Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:13

“Қозоғистон ва Ўзбекистон учун фалокат”. Россия интернетдан узиб қўйилса нима бўлади?


Ғарбнинг ижтимоий тармоқлари ва мустақил ОАВ ни тақиқлаётган Россия умуман глобал интернетдан воз кеча оладими? У ҳолда глобал тармоққа Россия орқали уланган Қозоғистон нима қилади? Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлар-чи?

Қайси провайдерлар Россияни интернетдан узди?

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг дунёга машҳур брендлар ва йирик технологик ширкатлар Россия бозорида ишлашдан воз кечди. Москва билан алоқаларини узган ширкатлар сирасида жаҳонда энг йирик магистрал интернет-провайдерлар бўлмиш Gogent ҳамда Lumen Tecnologies ширкатлари ҳам бор.

Cogent 4 март куни Россиядаги мижозларига хат йўллаб, маҳаллий провайдерларнинг жиҳозлари ўчирилиши ва уларни 30 кун ичида олиб кетиш зарурлиги ҳақида огоҳлантирди.

“Қўпол қилиб айтганда, Gogent провайдери Россиядаги провайдерларига тегишли жиҳозлардан ўз кабелларини суғуриб олди, вассалом – ҳозирда Gogent орқали интернетга уланиш тўхтаган”, дейди Internet Society Kazakhstan жамоат бирлашмаси директори Талгат Нурлибаев.

Тармоқлар ишини назорат қилувчи Kentik ширкатининг (АҚШ) интернет тадқиқотлари бўйича директори Даг Мадорига кўра, Cogent’нинг Россиядаги мижозлари “Ростелеком” давлат телекоммуникация ширкати, “Транстелеком” миллий оператори, шунингдек VEON ва “МегаФон” хусусий ширкатларидир. “Ростелеком” билан “Транстелеком” интернетни қисман Lumen орқали ҳам олади. Мазкур ширкат эса Россияни Тармоқдан узиб қўйиш қарорини хавфсизлик масалалари билан изоҳлади. Телекоммуникация соҳаси экспертлари айтишича, Lumen Россиянинг энг йирик маълумотлар таъминотчисидир.

Lumen Россия билан алоқаларини узиши ҳақида баёнот берганига қарамай, Kentik директори Даг Мадори Озодликнинг қозоқ хизматига ширкат Россиядаги фаолиятини ҳозирча тўхтатмаганини айтди. Cogent эса Россиядаги мижозларидан фақат “Ростелеком” ҳамда айрим кичик телекоммуникация ширкатларига хизмат кўрсатишни тўхтатган холос.

“Муаммо нимадалигини билмайман, бироқ ушбу ширкатлар, афтидан, Россиянинг яккалаб қўйилишидан манфаатдор эмасдек. Lumen билан Cogent Россия орқали транзитни буткул тўхтатиб қўйганида бу нафақат Россияда, балки Қозоғистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатларида ҳам интернет ишлашига таъсир қилган бўлур эди”, дейди Мадори.

Россия интернети Қозоғистон билан қандай боғланган?

Қозоғистон интернетга – Россия орқали, Россия эса ўз навбатида Европадаги трафик алмашув нуқталари орқали уланган.

“Қозоғистон интернет-трафигининг камида 95 фоизи Россия орқали келади”, дейди Internet Society Kazakhstan директори Талгат Нурлибаев.

Қозоғистондаги энг йирик интернет-провайдер – бу “Қозоқтелеком” АЖ (у “Алтел” ва “Теле2” ширкатларининг ягона пайчиси ҳамда “Кселл” акциялари назорат тўплами эгаси ҳисобланади). Ширкат вакили Озодликка “Қозоқтелеком”нинг интернет тармоғига уланишни таъминлаш бўйича “турли мамлакатлар, жумладан Россия Федерациясидаги қатор халқаро провайдерлар билан” тузилган шартномалари борлигини, “бунда мустақил захира йўналишлардан фойдаланиши”ни маълум қилди.

