Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:24

Россия авиакомпаниялари учоқсиз, ўзбек мигранти эса парвозсиз қолди


Россиянинг Украинага босқини мамлакат авиакомпаниялари ишлатиб келган йўловчи учқичларининг учдан икки қисмини учолмайдиган аҳволга солиб қўйди.
Россиянинг Украинага босқини мамлакат авиакомпаниялари ишлатиб келган йўловчи учқичларининг учдан икки қисмини учолмайдиган аҳволга солиб қўйди.

Россия авиакомпаниялари бирин-кетин Ўзбекистонга парвозларини бекор қилмоқда.

3 март куни S7 Airlines барча халқаро рейcлари бекор қилиши ортидан Ўзбекистонга учишни ҳам тўхтатди. Бунинг ортидан¸ SmartAvia ҳам ўз парвозлари тўхтатилганини эълон қилди.

Россиянинг турли шаҳарларидан нафақат Тошкент¸ балки Самарқанд¸ Бухоро¸ Фарғона¸ Наманган ва Урганч каби шаҳарларга ҳам ҳафтасига мунтазам амалга ошириб келинган парвозлар номаълум муддатга тўхтатилди.

Шу билан Россиядаги миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирини ватани билан боғловчи ҳаво кўпригининг каттагина бўлаги қулади.

Глобал ҳаво қатновини кўрсатувчи Flightradar24 сайтининг кўрсатишича¸ 4 март куни Тошкент аэропортига қўнган рейслар рўйхатида бирорта Россия авиакомпанияси номи йўқ.

Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги парвозларнинг кескин қисқариши ортидан авиабилетлар нархининг икки баравардан кўпроқ қимматлагани кўрилмоқда.

Санкциялар Россия авиакомпанияларини учоқсиз қолдирди

Россия авиакомпаниялари Кремлнинг Украинага олиб бораëтган қонли уруши ортидан Ғарб қўллаган санкциялар ортидан деярли самолëтсиз қолди.

28 февраль куни дунëнинг энг йирик самолëт ишлаб чиқарувчи компаниялари Boeing ва Airbus Россия билан ҳамкорликни бутунлай тўхтатди. Россиядаги офисларини бутунлай ëпди. Бу Россия авиакомпаниялари ишлатиб келган Boeing ва Airbus учқичлари техник хизмат ва эҳтиëт қисмларисиз қолди¸ дегани.

Бу иккала компания учқичлари эса¸ Россия авиакомпаниялари ишлатиб келган авиафлотнинг учдан икки қисмини ташкил этади. Россия фуқаролик авиациясидаги учқичларнинг 332 таси Boeing¸ 304 таси эса¸ Airbus маҳсулотидир.

Бундай мисли кўрилмаган қадам ортидан Ғарбдаги лизинг компаниялари ҳам Россия авиакомпаниялари билан келишувларни бекор қилди ва ижарага олинган учқичларнинг қайтарилишини талаб қилди.

Reuters агентлигига кўра¸ Россия авиафлоти ишлатиб келган учқичларнинг 980 йўловчи учқичидан 777 таси лизингга олинган. Россия ишлатиб келган учқичларнинг аксар қисми Ирландияда жойлашган AerCap (AER.N) ва АҚШда жойлашган Air Lease (AL.N) компанияларига қарашли.

Бу иккала компания Россия авиакомпанияларидан учқичларни қайтариб беришни сўради. Айни пайтда лизинг компаниялари дунë ҳукуматларига Россия компаниялари бу учқичлардан фойдаланишни давом эттирган тақдирда¸ халқаро санкциялар асосида¸ уларни ҳибсга олиб¸ ўзига қайтаришни сўраб мурожаат қилди.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги вакили Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бундай сўров минтақа ҳукуматларини қийин аҳволга солиб қўйганини билдирди.

