Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:01

Ўзбек пахтасига бойкот бекор қилинди, муаммолар хусусий секторга кўчди


Ўзбекистонда пахта теримига ўша куннинг ўзида нақд пул берилгани сабабли қишлоқ аёллари теримга чиқади.
Ўзбекистонда пахта теримига ўша куннинг ўзида нақд пул берилгани сабабли қишлоқ аёллари теримга чиқади.

Ўзбекистон пахта саноатида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашиб келган халқаро Cotton Campaign коалицияси ўзбек пахтасига бойкот тугатилганини эълон қилди.

Бу ҳақда 10 март куни Тошкентда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида ўтказилган брифингда айтилди.

Ташкилотнинг расмий сайтида билдирилишича, бунга Инсон ҳуқуқлари бўйича "Ўзбек форуми” 2021 йилдаги пахта теримида "марказий ҳукумат томонидан жорий қилинган мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланмагани"ни эътироф этгани сабаб бўлган.

Аммо Озодлик суҳбатлашган фермерлар аслида Ўзбекистонда мажбурий меҳнат давом этаётгани, фақат бу давлат буюртмасидан хусусий секторга кўчганини айтмоқда.

Фермерларнинг айтишларича, ўқувчи-талабаларни пахта теримига мажбуран жалб қилишга барҳам берилгани рост, аммо уларнинг ўзи ҳукумат амалдорлари томонидан бошқариладиган кластер тизимининг мажбурий ишловчиларига айланиб қолган.

Cotton Campaign Ўзбекистонда пахта теримига миллионлаб аҳоли, жумладан, мактаб ўқувчилари ҳам жалб этилгани ортидан, 2009 йилда халқаро ҳамжамиятни ўзбек пахтасига бойкот эълон қилишга чақирган эди.

Бу бойкотга 331 та бренд, жумладан, Adidas, Zara, C&A, Gap Inc., H&M, Levi Strauss & Co., Tesco ва Walmart компаниялари ҳам қўшилган.

Ўзбекистондаги болалар ва мажбурий меҳнатни мониторинг қилиб келган Германиядаги “Ўзбек форуми” ташкилоти раҳбари Умида Ниёзованинг айтишича, 2009 йилдан бошлаб ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари пахта етиштиришда болалар меҳнатидан воз кечиш ҳақида петиция ташкил қилган эди:

“Шундан кейин Cotton Campaign га бирлашган юздан ортиқ халқаро ташкилотлар, текстил саноатидаги катта компаниялар ўзбек пахтасидан воз кеча бошлади. Ҳар йили биз Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат ҳақида ҳисоботлар чиқариб келдик. Ўтган йилги мониторингимизда эса ҳукумат томонидан пахта теримига оммавий мажбурлаш фактларини топмадик. Бизнинг хулосамизни эшитиб Cotton Campaign бойкот тўхтатилса бўлади, деган қарорга келди”.

Халқаро кузатувчилар Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан Ўзбекистон пахта саноатида мажбурий меҳнатни ташкил этиб келган давлат пахта соҳасидан кетгани, мамлакат экспортининг асосий бандларидан бирини ташкил этуви пахта хусусий қўллар - кластерларга ўтганини эътироф этишади.

Аммо пахтага давлат монополияси амал қилган даврдаги муаммоларнинг бир қисми бошқача кўринишда хусусий секторда ҳам бўй кўрсатмоқда.

Маҳаллий фермерлар кластерлар томонидан уларнинг ерларини тортиб олиш, етказиб берилган пахта учун вақтида ҳақ тўламаслик, меҳнат ҳуқуқларининг қўпол равишда поймол этилишидан шикоят қилиб келадилар.

Озодликнинг “Ўзбек форуми” нега хулоса беришда бу жиҳатларини эътиборга олмади, деган саволига Умида Ниёзова қуйидагича жавоб берди:

“Тўғри, ўтган йил ҳам баъзи ташкилотлар ходимларини пахта теримига мажбуран юборгани ҳолатлари кузатилди. Лекин бу оммавий эмас. Биз бошқа муаммолар ҳақида ҳам ҳисобот тайёрлаяпмиз. Кластер ва фермерлар орасидаги муносабатлар, фермер ерларининг ноқонуний олиб қўйилишидан хабардорман. 2009 йилдаги петиция эса болалар меҳнати, мажбурий меҳнат ҳақида эди. Бойкот ҳам айнан шунга қарши эълон қилинган эди ва бу соҳада биз ижобий ўзгаришга эришдик. Қолган муаммоларни яна кузатиб борамиз”.

Тошкент вилоят, Бўка туманидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, шаклан ўзгарган мажбурий меҳнат моҳиятан йўқолиб кетмаган:

“Бойкот болалар меҳнатига қарши эди. Мана бугун олиб ташланди. Аслини олганда бола меҳнати ҳам, мажбурий меҳнат ҳам шундай турибди. Буни чиройли йўлини қилиб қўйишди. Ўша қишлоқ аҳолисининг болалари хоҳлайдими, йўқми, барибир чиқиб пахтани терди, хоҳлайдими, йўқми, пахта чопиғида ишлади. Фарқи шундаки, олдингидай сопровождениялар билан, ур-тўполон қилиб пахтага чиқариш йўқ бўлди. Давлат пахта тердириш масъулиятини ўзидан соқит қилиб, хусусий секторга берди. Қишлоқ аҳолиси ва болалари хусусий секторга қарам бўлиб қолди. Уч-тўртта молини боқиш учун, бир-икки сўм даромад олиш учун, такрорий экин экиш учун, теримда нақд пул бергани учун ишлаб беришга мажбур. Кунига юз кило пахта терадиган қишлоқ болалари бор-да”.