АҚШдаги Kentik ширкатининг интернет таҳлиллари бўйича директори Даг Мадори эса Қозоғистон интернети Россияга бутунлай тобелигини айтади ва “Россия интернетидаги ҳар қандай ўзгариш Қозоғистонда алоқа таъминотига таъсир этади”, дейди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг энг йирик провайдери бўлмиш “Қозоқтелеком” халқаро ўтказиш полосаси ёки транзитни Россиянинг беш ширкати – “Ростелеком”, “Транстелеком”, “МегаФон”, VEON ва China Mobile (Russia) орқали олади.

Даг Мадори Kentik ширкатининг тармоқлар ишини кузатиш, телекоммуникациялар ва транзит билан қандай боғланганини аниқлаш воситаларига таяниб шундай баёнот берди. Washington Post газетаси аввалроқ Мадорини “ҳамма нарсани кўра оладиган одам” дея таърифлаган эди.

Internet Society Kazakhstan жамоат бирлашмаси директори Талгат Нурлибаев ҳам Қозоғистон провайдерлари глобал интернетга Россия орқали уланганини айтади.

Унинг қайд этишича, асосий контент-провайдерлардан YouTube, Facebook кабилар АҚШ ҳудудида, айримлари эса Европада жойлашган. Бу контент-провайдерларга уланиш учун алоқа линиялари ўтказиш, яъни ер остидан ва океан тубидан оптик-толали кабель тортиш керак бўлади. Линия бўйлаб муайян оралиқда кабель орқали ўтиш жараёнида сусайиб қолган сигнални кучайтириб берадиган жиҳозлар ўрнатилади. Минтақалар ва мамлакатлар ўртасидаги асосий боғланмаларни биринчи даражали (Tier-1) провайдерлар ўтказади.

Нурлибаевга кўра, интернет глобал инфратузилмасининг яна бир муҳим элементи бу трафик алмашиш нуқтаси (Traffic Exchange Point — IXP) бўлиб, унда барча йирик ва минтақавий провайдерлар кесишади. Мисол учун, Россия провайдерлари Европадаги трафик алмашиш нуқтасига уланган. Эксперт Лондондаги глобал трафик алмашиш нуқтаси – LINX (London Internet Exchange) яқинда Россияни интернетдан узганини эслатди. Бироқ Россия рақамли ривожланиш вазирлиги “Мегафон” ва “Ростелеком”нинг LINX интернет-трафигидан узилиши Россияда интернет тезлигига таъсир этмаслигини, трафик бошқа алмашиш нуқталаридан қабул қилинишини билдирди.

“Мен “Қозоқтелеком” глобал трафик алмашиш нуқталарига уланган деб ўйламайман. Бинобарин, у Россиядаги провайдерлар ёки Россиянинг трафик алмашиш нуқталари орқали ишлаши керак. Россияда трафик алмашиш нуқталари глобал аҳамиятга эга эмас, аммо МДҲ учун улар минтақавий аҳамият касб этади”, дейди Нурлибаев.

Россия жаҳон интернетидан ажратилган тақдирда Марказий Осиё интернетсиз қоладими?

Экспертлар фикрича, дунёнинг энг йирик провайдерлари Россияни интернетдан узиб қўйиши эҳтимоли жуда кам, чунки бу шусиз ҳам дунёдан узилиб қолаётган Россия аҳолиси муқобил ахборотдан маҳрум бўлади, деганидир.

Украинага босқин бошланганидан сўнг Россия ҳукумати мамлакатдаги 100 дан зиёд мустақил ОАВни блоклаб қўйди. Яқинда Москванинг Тверь тумани суди Meta ширкатини экстремистик ташкилот деб топиб, унга қарашли Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларини тақиқлаб қўйди. Энди бўлса Россия ўзини глобал интернетдан ажратиб, бир неча йил муқаддам тайёрланган “ўз интернети”га ўтиши мумкинлиги ҳақида гапира бошладилар.

