Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:51

UzAuto Россияга "экспортни тўхтатди". Ўзбекистонда машина арзонлайдими?


UzAuto Motors ишлаб чиқарган "Равон" автомобили Россияда энг кўп сотилган уловлардан.
UzAuto Motors ишлаб чиқарган "Равон" автомобили Россияда энг кўп сотилган уловлардан.

Ўзбекистоннинг автомобил саноати монополиячиси UzAuto Motors Россия бозорига GM машиналари етказиб беришни тўхтатган. Бу ҳақда Eurasianet нашри хабар берди.

UzAuto Motors ишлаб чиқарадиган GM компаниясининг Chevrolet автомобилларида Жанубий Кореянинг яримўтказгичлари ва микросхемалардан фойдаланилади. Ўтган ой Жанубий Корея Россияга қарши Ғарб санкцияларига қўшилган.

Агар UzAuto Motors Россияга автомобиль етказиб беришда давом этса, Андижон шаҳри яқинида жойлашган завод зарур бўлган бутловчи қисмларсиз қолиши мумкин, - деб ёзди Eurasianet.

UzAuto Motors матбуот котиби Алексей Агуреев Озодлик билан суҳбатда Россияга автомобил етказиб бериш тўхтатилгани ҳақидаги хабарни тасдиқламади, аммо рад ҳам этмади.

“Бу ҳақда сизга ҳеч нарса айтолмайман, шу хабарни тарқатганларни ўзларига боғланганингиз маъқул”, - деди Агуреев Озодлик билан қисқа телефон суҳбатида.

GMнинг Детройтдаги вакили эса Eurasianet нашрига UzAuto Motors Россияга Chevrolet автомобилларини экспорт қилишни 9 март куниёқ тўхтатганини маълум қилган.

Россиянинг Украинага тажовузи туфайли ўрнатилган АҚШ ва Европа Иттифоқи санкциялари қатор Ғарб ширкатларининг Россиядан чиқиб кетишига сабаб бўлди.

Ўтган ой бошида General Motors Украинага босқин ортидан Россиядаги фаолиятини тўхтатганини билдирганди.

“Қувончли хабар”

UzAuto Motors Россия бозорига GM машиналарини етказишни тўхтатгани ҳақидаги хабарлар ортидан тармоқ фойдаланувчилари ва айрим блогерлар автомобил нархлари тушишини башорат қилишди.

“UzAuto Motors машиналарини Россияга ўзимиздаги нархларга қараганда ўттиз фоиз арзонга экспорт қилиб келган. Биз эса ўзимизда чиққан машиналарни харид қилиш учун олдиндан қиммат нархда пул тўлаб, ойлаб кутамиз. Энди шу машиналар ўзимизни мижозларга сотилса навбатлар камайиб, нархлар тушармиди?”, - деб ёзди ўзбекистонлик блогер Нодир Ҳожиматов Телеграм саҳифасида.

Иқтисодчи Отабек Бакиров эса Ўзбекистон Россияга автомобил етказиб беришни тўхтатгани ҳақидаги хабарни “қувончли хабар” деб атади.

“UzAuto Motors учун Россия асосий экспорт бозорларидан бири ҳисобланади, циклик кризислар кузатилган аввалги йилларда (масалан, 2009, 2014-15) Россияда сотувларнинг тўхтатилиши ёки камайиши ҳар доим ички бозорнинг тўйиниши ва нархларни пасайиши каби ўзбекистонликлар учун вақтинчалик қувончларни келтирган”, - деб ёзди иқтисодчи Телеграм каналида.

Москвадаги “Авилон” автодилерлик марказининг савдо бўйича менежери Николай Колядин Озодлик билан суҳбатда Россияга машина экспортининг тўхташи билан Ўзбекистонда автомобилларга таклиф ортишини савол остига олди.

