Россия босқини: Гапириш фурсати
Россиянинг Украинага расман эълон қилинмаган уруши ҳозирнинг ўзида ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Путин Украинага тажовузни уруш эмас, балки "махсус ҳарбий амалиёт" деб атаган ва рус матбуотида "уруш" сўзини расман тақиқлаган.
Ўзбекистон ҳукумати бу борада "нейтрал" позицияни эгаллаган; расмий баёнотларда фақат "Украинадаги вазият" ҳақида сўз боради.
Аммо СССР парчаланиши арафасида фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, мустақиллик учун курашган ўзбек зиёлилари-чи? Улар Украинадаги уруш ҳақида қандай фикрда? Урушнинг Ўзбекистон ва минтақа учун оқибатлари қандай бўлади?
Озодлик ўзбек зиёлиларининг бу борадаги фикрларини сўради.
"Бу ҳеч қанақа амалиёт ҳам эмас, кимларнидир қутқариш операцияси ҳам эмас, айни босқинчилик урушининг ўзгинасидир!
Жуда кўпчилик украинлар, афсуски, ёши улуғ кишилар умрларида иккита фашистик босқинчиликни бошларидан кечирмоқдалар!
Энг ёмони, Иккинчи жаҳон урушида немис фашистларидан кўрмаган ваҳшийликларни бугун ўз диндошлари, "дўст ва оғалари" бўлган рус фашистларидан кўришмоқда!
Бутун дунёда бу урушни қоралашмоқда ва урушни бошлаганларни лаънатлашмоқда!
Уруш Украинага мислсиз вайронагарчиликлар келтирди. Энди вайронага айланган шаҳарларни тиклаш амримаҳол.
Бундан ҳам ёмони, одамлар, болалар нобуд бўлди, минглаб инсонлар майиб-мажруҳ бўлди, жуда катта аҳоли ватанларини ташлаб кетишга мажбур бўлди.
Рус босқинчилари ўзлари суратга олиб, тарқатаётган зўрлашлар, қийноқлар бутун дунёдаги нормал фикрловчи одамларни ларзага солди.
Мен ҳам бу видеолавҳаларни кўрдим ва бу ишни қилганларни лаънатладим!"