Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:24

“Хитойистон”: Хитойнинг Марказий Осиё давлатларига таъсири ҳақида китоб чоп этилди


Хитойнинг Марказий Осиёга таъсири ҳақида Рафаэлло Пантуччи ва Александрос Петерсен қаламига мансуб “Хитойистон” (Sinostan) китоби чоп этилди.

Китоб 10 йиллик меҳнат маҳсулидир. Икки муаллиф 2008 йилда ўз тадқиқотини бошлаган пайтда Пекиннинг минтақага таъсири оз бўлган, аммо бугунга келиб Хитойнинг Марказий Осиёга таъсири сезиларли даражада ошди.

2001 йилда Хитой Шанхай ҳамкорлик ташкилотини (ШҲТ) тузди. Ташкилотга бошида Россия ва Туркманистондан ташқари барча Марказий Осиё мамлакати аъзо бўлди.

Кейинги йилларда иқтисодий салоҳияти ошган Хитой Марказий Осиёнинг энг йирик савдо ҳамкорига айланди, Пекин минтақа бўйлаб кенг қамровли нефть ва газ қувурлари тармоғини қурди.

2013 йилда Хитой раҳбари Си Цзиньпин Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида (ҳозирги Нур-Султон) “Ипак йўли иқтисодий камари” лойиҳасини эълон қилди. Лойиҳа кўп миллиард долларлик “Бир камар, бир йўл” инфратузилма лойиҳасининг қуруқликдаги қисмидир.

Пантуччи ва Петерсен учун бу ҳолат Марказий Осиё ва Хитойда йиллар давомида олиб борган изланишлари ўз самарасини бера бошлаганидан дарак эди. Бутун дунё бўйлаб тадқиқот марказларида ишлаб, бир вақтнинг ўзида докторантурада ўқиган икки муаллиф Пекин Марказий Осиёда қандай қилиб “беихтиёр империя” яратгани ҳақида китоб ёзишди.

Минтақанинг Хитойга иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан тобора кўпроқ боғланиб бораётгани улар учун аён эди. Аммо бу жараён органик тарзда содир бўлди, яъни Пекинда минтақага қандай таъсир ўтказиш бўйича аниқ режа йўқ эди.

““Беихтиёр империя” ғояси биз минтақага бориб, Хитой энг таъсирли ўйинчи эканлигига амин бўлганимиздан кейин туғилди. Лекин Пекинда стратегик қарашга эга бўлган одам йўқлиги аён эди”, - деди Пантуччи Озодлик билан суҳбатда.

Аммо уларнинг лойиҳаси ўз якунига яқинлашар экан, 2014 йилда фожиа юз берди.

Афғонистондаги Америка университетида янги лавозимга тайинланган Петерсен Толибон томонидан Кобулда уюштирилган портлашда ҳалок бўлди. Пойтахт ресторанида портлаган бомба 20 киши умрига зомин бўлди.

Ҳужумдан сўнг китоб лойиҳаси тўхтаб қолди. Пантуччи оила қурди, янги ишларда ишлади. Пандемия бошланиши ортидан эса марҳум дўсти билан бошлаган китобни тамомлашга вақт топилди.

“Китоб ниҳоят эълон қилинганидан мамнунман, у нафақат [Петерсонга] бағишлов, балки мен ўз ҳаётимнинг бир қисмини бағишлаган мавзудир”, - деди Пантуччи.

“Худди ҳаётимнинг бир бўлимини ёпаётгандекман”.

Таъсир ва бефарқлик

2014 йилдан бери Марказий Осиёда жуда кўп нарса содир бўлди.

Бугунга қадар ШҲТ кенгайди, хитойлик бизнеслар минтақага кириб келди, Пекин эҳтиёткорлик билан Тожикистонда хавфсизлик соҳасига кириб борди. Шунингдек, “Бир камар, бир йўл” ташаббуси туфайли Хитой минтақада кундалик ҳаётга кўпроқ сингди.

Хитой сиёсати эса минтақа шаклланишида ўз таъсирини кўрсатди.

2017 йилда Хитойнинг Марказий Осиё билан чегарадош Шинжон вилоятида бошланган шафқатсиз репрессия ортидан 1 миллиондан ортиқ уйғур, қозоқ ва бошқа мусулмон халқлар қамоқхона ва лагерларга улоқтирилди. АҚШ 2021 йил август ойида ўз қўшинларини Афғонистондан палапартиш тарзда олиб чиқиб кетгани ва Толибон ҳокимиятга қайтгани ортидан эса Хитойнинг минтақадаги таъсири учун янги имкониятлар очилди.

