Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:54

AIBAдан кетишга мажбур бўлган Ғофур Раҳимовга Ўзбекистонда лавозим берилди


Уч йил аввал Ғофур Раҳимовнинг Халқаро Бокс Ассоциацияси - AIBA президентлигига сайланиши боксни олимпия ўйинларидан чиқарилиш хавфи остида қолдирганди. 
Уч йил аввал Ғофур Раҳимовнинг Халқаро Бокс Ассоциацияси - AIBA президентлигига сайланиши боксни олимпия ўйинларидан чиқарилиш хавфи остида қолдирганди. 

АҚШ Молия вазирлигининг уюшган халқаро жиноий гуруҳ етакчиларига қарши жорий қилган санкциялари рўйхатига киритилган зиддиятли ўзбек тадбиркори Ғофур Раҳимов Халқаро Бокс Ассоциацияси - AIBA президентлигидан истеъфо берганидан уч йил ўтиб Ўзбекистон Профессионал бокс федерациясида вице-президент лавозимини эгаллади.

Федерациянинг исми очиқланмаслигини истаган мулозими Озодликка Раҳимовнинг бу лавозимга овоз бериш йўли билан сайланганини айтди.

“Жума куни федерациямизнинг навбатдан ташқари йиғилиши бўлди. Халқаро кураш ассоципцияси бош котиби бўлиб ишлаб келаётган Умид Ёқубов президент, Ғофур Раҳимов биринчи вице-президент этиб бир овоздан сайланди. Ўзбек профессионал бокси халқаро миқёсда катта тажрибага эга ишончли қўлларга ўтди”, - деди Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси мулозими.

Ғофур Раҳимов уюшган жиноий гуруҳлар ҳамда гиёҳванд моддалар савдосига алоқадор кўрилиб, унга нисбатан 2012 йилда АҚШ Молия вазирлигининг санкцияси жорий этилган эди.

Уч йил аввал Ғофур Раҳимовнинг Халқаро Бокс Ассоцияцияси - AIBA президентлигига сайланиши боксни олимпия ўйинларидан чиқарилиш хавфи остида қолдирганди.

Халқаро Олимпия Қўмитаси агар AIBA ўзининг бошқарувидаги муаммоларни бартараф этмаса, боксни Токио Олимпия ўйинлари дастуридан олиб ташлаши ҳақида огоҳлантирганди.

ХОҚ огоҳлантирувидан бир ҳафта ўтиб Раҳимов AIBA президентлигидан истеъфо берган.

Хавфсизлиги туфайли исми очиқланмаслигини истаган спорт бўйича ихтисослашган ўзбекистонлик журналистнинг Озодликка айтишича, профессионал бокс федерациясидаги муҳим лавозимнинг Ғофур Раҳимовга берилиши бежиз эмас.

“Бокс бизда энг оммабоп спорт тури. Жуда серҳаражат. Кўп маблағ талаб қилади. Ғофур Раҳимовга AIBAда ҳам спонсор сифатида қарашган, Федерацияда ҳам. Уни ўзига эса бу лавозим иммунитет, ваколат, имтиёзлар беради", - дейди журналист.

Халқаро майдонда криминал авторитет сифатида таърифланадиган Ғофур Раҳимовнинг Ўзбекистон Профессионал бокс федерациясига вице-президент этиб тайинланиши ўзбек бокси келажаги учун таҳдид эмасми?

Озодликнинг бу саволига журналистнинг жавоби бундай бўлди: “Айнан шунинг учун ҳам унга Ўзбекистон бокс федерацияси президентлигини эмас, вице-президентликни беришяпти. Иккинчи одам. Қолаверса, Олимпиада ёки жаҳон биринчилиги мусобақаларида профессионал бокс эмас, ҳаваскор бокс федерациясидан спортчилар қатнашади”.

АҚШ "қора рўйхати"даги "қора Ғофур"

Раҳимов АҚШ Молия вазирлигининг уюшган халқаро жиноий гуруҳ етакчиларига қарши жорий қилган санкциялари рўйхатига 2012 йилда "Евроосиëдаги жиноий синдикат" етакчиларидан бири сифатида киритилган эди.

АҚШ Молия вазирлиги қора рўйхати
АҚШ Молия вазирлиги қора рўйхати

"Постсовет фуқароларидан ташкил топган “Биродарлик халқаси” (Братва) даги белгиловчи шахс бўлган Ғофур Раҳимов ўзбек уюшган жиноят олами етакчиларидан бири ва у Марказий Осиëда наркотик моддалар ишлаб чиқариш бўйича ихтисослашган. Раҳимов дунëнинг йирик наркосиндикатларида героин контрабандаси билан боғлиқ операцияларда қатнашиб келмоқда"¸ деб ëзилган АҚШ Молия вазирлиги сайтида.

У постсовет криминал доираларида “Граф”, “Қора Ғофур” лақаблари билан танилган

Раҳимов бир муддат Ўзбекистонда ҳам халқаро қидирувга берилган шахслар рўйхатида бўлган.

Ғофур Раҳимовнинг қидирувга берилгани тўғрисидаги ҳужжат
Ғофур Раҳимовнинг қидирувга берилгани тўғрисидаги ҳужжат

2010 йилда Ўзбекистонни тарк этганидан кейин, Ғофур Раҳимов ва унинг турмуш ўртоғи дея иддао қилинаётган Лола Раҳимова Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Қидирувдаги шахслар рўйхатида пайдо бўлди.

ИИВ сайтида улар товламачилик, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланиб, қидирилаётгани маълум қилинганди.

2018 йил июль ойида Озодлик Ғофур Раҳимовга нисбатан қидирув тўхтатилгани ва унинг Ўзбекистонга қайтишига ҳуқуқий изн берилгани ҳақда хабар қилди.

Шу йилнинг январь ойида Ғофур Раҳимовнинг Ўзбекистонга қайтиб келгани ҳақидаги хабарлар ўртага чиқди.

"Элтуз" нашри ўшанда Ўзбекистон ҳаваскор ва профессионал бокс федерациялари бирлаштирилиб, унга Ғофур Раҳимовни раис қилиш масаласи кўрилаётгани, лекин бу ғоя Ўзбекистон Олимпия қўмитаси қаршилигига учрагани ҳақида ёзганди.

Бу хабарни Ўзбекистон Олимпия қўмитаси Телеграм саҳифасида рад қилиб чиққанди.

Уч ой ўтиб эса Раҳимовнинг Ўзбекистон профессионал бокс федерациясига вице-президент этиб сайлангани маълум бўлди.

Бокс ўзбекистонликлар халқаро мусобақаларда энг кўп медал оладиган иккита ёзги спорт турининг биттаси.

Ўтган йили Ўзбекистон Токио Олимпиадасининг жами 5 та - 3 та олтин ва 2 та бронза медалини қўлга киритди.

Шу медалларнинг учтасини боксчилар қозонди. 2016 йилги Риодаги Ёзги олимпиада ўйинларида эса Ўзбекистон қозонган жами 13та медалнинг аксарини боксчилар қўлга киритишганди.

XS
SM
MD
LG