Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:50

Баъзи россияликлар ҳарбий чақирувдан қўрқиб хорижга қочмоқда


Чернобил атом электр станцияси ҳудудидаги рус аскари. 26 февраль, 2022.
Чернобил атом электр станцияси ҳудудидаги рус аскари. 26 февраль, 2022.

Reuters агентлигининг хабар беришича, Россия қўшинлари Украина пойтахти Киев остонасида жанг қилаётган бир пайтда, баъзи россияликлар ҳарбий ҳолат жорий этилишидан қўрқиб, Россиядан парвозлар тақиқланмаган хорижий манзиллар сари ошиқмоқда.

Кремль Россия ҳукумати Украинага бостириб кириши ортидан ҳарбий ҳолат жорий этиш режалаштирилаётгани ҳақидаги гапларни рад этди. Ҳарбий ҳолат эълон қилинса, армия ёшидаги эркакларнинг Россиядан чиқиб кетиши тўхтатилиши мумкин. Бироқ баъзилари қолиб таваккал қилишни истамаяпти ва кетиш ҳаракатига тушган.

Бир йил олдин Ғарбий Европадан Москвага қайтиб келган бир россиялик дам олиш кунлари Истанбулга йўл олишини айтиб, эндиликда Москвада яшаш имконсиз бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.

"Мен эртага сафарбарлик жорий қилиниб, учиб кетолмайман деб қўрқаман. Бир йил олдин қайтиб келганимда бундай бўлишини тасаввур ҳам қилмагандим", деди анонимлик асосида Reuters билан суҳбатлашган россиялик эркак.

38 ёшли бошқа бир кишининг айтишича, у дам олиш кунлари Яқин Шарққа парвоз учун чипта сотиб олишга муваффақ бўлган.

"Мен бу урушда қатнашишни истамайман. Биз кўп миш-мишларни эшитяпмиз ва Кремлнинг бу гап-сўзлар тўғри эмас деганига ишонмайман", деди у.

Россиянинг Украинага бостириб киришининг иккинчи ҳафтасида Украина шаҳарлари қуршаб олинган ва бомбардимон қилинмоқда. Юзлаб рус аскарлари ва Украина тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди. Россия илгари бошдан кечирмаган яккаланиш ва кенг кўламли иқтисодий блокадага тушиб қолди.

Ғарбнинг санкцияларига жавобан Россия Европа Иттифоқи ва бошқа кўплаб мамлакатлар авиакомпаниялари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпганидан сўнг чипталар нархи ошди. Бу россияликларнинг саёҳат қилиш имкониятини кескин чеклади.

Ғарбнинг Москвага нисбатан мисли кўрилмаган санкциялари аллақачон нархлар ошишига туртки бўлди. Бундан оддий россияликлар жабр чекмоқда. Норозилик билдирганлар ҳибсга олинмоқда.

“ОВД-Инфо” норозилик-мониторинг гуруҳига кўра, босқин бошлангандан бери урушга қарши намойишларда 7669 киши ҳибсга олинган.

Исроилга учиб кетган рус аёли мамлакатда қолиб норозилик билдирмаганидан афсусдалигини таъкидлаган.

"Аммо, урушга қарши чиқсанг, сени ҳибсга олишади. Давлатга хиёнат тўғрисида қонун бор", дейди у.

Феврал ойида Россия прокуратураси Россия хавфсизлигига қарши қаратилган хорижий давлат ёки халқаро ташкилотга молиявий ёки бошқа ҳар қандай ёрдам кўрсатган шахс давлатга хиёнатда айбланиб, 20 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкинлиги ҳақида эслатиб ўтди.

Виза муаммолари

Руслардан Европанинг аксарият давлатларига кириш учун виза талаб қилинади. Москвадаги Италия виза марказида навбат пайдо бўлган. Визага ариза бериш учун бўш ўринлар энг камида бир ҳафтадан кейин очилади.

40 ёшли россиялик аёл олдиндан нима бўлишини билмаса-да, 11 мартга виза учун суҳбатга тайинланганини айтди.

Россиянинг “Sputnik” вакцинаси Европа Иттифоқи томонидан тасдиқланмаган. Шу сабабли ҳам “Sputnik” билан эмланган россияликлар Ғарб давлатларига киритилмаслиги мумкин.

Мамлакатни тарк этишга ҳаракат қилаётган фақат руслар эмас. Москвада энага бўлиб ишлайдиган филиппинлик аёл ҳам виза сўраган.

"Мен виза олишни жуда хоҳлайман, бу ерда қолишдан қўрқаман", дея иқтибос келтирмоқда Reuters агентлиги.

XS
SM
MD
LG