Пекиннинг Москва билан муносабатлари ҳам ўзгарди. Жорий йилнинг февраль ойида Си ва Россия президенти Владимир Путин йирик стратегик ҳужжатни имзолаб, икки мамлакат ўртасида “чекловисиз” ҳамкорликнинг янги даври бошланганини эълон қилишди.

Аммо бу ўзгаришлар давомида Пантуччи ва Петерсеннинг Хитойнинг Марказий Осиёдаги таъсири ҳақидаги фикри тўғрилигича қолди. Икки муаллиф Пекиннинг минтақадаги таъсири “ғалати бефарқлик” билан ажралиб туради, деган фикрни илгари суришди.

“Улкан иқтисодий алоқалар, географик яқинлик ва бир-бирига ўхшаш ички ташвишлар Хитой асосий ўйинчи эканлигини англатади, аммо Пекин минтақадаги кенгроқ муаммоларга қизиқмайди ва бунинг ўрнига тор доирада ўз қизиқишларига эътибор қаратади”, - деди Пантуччи.

Ўтмишда Марказий Осиёнинг бир қисми бўлган ва 1949 йилдагина расман Хитой таркибига кирган Шарқий Туркистон узоқ вақтдан бери Пекиннинг минтақага оид режаларининг ажралмас қисми бўлиб келади. Хитой ҳукумати Шинжондаги исломий экстремизм юзасидан хавотир изҳор қилиб, ўз лагерь тизимини оқлаб келади.

Хитой сиёсатчилари Марказий Осиёни мамлакат хавфсизлиги учун стратегик минтақа, деб билишади. Пекиннинг Шинжондаги иқтисодий шароитни яхшилаш учун ишлаб чиқилган “Ғарбни ривожлантириш” стратегияси вилоятга қўшни мамлакатларда барқарорликни таъминлашни ҳам ўз ичига олади.

Бу эса Хитойнинг алоҳида вилоятларига солиштирганда жуда кичик миллий бюджетларга эга Марказий Осиё мамлакатлари учун қулай молиявий имкониятдир. “Хитойстон” китобида бу ҳолат яқиндан кўриб чиқилган.

Бир томондан, Пантуччи ва Петерсен Марказий Осиё Хитой учун қайсидир маънода лаборатория бўлди, деган фикрни илгари суришди. Аммо, айни намда, Пантуччи Хитой Марказий Осиёда “умумий манзарага” унчалик қизиқмаётгани, шунингдек, минтақанинг иқтисодий ёки сиёсий муаммоларини ҳал қилиш йўлида аралашишга ошиқмаётганини айтди.

“Хитой дунёнинг энг йирик иқтисодларидан бири ва шундоқ қўшни. Бу эса, табиийки, мамлакат Марказий Осиёга катта таъсир ўтказишини англатади”, - деди у.

“Аммо бу Хитой раҳбарияти учун катта аҳамиятга эга эмас”.

Янги қудрат, ўхшаш манфаатлар

Бу динамика минтақанинг келажаги учун кўплаб савол туғдиради, айниқса, Россиянинг Украинага босқини фонида.

Россия январь ойида Қозоғистонга қилган ҳарбий интервенция Москва ҳамон Марказий Осиё учун ташқи хавфсизликка асосий кафил бўлиб қолаётганини кўрсатди. Аммо Украинадаги уруш Хитойнинг таъсирини янада ошириши ҳамда Россия таъсирини чеклаши мумкин.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукумати Москванинг Украинага босқини юзасидан хавотир изҳор қилди. Шунингдек, Россияга қарши жорий қилинган санкцияларининг иқтисодий зарбаси ҳамда Россия армиясининг йўқотишлари-ю, стратегик хатолари Россия ҳамкор мамлакат қатори қозонган обрўсига янада кўпроқ путур етказиши мумкин.

Бир томондан, бу ҳолат минтақада Хитойнинг иқтисодий ва сиёсий таъсири кучайишига замин яратадию Аммо Марказий Осиё бўйлаб беқарорлик давом этаётган бир пайтда Россия Украинадаги уруш фонида минтақага қанчалик эътибор қаратиши номаълум бўлиб қолмоқда.

“Хитойнинг таъсири кучаяётгани ҳақидаги ҳикоя бундан нари фақат авж олади”, - деди Пантуччи.

“Аммо асосий савол – муаммолар юзага келганда нима бўлишида. Хитой муаммоларни тузатишга тайёрми ёки йўқми, билмайман”.

XS
SM
MD
LG