Би-Би-Си рус хизмати: 1900 рус ҳарбийси ҳақида маълумот тўпланди
Би-Би-Си рус хизмати ҳалок бўлган россиялик ҳарбийларнинг номма-ном рўйхатини тузмоқда. Ҳозиргача қарийб 1900 нафар ҳарбий ҳақида маълумот тўпланди.
Рўйхатдагиларнинг бешдан бир қисмини зобитлар, қарийб 20 фоизини эса ҳаво десанти аскарлари ташкил қилмоқда.
Журналистлар маҳаллий ҳукумат идоралари, ОАВлар ҳамда ўқув юртларининг ҳарбийлар ўлимига доир расмий хабарномаларини, шунингдек, қабристонларда бўлган волонтёрлар ёрдамида олинган маълумотларни ўрганишмоқда.
Ўлганларнинг аксари Россиянинг иқтисодий оғир аҳволдаги ҳудудларидан чиққан. Инсон талафотлари энг кўп Доғистонда - камида 130 киши ўлган, Бурятияда - камида 90 киши.
Россия Мудофаа вазирлиги инсон талафотлари ҳақида охирги марта 25 март куни ҳисобот берган – ўшанда 1 минг 351 ҳарбий хизматчи ўлгани маълум қилганди.
Украина Қуролли кучларига кўра эса, Россия армияси 23 мингга яқин аскарини йўқотган.
ЕҲХТ мониторинг миссияси Украинадаги фаолиятини тугатмоқда
“Бу қарорга келиш қийин бўлди. Махсус мониторинг миссияси мандатини узайтиришга эришиш учун иштирокчи давлатлар билан сиёсий мулоқотлар чоғида барча муҳтамал вариантларни кўриб чиқдик, бироқ Россия Федерациясининг позицияси бизга миссияни тугатиш чораларини кўришдан бошқа танлов қолдирмади”, дейилади ЕХҲТ раҳбари Збигнев Рау номидан, ташкилот расмий сайтида эълон қилинган баёнотда.
Украинадаги Махсус мониторинг миссияси (МММ) 2014 йил, 21 март куни – Украина ҳукуматининг ЕХҲТга мурожаатидан сўнг ҳамда ташкилотга аъзо 57 мамлакатнинг якдил қарорига кўра ўз фаолиятини бошлаган эди.
Бу қуролсиз фуқаровий миссия бўлиб, унинг вазифалари Украинадаги вазиятни холис кузатиш ва бу тўғрида ҳисобот бериш, шунингдек можаро тарафлари ўртасида мулоқот олиб борилишига кўмаклашишдан иборат.
Аммо, ЕХҲТ кузатувчиларига нисбатан нафақат Россия ва россияпараст айирмачилар, балки Украина ҳукумати ҳам бир неча марта эътироз билдириб, уларни нохолислик ва тарафкашликда айблаган.
Миссия мандати 31 мартдаёқ тугаган, аммо уни узайтиришга умид қилинаётган эди.
Мариуполни тозалаш бошлади
Азов денгизи бўйидаги Мариупол порт шаҳри аҳолиси, икки ойлик ҳужумлардан сўнг, вайроналарни тозалаш, жасадларни қидиришга киришди.
Ҳозиргача шаҳар тeaтри вайроналари орасидан 11 кишининг жасади топилди. Хитой Глобал Телетармоғи мухбири Дмитрий Маслакнинг айтишича, қидирув тозалов ишлари энди-энди бошланмоқда.
"Менга ҳозиргина уяли телефондан смс келди, яъни биз ҳозир сигнал зонасидамиз. Унда "Азовстал" заводидан Виноградная кўчасигача бўлган "2 йўлак, саноат паркидан Лермонтова ва Подгорная кўчасигача бўлган 1 йўлак очиқ деб ёзилган. Бу хабар Азовстал пўлат заводининг ертўлаларида яширинган одамларга жўнатилгани кўриниб турибди. Хабар 777 рақамидан юборилган”, дейди CGTN мухбири Дмитрий Маслак.
Ҳозирча шаҳарда рус армиясининг қуруқликдаги кучлари томонидан ҳеч қандай ҳужум ёки бошқа ҳаракат кузатилмаётгани, аммо ҳаво ҳужумлари тинмай давом этаётгани хабар қилинмоқда.
Болгарияга борадиган газ тўхтатилди
Тўлов тарифлари ва шартларини ўзгартириш талаби бажарилмагач, Россия 27 апрелдан Болгарияга газ етказишни тўхтатди. София шаҳар кенгаши, ҳозирги заҳира билан газ таъминоти май охиригача узилмаслигини билдирди.
Кейин мазутга ўтиш режаланмоқда.
"Биз ушбу компаниянинг (Toplofikacia Sofiа) ишини тўхтата олмаймиз. Энг ёмон сценарий бўлиб агарда газ тугаб қолса, мазутга ўтишни режалаштиряпмиз. Бизда бир ойдан кўпроққа етадиган заҳиралар бор, лекин экологик нуқтаи назардан бу атроф-муҳит учун яхши эмас. Ҳукумат муаммога ечим топишига умид қиламиз”, деди София шаҳар кенгаши раиси Георгий Георгиев.
Раис шунингдек, давлатнинг ошган коммунал тўловларни қоплашда ёрдам бериш қарорини қўллаб-қувватлаган. Болгария Бош вазири Кирилл Петков газ етказиб бериш тўхтатилишини амалдаги шартноманинг жиддий бузилиши, шантаж деб атади.
Россия президенти Владимир Путин "дўст бўлмаган" мамлакатлардан газ учун тўловни рубльда тўлашни талаб қилиб акс ҳолда апрель ойидан бошлаб Европага газни узиб қўйишини айтган эди. Европа Иттифоқи бу талабни рад этди.
Болгарияга газ Туркиядан ўтган қувурлар орқали етказиб бериларди. Полша эса Россия газини Ямал-Европа қувури орқали Россия газ конларидан олиб келган.