Иккинчидан, - дейди фермер, - деҳқонларни мажбурлаб шартнома қилдириш аввал қандай бўлса, шундайлигича сақланиб қолди:

“Кластер ҳозир айтганини қилдиряпти. Бўм-бўш бланкага печать босиб, имзо қўйдириб оляпти. Кластер кредитни ўзи оляпти, хоҳлаган фоизини қўйиб, фермерга беряпти. Олдин кредитни ўзимиз олиб, хоҳлаган йўналишимиз бўйича ишлатардик. Ҳозир битта монополистнинг қўлига қараб қолган гадойдекмиз. Итга суяк ташлагандек ташлаб қўяди, хоҳласанг шу, хоҳламасанг шу ҳам йўқ. Кеча вилоят ҳокимининг янги муовини келди, кластерга ишонмасанг ёнингдан олиб қил, дейди. Унда нега кластерга ресурсларни беряпсан. Агар савол берсанг, президент сиёсатига қаршимисан, деб оғзингга уради”.

Исми сир қолишини сўраган жиззахлик фермер ўзбек пахтасига бойкот бекор қилинганига хурсанд бўлганини айтар экан, айни пайтда президентга қариндош бўлган айрим маҳаллий кластерлар фермерларни хонавайрон қилаётганини таъкидлайди:

“Биз Дўстлик туманида ишлаймиз. Энг кўп пахта етиштирувчи туманлар ўнталигига киради. Бизда “Сангзор Текстил” деган кластер бор. Президент Мирзиёевга қуда кластер. Уч йил ишлаб барака топмадик бу билан. Кластер кредит олади, фоизини фермер ҳисобидан ёпади. Пахтани энг ками 8-10 фоиз скидка билан олди. Пахтани қуритишга ҳам фермер ҳисобидан пул чегирди. Юз тонна пахта топширган фермер 8-10 тонна зарарга киради. Солярка берса 10 фоизини нагло олиб қолади. Фермерларни тамоман хонавайрон қилиб ташлади”.

(Озодлик номи тилга олинган кластер президент қариндошларига алоқадорлигини тасдиқловчи ҳужжатларга эга - таҳр.)

Фермернинг айтишича, болалар меҳнати йўқолиб, энг катта муаммо – фермерларни мажбурлаб ишлатиш сиёсати пайдо бўлди:

“Қаранг, президент кластер танлаш ҳуқуқини берди, хоҳлаган кластер билан ишлашга ҳақларинг бор, деди. Туман фермерлари бу кластердан безиб, Зафаробод туманидаги “Жиззах Кентекс” билан шартнома тузишга келишдилар. 150та фермер шартнома ҳам тузиб улгурган эди. Чунки, у кластер фермерлар билан ҳалол ишлар экан. Скидка 2-2,5 фоиз, пахта қуритишга пул йўқ. Аванс вақтида берилади, соляркадан 10 фоиз уриб қолмайди, хуллас, бизга жуда маъқул келди. Кеча туманда мажлис бўлди. "Сангзор текстил"нинг ҳамма найранглари айтилди, фермерлар бу билан шартнома қилмаймиз, деди. Лекин ҳеч нарса бўлмади. 150 фермер шартномаси отказ қилинди. “Сангзор Текстил”га мажбур шартнома қиласан деяпти. Президент қарори ҳам бир чақа. Зўрники тегирмон юргизади, деб шуни айтадилар. Ана мажбурлаш қанақа бўлади. Cotton Campaign мард бўлса, ана шуларни ўргансин, "Ўзбек форуми" ана шуларни ўргансин. Чунки шу пахта, ўша пахта, ўзгариб қолгани йўқ!”

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни йўқ илиш учун кетма-кет бир неча қарорлар чиқарди.

Пахта етиштиришни давлат секторидан чиқариб, кластерларга топширди.

Аммо фуқаролик жамияти фаоллари пахта етиштиришда мажбурий меҳнатнинг бошқа кўринишлари мавжудлигини ва кластерлар ўз манфаатини кўзлаган ҳолда, фермерлар ва уларнинг ишчилари ҳуқуқларини поймол қилиб келаётганини айтмоқдалар.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида ўтказилган ислоҳотлар ижобий самара бермаганини фермерлар кўп таъкидлайди.

Уч йилдан буён қишлоқ хўжалиги соҳасида кластер тизими ташкил этилганига қарамай, ҳали ҳам маҳаллий ҳокимият икки мустақил субъектнинг ишларига аралашишдан тўхтагани йўқ.

Фермерлар кластерларни шартномадаги ўз мажбуриятларини бажармаганликда, ҳукуматни эса пахта ва буғдой харид нархини жуда ҳам паст белгилашда айблаб келади.

XS
SM
MD
LG