бир жазосиз амалга ошира олмаслигини биз жуда яхши тушунамиз”, дея қайд этган Жонсон Твиттерда.
Буларнинг айнан қайси мамлакатлар эканига Британия бош вазири аниқлик киритган эмас.
Зеленский: Бизнинг уруш Ватан урушидир
Украина президенти Владимир Зеленский навбатдаги халққа мурожаатида ўз мамлакати “россиялик босқинчиларга қарши Ватан урушини олиб бораётгани”ни билдирди.
Зеленский фикрича, Украина кучлари душманнинг ҳарбий режаларини барбод қилиб, уни сезиларли даражада заифлатишга муваффақ бўлган. Украина президенти россиялик ҳарбийларни Москва томонидан фойдаланилаётган “ўзини йўқотиб қўйган болакайлар” деб атаб, уларни “уйга кетиш”га чақирган.
Зеленский БМТ Бош ассамблеясида 2 март куни бўлиб ўтган овоз бериш натижаларини Украинанинг улкан дипломатик ғалабаси, деб ҳисоблайди. Мазкур жараёнда Россиянинг Украинага бостириб киришини овоз берган мамлакатларнинг катта қисми (193 тадан 141 таси) қоралаган. Резолюцияга Россиянинг ўзидан ташқари Беларусь, Шимолий Корея, Сурия ва Эритрея каби мамлакатларгина қарши чиқишган, 35 таси бетараф қолган – улар орасида Хитой, Ҳиндистон, ЖАР, Қозоғистон, Покистон, Эрон, Ироқ, Куба, МАР кабилар бор. Ўзбекистон овоз беришда қатнашган эмас.