Москвада автоном интернетга ўтиш ғояси 2014 йили – Қрим аннексиясидан сўнг АҚШ Россияга қарши санкциялар жорий қилган пайтларда туғилган. Ўшанда Федерация кенгаши аъзоси Максим Кавжарадзе Россияда фойдаланиш учун “АҚШдан мустақил” ахборот тизимини яратишга чақирган ва уни совет мультфильми қаҳрамонлари номи билан “Чебурашка” ёки “Тимсоҳ Гена” деб номлашни таклиф қилган эди. Одамларнинг кулгисини қистатган бу ҳазил кўп ўтмай чинга айланди – Давлат Думаси “суверен интернет” лойиҳасини маъқуллади. Халқ Кавжарадзенинг таклифини эслаб, унга “чебурнет” деб ном қўйиб олди.

2019 йил ноябрда Россияда суверен интернет тўғрисидаги қонун кучга кирди. Қонунга мувофиқ, алоқа операторлари ўз тармоғида “уларни таҳдидлардан ҳимоя қилувчи ва трафикни фильтрлай олувчи” жиҳоз ўрнатишга мажбур. Мазкур жиҳоз Россияда тарқатиш тақиқланган ахборотни чеклашга ёрдам беради.

Қонун операторларнинг трафик алмашиш нуқталари устидан давлат назоратини кучайтиради. Россия ҳукумати маълумотига кўра, Роскомнадзор трафикни марказлаштирилган ҳолда бошқариши ва провайдерлар уланган ташқи трафик алмашиш нуқталаридан келган сигналларни тўсиб қўйиши мумкин. Бунақа шароитда Россиядаги хорижий сайтлар ҳамда серверлари бошқа мамлакатларда жойлашган Россия сайтлари очилмай қолади.

Бир йил аввал Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев Россия глобал интернетдан узилиб, суверен Рунетга ўтишга техник жиҳатдан шайлигини айтган эди. Мамлакат 2019–2020 йилларда Рунет ишини бир неча бор синовдан ўтказган – маълум қилинишича, “текширув муваффақиятли кечган”.

Шу муносабат билан асосли савол туғилади: “Россия ўзига қўшиб Қозоғистонни ҳам глобал интернетдан узиб қўйиши мумкинми?”

“Қозоқтелеком” Озодликнинг айни саволига жавобан Россия автоном интернетга ўтган тақдирда бу Қозоғистонда тармоқ фаолиятига таъсир эмаслигини, чунки мамлакат интернетни жумладан Европадаги терминация нуқталаридан Россия ҳудуди орқали “транзит” билан ҳам олишини билдирди.

“Қозоқтелеком” рискларни минималлаштириш учун чет элда носозликларга чидамли тармоқ архитектурасини яратишни режалаётганини маълум қилди. Айтилишича, муқобил йўналишларга таянадиган мазкур чора интернетга транзит автоном тизимлар ва операторларсиз уланиш имконини беради.

10 миллиондан ортиқ фойдаланувчиси бор Beeline Kazakhstan оператори вакили Озодлик билан суҳбатда Россиянинг глобал интернетдан фойдаланишдан воз кечиши Қозоғистонда Beeline мижозларига таъсир этмаслигини таъкидлади.

Beeline Kazakhstan оператори TNS-Plus билан ҳамкорликда (булар иккиси ҳам VEON ширкатлар гуруҳига киради) қўшни мамлакатлардаги йирик провайдерларга уланган шохчаланган магистрал тармоқни ривожлантирган. Ширкат изоҳ беришича, бу – очиқ каналлардан биронтаси (масалан, Россия канали) етарлича сифат даражасини таъминлай олмаган тақдирда трафик бошқа мамлакатлар (Хитой, Европа) орқали йўналтирилишини англатади.

