Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:03

Жанглар кетаётган Харьковдаги ўзбек талабалари ватанига қайта олмаяпти


Польшада Украинадан келганлар учун тайёрланган ётоқ.
Польшада Украинадан келганлар учун тайёрланган ётоқ.

28 февраль куни Ўзбекистон элчихонасининг Харьковдан ўзбекистонликларни эвакуация қилаётган микроавтобуси ҳужумга учради. Расмийлар жароҳатланганлар бўлмаганини билдирди.

Харьковдаги ўзбек талабаларининг асосий қисми сўнгги икки кунда элчихона ёрдамида Польша чегарасига етказилган.

Айни пайтда Харьков шаҳрида бир гуруҳ ўзбекистонлик талабалар ватанга қайтиш имконини қила олмаяпти.

Элчихона автобуси ҳужумга учради

28 февраль куни Ўзбекистон элчихонасининг Харьковдан Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилаётган микроавтобуси ҳужумга учради.

“Қатор ОАВ вакилларининг мурожаатларига мувофиқ маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги элчихонаси томонидан Харьков шаҳрида дипломатик ваколатхонага қарашли транспорт воситаси зарарлангани ҳақидаги хабарлар тасдиқланди”, дейилади расмий хабарда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, элчихона микроавтобуси шрапнел томонидан зарар кўрган. Ҳодиса туфайли Ўзбекистон фуқаролари ва Элчихона дипломатлари жароҳатланмаган.

Ватанга қайта олмаётган талабалар

Харьковдаги Каразина университетининг 4-босқич талабаси Нодир Худойбергановнинг Озодликка айтишича, икки кундирки темир йўл вокзалига етиб бора олмаяпти:

“Кўчага чиқа олмаяпмиз. Жанглар кетяпти. Вокзалга пиёда бориш узоқ, таксилар йўқ. Кўчага чиқишга ҳарбийлар рухсат бермаяпти. Ўзбекистонга кетиш учун вокзалга етиб бориб, поезд орқали Львовга кетиш керак. Кейин Польшага ўтилади. Лекин қандай қилиб, вокзалга етиб боришни билмаяпман”.

Харьковдаги яна бир ўзбек талабасига кўра, вокзалга етиб бора олмаган талабалар сони анчагина бўлиб, улар олийгоҳларнинг ётоқхоналарида жон сақламоқда.

Украина олийгоҳларига ўзбекистонлик талабаларни жўнатиш билан шуғулланадиган Тошкентдаги Inside-A ширкати ходимларининг 28 февраль куни Озодликка айтишича, Харьковдаги олийгоҳларда ўқиётган жами 60га яқин талаба уйига қайта олмаяпти.

Озодлик Киевдаги Ўзбекистон элчихонаси волонтёрлари билан боғланиб, Харьковдаги ўзбек талабалари вазияти борасида сўради.

Волонтёрлардан бирининг 28 февраль куни кечқурин айтишича, улар Озодлик сўровидан сўнг Нодир Худойберганов билан боғланиб, унга вокзалга етиб бориш йўллари ҳақида маслаҳат беришган.

Кейинчалик Нодир уйга қайтишни истовчи бошқа талабалар билан биргаликда 29 февраль куни комендантлик соати тугаши билан вокзалга йўл олишини Озодликка билдирди.

“Қизлар йўлга чиқишга қўрқишди”

Озодлик суҳбатлашган Харьковдаги ўзбек талабаларининг айтишича, кўпчилик қизлар жанглар бўлаётгани учун поездга чиқишга қўрққан.

“Кўп қизлар қўрққанидан қолишди. Уйидагилар ҳам йўлда жанг бўлаётгани учун йўлга чиқмасликни айтишди. Фақат саноқли қизлар поездга чиқди”, деди талабалардан бири.

Лобар исмли ўзбек талабаси эса Россия- Украина музокаралари натижасига қараб ҳаракат қилишини, ҳозирча Ўзбекистонга қайтиш режаси йўқлигини айтди.

Эллик ўзбек талабаси чиққан поезд

27 февраль куни Харьков- Львов поездига чиқишга муваффақ бўлган ўзбекистонлик талаба Низомиддиннинг Озодликка айтишича, 28 февраль тунгача Польша чегарасига етиб боришга умид қилмоқда:

“Поезд белгиланган вақтидан анча узоқ юряпти. Йўлда жанг бўлган пайтлари тўхтаб туриб, кейин юради. Поездда элликка яқин ўзбекистонлик талаба бор. Львовга етиб боргач, Польша чегарасига кетамиз”.

Озодлик Низомиддин поездда кетаётган пайти у билан бир неча бор боғланди. Сўнгги бор поезд Киевдан ўтган пайти Низомиддин “яхши кетаётганликлари”ни айтди.

“Львовда Ўзбекистон байроғини изланг”

Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонасига кўмаклашаётган волонтёрлардан бирига кўра, элчихона Львовга келган ўзбекистонликларни автобуслар ёрдамида Польша чегарасига элтиб қўймоқда:

“Львовда вокзалга келганлар Ўзбекистон байроғини излашсин. автобусларга байроғимиз осиб қўйилган. Элчихона ходимлари Львовга келганларнинг ҳаммасини тўлиқ эвакуация қиляпти. Украина ичида транспорт чекланиб қолган. Биринчидан, жуда хавфли, иккинчидан ёқилғи муаммолари бор. Йўллар берк. Шунинг учун ҳамма фуқароларга темир йўл орқали Львов вокзали олдига келишни маслаҳат беряпмиз ва келганларни чегарадан олиб ўтиш ташкиллаштирилган”.

Эвакуация қилинган ўзбеклар чиққан биринчи самолёт Тошкентга учди

28 февраль куни эрталаб Польшанинг Катовице шаҳридан 240 нафар ўзбекистонлик чиққан биринчи махсус самолёт Ўзбекистонга учди. Киевдаги элчихона ходимларига кўра, иккинчи самолёт ўзбекистонликларни олиб келиш учун Тошкентдан Катовице шаҳрига учган.

Турли сабабларга кўра ёнида ҳужжатлари бўлмаган 30 нафар Ўзбекистон фуқаросига қайтиш гувоҳномаси зудлик билан расмийлаштириб берилган.

Расмий маълумотга кўра, Украинада 4300 нафар ўзбекистонлик бор.

Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Баҳром Бобоев 28 февраль куни қилган чиқишида айтишича, сўнгги тўрт кун ичида Украинадан Польшага 800 ўзбекистонлик ўтган. Чегарада 400 ўзбекистонлик навбат кутмоқда. Львов шаҳрида яна 300-400 ўзбекистонлик эвакуация учун навбатда турибди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирга қадар Россиянинг Украинага ҳужуми борасида бирон баёнот бергани йўқ.

26 февраль куни Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати расмий Тошкент Украина масаласида нейтрал позицияда эканини билдирган.

Душанба куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Марказий Осиё давлатлари ва Америка Қўшма Штатларининг «С5+1» формати доирасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан мулоқот қилган.

Давлат департаменти хабарида ўзаро мулоқот чоғида Блинкен Россиянинг Украинага қасддан, сабабсиз ва асоссиз ҳужумини қоралагани ҳамда Украина халқи билан мустаҳкам бирдамлик изҳор қилгани айтилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган расмий хабарда Украина масаласи тилга олинмади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG