Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:24

Уруш оқибатлари: Ун, шакар, ёғ нархи ошиб боряпти, Қозоғистон буғдой экспортини камайтириши мумкин


Ўзбекистонда буғдой ва ун нархининг яна ошиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда буғдой ва ун нархининг яна ошиши кутилмоқда.

БМТ экспертлари прогнозига кўра, Россия Украинада бошлаган уруш бутун дунёда озиқ-овқат маҳсулотларининг танқислигига, айрим давлатларда эса очарчиликка олиб келиши мумкин.

Бунинг асосий сабаби – дунё бозоридаги кунгабоқар ёғи, буғдой, маккажўхори, арпа сингари муҳим озиқ-овқат маҳсулотларининг анчагина қисми Украина ва Россия ҳиссасига тўғри келади.

БМТ ҳисобига кўра, Украина ва Россия кунгабоқар ёғи ва буғдойи бошқа давлатларга етказиб берилмаслиги сабабли дунёда 40 миллион киши қашшоқлик даражасига тушиши мумкин.

Россия ҳукумати ҳам 14 мартдан бошлаб Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларига бир қанча турдаги донли экинлар, оқ шакар ва шакарқамиш экспорт қилишни тақиқлади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 март куни ўтказган видеоселектор йиғилишида мамлакат озиқ-овқат таъминоти барқарорлигини сақлаш вазифасини қўйган эди.

Россиянинг Украинага босқини оқибатлари Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистонда ҳам жиддий сезила бошлади.

Тошкентлик истеъмолчи Абдураззоқ Содиқовнинг айтишича, сўнгги ҳафтада шакар бирданига 50 фоизга қимматлаган:

Ёғ беш килолиги 90 минг сўм эди, ҳозир 120 минг сўмга чиқди

“Кеча Қорақамишдаги Тансиқбоев бозорига чиққанимда шакарнинг бир килоси 15 минг сўмга сотилаётганини кўрдим. Ўн кун аввал 9 минг сўм эди. Давлат хизматлари шу нархда сотаётган эди. Ҳозир бу нархда умуман йўқ. Ҳар йили қулупнай мавсумида бир кўтарилиб тушарди. Лекин ҳали бизда қулупнай пишгани йўқ. Россиядан келадиган ўсимлик ёғи беш килолиги 90 минг сўм эди, ҳозир 120 минг сўмга чиқди. Бу ўзбек сўмининг долларга нисбатан қадрсизланиши сабабли бўлаётган бўлса керак”.

Сирдарёлик тадбиркор Ўлмас Қаҳҳоровнинг айтишича, одамлар орасида “озиқ-овқат нархлари яна ошармиш, запас қилиб қўйинглар”деган ваҳима пайдо бўлган:

Қанд лавлагини ҳам ўзимиз етиштиролмайдиган ҳолга келиб қолдик, шекилли.

“Бугун Гулистондаги бозорга тушдим. Бир ой аввал 80 минг сўм турадиган Россиянинг ўсимлик ёғи 120 минг сўм бўпти. Битта олгандим, таниш сотувчи ака яна 3-4та олиб қўйинг, яна икки долларга ошади, деди. Ўзи учма-уч қилиб яшаётган бўлсам, нимамга запас қиламан, дедим. Шакар эса 18 минг сўмга чиқди. Ўзимизнинг Хоразм ва Ангрендаги шакар заводлари етказиб беролмаяпти экан. Чунки хом ашё Россиядан келади экан. Қанд лавлагини ҳам ўзимиз етиштиролмайдиган ҳолга келиб қолдик, шекилли. Нон ҳам камида 20 фоизга қиматлади. Беш минг сўмлик патир нонлар 6-7 минг сўмга чиқиб кетди. Ўзимизда ишлаб чиқарилган 25 килолик ун 120 минг сўм бўпти. Давлат нархи эса 70 минг сўм. Бу уруш ҳамма томондан таъсир қиляпти, одамлар ваҳимага тушиб қолган”.

Жиззах вилояти бозорларида ҳам айни шундай ҳолат кузатиляпти.