Рақамли ривожлантириш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири муовини Асхат Ўразбек ҳам Россия автоном интернетдан фойдаланишга ўтса, Қозоғистон глобал интернетга Хитой орқали уланиши мумкинлигини тасдиқлади. Мулозим парламентдаги чиқишидан сўнг журналистларга интервью бераркан, Қозоғистон интернетга нафақат Россия, балки Хитой орқали ҳам уланганини айтди. Ўразбекка кўра, Қозоғистон Европадан қанча трафик олса, Хитойдан ҳам шунча олиши мумкин.

Бироқ экспертлар Хитой орқали уланиш Россиядан келадиган трафик ўрнини босолмайди, бу ҳолатда интернет тезлиги сезиларли даражада пасаяди, деб ҳисоблашмоқда.

“Трафик Европадан Хитой орқали келадиган бўлса, трафик жўғрофик жиҳатдан ҳаддан ортиқ узоқ “йўл босади”, шу боис интернет тезлиги камайиши турган гап. Мавжуд каналлардан Хитойга борадиган трафик эса катта эмас, шундай экан, Хитой орқали интернетга уланишни ташкил қилиш ва уни Россиянинг муқобилига айлантиришдан олдин трафик оқимини ошириш лозим”, дейди Мадори.

Мадори қайд этишича, Қозоғистонга China Telecom орқали келадиган транзит трафик ҳажми гапиришга ҳам арзимайди.

“Вазир муовини ё аҳволдан бехабар, ёки ёлғон сўзлаяпти. Унинг баёноти мени ҳайратда қолдирди. Мулозимлар муаммони мутлақо тушунишмайди, қолаверса, Қозоғистонда вазият нақадар жиддийлигини идрок этишмайди. Биринчидан, Хитойда фаервол (Ғарб сайтлари ва ижтимоий тармоқларини блокловчи тизим) мавжуд, у бўлмаганида ҳам глобал интернетни Хитой орқали олиш номаъқул қарор, чунки тезлик жуда сусайиб кетади. Хитой ва Тинч океани орқали Европа ва Америкача масофа – ҳатто интернет кабели ичидан “юрадиган” электромагнит сигналлар учун ҳам анча узоқ. Бунақа интернет ҳам қиммат, ҳам суст бўлади”, дейди Талгат Нурлибаев.

Экспертлар, Россия глобал интернетдан узилган тақдирда Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари Тармоқдан ташқарида қолиб кетиши мумкинлигини башорат қилишмоқда.

Чунончи, Мадорига кўра, Россия ўзини глобал тармоқдан ажратиши эҳтимолдан узоқ, лекин агар шунга қарор қилса, “бу бутун Марказий Осиё учун фалокат бўлади”.

Мадори, Россиядаги асосий интернет-транзит провайдерлари ишлашдан тўхтаса, Қозоғистон, Россия билан бирга глобал интернетдан узилиб қолишини урғулайди.

“Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон жаҳон интернетига Қозоғистон орқали улангани сабаб ушбу мамлакатлар ҳам глобал интернетдан кесилади”, дея изоҳ беради у.

Эксперт мазкур хатар Туркманистон ҳамда Монголияга ҳам тааллуқлилигини, аммо уларда бу “енгилроқ” кечишини, чунки бу мамлакатлар интернетни Эрон ва Хитойдан ҳам олишини айтади.

“Бордию Путин Россияни интернетдан узиш керак, деган фикрга келса, у Марказий Осиё мамлакатларини ўйлаб ўтирмайди – уздиради, вассалом. Зеро, Россия ўз иттифоқчиларига тупуриб қўйганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Аслида биз иттифоқчи ҳам эмас, сателлит мақомидамиз. Сателлитларга у икки карра тупуриб қўйган. Марказий Осиё мамлакатлари интернетга Қозоғистон орқали уланади. Бинобарин, бу фақат Қозоғистоннинг эмас, бутун минтақанинг муаммосидир”, дейди Талгат Нурлибаев.

XS
SM
MD
LG