“Бир неча йил аввал Россия UzAuto Motors учун жуда катта бозор эди, лекин ҳозир эиас. Сўнгги йилларда вазият ўзгарган. Россияда Ўзбекистондан импорт қилинадиган машиналарга талаб ҳам анча камайган. Ўзи аслида бу машиналар Россия бозорида ҳеч қачон рақобатбардош бўлолмаган. UzAuto Motors Россияда энг кўп сотилган машиналар йигирматалигига ҳам кирмаган. Беш-олти йил илгари, “Ravon” машиналари нисбатан кўп сотилган эди. Лекин 2019 йилдан UzAuto Motors машиналари сотилиши камайди. Шунинг учун Россияга машина экспорти тўхтагани Ўзбекистон бозори учун катта ўзгариш ясайди, деган фикрдан йироқман”, - дейди Колядин.

“Ўзавтосаноат” маълумотига кўра, Ўзбекистон 2021 йилда Россияга атиги 320 дона машина экспорт қилган.

Яримўтказгич ва микросхемалар етишмовчилиги сабаб Андижондаги заводда ишлаб чиқариш ҳажми 2021 йилда 2020 йилдагига қараганда қарийб 16 фоизга камайган.

Машина экспорти эса ўтган йили 38 фоизга ошгани айтилади.

2021 йилда Ўзбекистон 10 та давлатга 281, 8 миллион долларлик 28952 та автомобил экспорт қилган.

Ўзбекистондан энг кўп машина ҳарид қилган давлат эса Қозоғистондир. Ўтган йили Ўзбекистон Қозоғистонга 26 970 дона автомобил сотган.

Бу Ўзбекистон четга экспорт қилган машиналарнинг қарбийб 96 фоизини ташкил қилади.

Украина 448 та автомобил билан иккинчи, Россия эса 320 та автомобил билан учинчи ўринни эгаллаган.

2019 йилда эса Ўзбекистон автомобиль экспортининг 12 фоизи Россияга тўғри келган эди.

Тақчил, қиммат ва сифатсиз

Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб ўз автосаноатини ташкил қилган мамлакатдир.

Андижоннинг Асака ва Хоразмнинг Питнак шаҳарларидаги заводларда ҳар йили 300 мингга яқин автомобил ишлаб чиқарилади.

Аммо жаҳондаги автомобил ишлаб чиқарувчи 28 давлатнинг бири бўлишига қарамай, Ўзбекистон ўз аҳолисига автомобил етказиб беролмайди. Ўзбекистонликлар машина учун тўлов қилгандан сўнг бир неча ойдан бир йилгача уларнинг етказиб берилишини кутишга мажбур.

Ва бу машина нархларининг юқорилигига қарамасдан. . Ўзбекистонлик истеъмолчилар монополиячи ширкатни ўзи истаганича нарх сиёсатини юритишда айблашади. Истеъмолчилар ва мутахассислар ички бозорга чиқарилаётган автомобилларнинг сифати ҳеч қандай танқидга дош бермаслигини ҳам айтиб келишади.

2020 йилда Ўзбекистоннинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAuto Motors ширкатини мaшиналар нархини асоссиз кўтаришда айблаб, нархларни туширишни сўраган.

UzAuto Motors бунга жавобан қўмитани маҳкамага берган эди.

Маъмурий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди UzAuto Motors фойдасига ҳукм чиқарган.

UzAuto Motors эса сал ўтиб машина нархларини 21 фоизгача кўтарган эди.

Шу йил февралида ҳукумат хориждан олиб кирилган янги автомобиллар учун бож ставкасини 30 фоиздан 15 фоизга туширган, аммо иқтисодчиларга кўра, бу UzAuto‘нинг монополиячи мавқеига сезиларли таъсир кўрсатмайди.

Президент Шавкат Мирзиёев бир неча бор UzAuto Motors Ўзбекистонга фойда келтирмагани, ўзбекистонликлар автомобилни хорижга сотилганидан қимматроқ нархда сотиб олаётганликларини танқид қилган, аммо амалда автомобил бозоридаги вазият ўзгаришсиз қолмоқда.

XS
SM
MD
LG