Reckitt Benckiser Россиядаги бизнесини бутунлай тўхтатди
Британиянинг маиший кимё маҳсулотлари ва дори-дармон ишлаб чиқарувчи Reckitt Benckiser ширкати (Nurofen, Calgon, Clearasil, Durex, Lysol брендлари) Россиядаги бизнесини бутунлай тўхтатади.
Активлар сотилиши ёки россиялик ходимларга топширилиши мумкин.
Иш ҳақи тўлаш йил охиригача давом этади.
Европанинг 4 президенти Киев қишлоқларини айланди
Полша, Литва, Латвия ва Эстония президентлари 13 апрель чоршанба куни Киевдан 60 км шимоли-ғарбда жойлашган Бородянкадаги вайроналарни бориб кўрди.
Зеленский билан учрашиш учун Киевга жўнаб кетишдан олдин тўрттала президент кўчаларни айланиб, у ерда Россия кучлари томонидан вайрон қилинган биринчи бинони кўрди.
Кўчада фавқулодда қутқарув гуруҳлари вайроналарни тозалаш учун ишлаётганини кўриш мумкин.
Зеленский Бородянкадаги вайронагарчиликни Буча яқинидаги вайронагарчиликдан кўра “сезиларли даражада даҳшатлироқ” деб айтган. Иккала шаҳарда ҳам Россия ишғоли пайтида кўплаб тинч аҳоли ўлдирилгани айтиб келинмоқда.
Эстония президенти матбуот котиби Алар Кариснинг сўзларига кўра, Россия ҳарбий жиноятлари ҳақидаги даъволарни текширишда Украинага ёрдам бериш сафардан кўзланган мақсадлардан бири бўлган .
Россия ўз ҳарбийлари тинч аҳолини нишонга олганини инкор этиб, Украина ва Ғарбнинг уруш жиноятлари ҳақидаги даъволари уйдирма эканлигини айтиб келмоқда.
Ядро энергияси агентлиги Россияни аъзоликдан чиқарди
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ҳузуридаги Ядро энергияси агентлиги Россияни вақтинча аъзоликдан чиқарди. Қарор 11 майдан кучга киради.
Украинага урушга боришни хоҳламаган аскар хизматдан ҳайдалди
Россиялик ҳарбий хизматчи гувоҳномасига “Хоинликка, ёлғон гапиришга мойил. ДХР, ЛХР ва Украина ҳудудидаги махсус ҳарбий амалиётда иштирок этишдан бош тортди” деган ёзув туширилган муҳр босилиб, хизматдан бўшатилганини маълум қилди.
Унинг айтишича, бунга қадар етти ой Сурияда бўлган ва реабилитация таътилига чиқишга умид қилган. Аммо раҳбарият уни Украинадаги урушга жўнатишга қарор қилган.
Ҳарбийнинг исми очиқланмаган. Ҳужжатида у Доғистондаги 136-гвардия мото-ўқчилар бригадасида БМП механик-ҳайдовчиси бўлиб хизмат қилиши қайд этилган.
Муҳрни гувоҳномага бригада кадрлар бўлими бошлиғи, капитан Кирилл Жаров босган.
Россия Мудофаа вазирлиги бегона телеграм-канал орқали бунақа ҳолат бўлиши мумкин эмаслигини иддао қилмоқда.