Дўстлик туманида яшайдиган ишчи Карим Абдуҳошимовнинг айтишича, нафақат ёғ ва ун, балки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳам қимматлаган:

Уйимга меҳмон келса бир кило гўшт олишга қийналиб қолдим

“Қозоқ унини ейишга пулим йўқ. Шунга нархини ҳам билмайман. Ўзимизнинг унни эса аниқ биламан, 140 минг сўмга бериладиган 50 килолик ун 200 минг сўмдан ошиб кетди. Бир ярим минг сўмлик пиёз уч минг сўмга, уч минг сўмлик картошка 5 минг сўмга, бир ярим минг сўмлик сабзи уч минг сўмга, ўн минг сўмлик шакар ўн саккиз минг сўмга чиқиб олди. Менинг ўзим 2 миллион сўм маош оламан. Етказолмаяпман, уйимга меҳмон келса бир кило гўшт олишга қийналиб қолдим”.

Россиянинг босқини сабаб, Украина ҳукумати гўшт, сули, жавдар, гречка, шакар, шарбат ва туз экспортини тўхтатди. Буғдой, маккажўхори, парранда гўшти, товуқ тухуми ва кунгабоқар ёғи каби маҳсулотлар экспорти мамлакат иқтисодиёт вазирлигининг тегишли рухсатномаси билан амалга оширилади.

Айни пайтда, Россия ҳукумати ҳам 14 мартдан бошлаб Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларига бир қанча турдаги донли экинлар, оқ шакар ва шакарқамиш экспортига тақиқ қўйилди. Жорий йилнинг 30 июнига қадар буғдой, арпа, меслин, маккажўхори ва жавдар 31 августга қадар эса шакар экспорт қилиш тўхтатилди.

Бу тақиқлар Россия ва Украина билан катта савдо айланмасига эга бўлган Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам таъсир қилмасдан қолмайди.

Зеро 2021 йилда Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардан олган озиқ-овқат маҳсулотларининг 27,3 фоизи Россия ва 2,2 фоизи Украина ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистонга дон маҳсулотларининг асосий экспортери Қозоғистон ҳисобланади.

Газета.уз маълумотига кўра, Қозоғистондан 2021 йилда дон маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми 648,3 млн долларни (умумий импортнинг 97,9 фоизи), ун эса 92,9 млн долларни ташкил қилган (97,2%).

Аммо Қозоғистон аъзоси бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзо давлатларга дон маҳсулотлари экспортига вақтинча тақиқ қўйди.

14 март куни Россия бош вазири Михаил Мишустин шакар ва дон экспортини вақтинчалик тақиқлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Гарчи Россиянинг Ўзбекистонга буғдой экспорти арзимаган миқдорда бўлса-да, лекин бу ҳам нарх-наволарнинг кўтарилишига хизмат қилиши мумкин.

Қозоғистон Миллий статистика агентлиги бюроси маълумотига кўра, 2021 йилда ғалла ҳосили қурғоқчилик туфайли аввалги йилларга нисбатан 21 фоиз кам етиштирилган.

Қозоғистон бу бўшлиқни тўлдириш учун Россиядан экспорт божисиз буғдой сотиб ола бошлади. Агар Россия Қозоғистонга буғдой экспортини тўхтатган бўлса, Қозоғистон ҳам Ўзбекистонга буғдой сотишни камайтириши эҳтимоли бор.

Озодлик олган хабарларга кўра, айни пайтда бу масала Қозоғистон ҳукуматида муҳокама қилинмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 март куни ўтказган видеоселектор йиғилишида мамлакат озиқ-овқат таъминоти барқарорлигини сақлаш вазифасини қўйган эди.

Аввалроқ Мирзиёев ҳукуматга Ўзбекистоннинг “айрим савдо ҳамкорлари”га қўлланаётган санкциялар оқибатларини камайтиришга оид режа ишлаб чиқишни топширганди.

Кун.уз нашрининг ёзишича Ҳиндистонлик савдогар илк бор Ўзбекистонга тижорат юкини Покистон ва Афғонистон орқали транзит қилиб юборган.

140 тонна юк (асосан шакар) ортилган машиналар карвони Кобулдан Тошкентга жўнаб кетган. Бунгача юк «Мумбай – Карачи – Турхам» йўналиши бўйлаб келган.

XS
SM
MD
LG