“Билишимча¸ ҳозирча Россия авиакомпанияларининг ўзи бу учқичлардан фойдаланишни тўхтатди ва Ўзбекистон ҳудудида халқаро лизинг компаниялари қайтариб беришни сўраган учқич бор, деб ўйламайман. Билишимча¸ Тожикистонда Россиянинг камида битта шундай учқичи бор. Лекин Душанбе ҳукумати унга арест қўйишдан қўрқиб ўтирибди”¸ деди Транспорт вазирлигининг шахси очиқланмаслигини сўраган вакили.

Россия самолётлари Ўзбекистонга ҳам учмай қўйди

Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг Озодлик боғланган расмийси¸ мамлакат ҳудудида Ғарб санкциялари ортидан учиши тақиқланган самолëтлар бор-йўқлигидан “хабари йўқлиги”ни билдирди.

Бундай учқичлар Ўзбекистон аэропортларига қўнган тақдирда¸ уларга нисбатан қандай йўл тутилишига оид саволга ҳам Транспорт вазирлиги расмийси жавоб бера олмаслигини айтиш билан чекланди.

Ўзбекистон авиацияси мутахассисларидан бири Озодлик билан суҳбатда¸ Boeing, Airbus ва лизинг компаниялари санкциялари ортидан ижарага олинган Ғарб учқичларининг ҳавога кўтарилиши “имконсиз” бўлиб қолганини билдирди.

“Санкциялардан кейин Ўзбекистон ҳудудига бирорта бундай самолëт қўнгани йўқ. Сабаби жуда осон – улар суғуртасиз қолди. Россия йўловчи учқичларининг деярли ҳаммаси Ғарб суғурта компаниялари билан шартнома қилган¸ улар эса¸ Россия компаниялари билан шартномаларни бекор қилди. Самолëт лизингдами¸ йўқми фарқи йўқ. Boeing, Airbus эмас¸ Россиянинг ўзида ишлаб чиқарилган учқичлар ҳам суғуртасиз ҳавога кўтарила олмайди. Страховка бекор қилиндими¸ тамом-вассалом”¸ дейди Озодлик гаплашган авиация эксперти.

Глобал ҳаво қатновини кўрсатувчи Flightradar24 сайтидаги манзара бу маълумотни тасдиқлайди.

4 март куни Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнган учқичлар рўйхатида Россия авиакомпаниялари номи кўринмайди.
4 март куни Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнган учқичлар рўйхатида Россия авиакомпаниялари номи кўринмайди.

4 март куни Тошкент аэропортидан кўтарилган самолëтлар орасида Россия авиакомпанияларига қарашли учқич йўқ.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” учун кенг майдон

Россия авиакомпаниялари Ўзбекистонга мунтазам қатнаб келган рейсларни бекор қилиши ортидан билет нархларининг кескин қимматлагани кузатилмоқда.

Бундай вазиятда¸ кузатувчилар Ўзбекистон миллий авиакомпанияси учун кутилмаган бизнес имкониятлари очилганини айтмоқда.

“Агар миллий авиакомпания ва Транспорт вазирлгида озгина бизнес тушунчаси бўлса¸ ҳозирги вазиятдан фойдаланиб¸ Россияга қатновларни кескин кўпайтириши керак. Ўзиники етмаса¸ учолмай қолган Россиядаги самолëтлардан фойдаланиш йўлини излаб кўриши керак. Уларнинг эгаси Россия эмас¸ Ғарб компаниялари. Лекин коррупция туфайли бизнес бошқаруви фалаж бўлган ҳозирги раҳбарларнинг бундай йўл тута олишига¸ очиғи ишонмайман”¸ дейди Озодлик гаплашган авиация мутахассиси.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг юзага келган вазиятда Россиядаги миллионлаб ўзбекистонликлар учун ҳаво қатновини енгиллаштириш¸ нархларни арзонлаштириш мақсадида рейсларни кўпайтириш режаси борми?

Озодлик бу савол билан Транспорт вазирлиги ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси матбуот хизмати вакилларига мурожаат қилди.

Иккала расмий ҳам “бундай режа борлигидан бехабарлигини” айтиш билан чекланди.

XS
SM
MD
LG