Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:54

Туркманистон масжидларида Гурбангули Бердимуҳамедовнинг “Ҳаётим маъноси” китоби ўқилди


Туркманистон имомлари Рамазон ҳайити куни Ҳайит намози олдидан амри маъруф қилишаркан, собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг “Ҳаётим маъноси” номли янги китобидан парчалар ўқиб беришди, деб ёзади “Туркманистон хроникаси”.

Хабарда айтилишича, намозхонларга Бердимуҳамедовнинг китоби ўқиб берилаётгани акс этган кадрлар ТДХ давлат ахборот агентлиги репортажида пайдо бўлган.

“Ҳаётим маъноси” – Гурбангули Бердимуҳамедовнинг янги китоби. ТДХ ёзишича, ушбу “буюк фалсафий-адабий асар инсон ақл-заковати билан туркман халқининг минглаб йиллардан бери авлоддан авлодга ўтиб келаётган маънавий-ахлоқий қадриятлари мағзидир”. Китобни 29 апрель куни муаллифнинг ўғли – президент Сардор Бердимуҳамедов шахсан тақдимот қилган эди.

Гурбангули Бердимуҳамедов ҳокимиятни ўғлига топширар экан, ундан 2022 йил 1 апрелдан таътил беришини сўраган эди. Ўз сўзларига кўра, собиқ президент таътил вақтида, жумладан, бошлаб қўйган янги асарларини тугатиб олмоқчи.

Тўнғич Бердимуҳамедов турли мавзуларда 60 дан ортиқ китоб ёзиб, чоп эттиришга улгурган. Собиқ президентнинг давлат бошқаруви, халқаро алоқалар, доривор гиёҳлар, йилқичилик ва зотдор итларни етиштиришга бағишланган китоблари бор. Унинг китоблари туркман ўқув юртларида ўрганилади, давлат ОАВлари ёйинларида ўқиб берилади, “саломатлик соатлари”ни ўтишда қўлланади.

XS
SM
MD
LG