Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:00

Ғафуржон Йўлдошев, ёзувчи, журналист


"Яқинда Ўзбекистонда яшовчи, ёши саксондан ўтган бир отахон билан гаплашдим ва ҳайрон қолдим, отахон Мирзиёевни олиб бораётган сиёсати ёмонлигини(ҳа, айнан ёмонлигини!) гапириб туриб, Путинни оқлади ва Украина президенти Зелинский уришиб нима қилади, Путиннинг гапига кирса бўлмайдими, тарзидан гапирди.

Россия босқини: Гапириш фурсати

Россиянинг Украинага расман эълон қилинмаган уруши ҳозирнинг ўзида ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Путин Украинага тажовузни уруш эмас, балки "махсус ҳарбий амалиёт" деб атаган ва рус матбуотида "уруш" сўзини расман тақиқлаган.

Ўзбекистон ҳукумати бу борада "нейтрал" позицияни эгаллаган; расмий баёнотларда фақат "Украинадаги вазият" ҳақида сўз боради.

Аммо СССР парчаланиши арафасида фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, мустақиллик учун курашган ўзбек зиёлилари-чи? Улар Украинадаги уруш ҳақида қандай фикрда? Урушнинг Ўзбекистон ва минтақа учун оқибатлари қандай бўлади?

Озодлик ўзбек зиёлиларининг бу борадаги фикрларини сўради.

Аввало, нега Мирзиёев олиб бораётган сиёсатдан кўнгли тўлмагани борасида сўрадим.

– Бу ҳам Каримовнинг йўлидан кетяпти, ўзим Ўзбекистонда яшайман-у, ҳаммасини кўриб турибман-у, – деди отахон.

– Хўп, Мирзиёевни ушлаб турган Путин бўлсачи? – деб сўрадим.

– Ия, ёш боламисиз, мустақил бўлганимизга неча йил бўлди-ю, – деди қария жиддийлик билан.

– Бўпти, Россия яхшими? – деган саволимга.
– Албатта яхши-да, мана ҳамма болаларимиз бориб ишлаб, пул топиб келяпти-ю, – деди қария.

Юрт кексаси билан узоқ гаплашдим ва билдимки улар маълумотларни Россия ТВ каналларидан оларкан, ўшанга қараб онги қотиб қолган. Чунончи, урушда ўлган украинлар-у, ўрисларни ва вайронага айланган уйларни ҳаммасига – Зеленский Путиннинг гапига кирмагани оқибати, деб баҳолашмоқда.

Шунда, беихтиёр, раҳматли онамни эсладим. Онам тўрт ёшида, холам икки ёшида отасидан тирик етим қолишган эди. Аниқроғи, бобомизни Сталин қатағонида оёқ-қўлига занжир солиб, поездда номаълум томонга олиб кетишган. Шу бўйи, дом-дараксиз, ҳали ҳанузгача.

Бироқ, Сталин ўлганида, онамлар радиодан бу хабарни эшитишган ва радио дикторининг, “рўмолингизни ечиб мотам тутинг”, деган гапига биноан рўмолларини ечиб, отасини қатағон қилганга мотам тутишган, чин юракдан мотам тутишган! Тўрт ва икки ёшида уларни отадан етим қўйган падарлаънатига ачинишган!..

Буни гапиришимнинг сабаби:

ИАК даврида, Ўзбекистонда ҳар 6 оиладан бирида қамалганлар бўлди.

2005 йили Андижонда ҳукумат аскарлари одамларни ўқотар қуроллардан ўлдиришди – бу ҳам ИАК даврида бўлди.

ИАКни эса айнан Путин химоя қилиб келгани ҳақида бугун интернетда жуда кўплаб мақолалар бор.

Бироқ, афсуски оиласида қамоқда хўрланганлардан тортиб, хатто айбсиз қамоққа тиқилганлар-у, яқинлари Андижонда отилганлар-у – онги ўчган ҳолда – бугун Путинни оқламоқда. Худога шукрки, ҳаммаси эмас.

Майли, кекса отахонни-ю, қамалганларни, хўрланганларни ва ўшалар қаторида ҳақиқатни гапиролмай лабига учуқ тошаётганларни, “Исроилжон ака, қамоқда ўтирганингизда бошқача гапирардингиз-у, энди томингиз кетиб қолдими?” дея Фейсбукда бир одам ёзгани каби, уларни ўшандай тушуниш мумкиндир.

Аммо, миллат учун, ўзбекистонликлар учун энг даҳшатлиси бугун Путинни ёқлаётганлар орасида, Россия ГРУсининг жосуслик мактабини ва яна бошқа куч ишлатиш салоҳиятидаги ўрислар мактабларининг таълимини олганлар, диққат қилинг(!) Ўзбекистон Президенти ёнида жуда юқори лавозимларда ўтирибди ва ўшалар ўрислар ТВсининг тарғиботларини халқ онгига сингдиришмоқда.

Маълумотларга қараганда, Россия ГРУсида жосусликдан таълим олганларга хатто Мирзиёевнинг ҳам гапи ўтмасмиш. Бу маълумотни ёлғон десангиз, Ютуб каналининг ўзбек сигментида Ўзбекистондан тарқатилаётган видеоларни кўринг. Ўша видеоларни кўрганлар, хатто Канадагача телефон қилиб, рости ҳам дўллар синдими, бир-икки юз дўллар бориди, рублга алмаштирайликми, деб сўрашмоқда.

Ана шундай маълумотлар-у, одамлар орасида тарқалган гаплар ростлиги учундир: НКВД, КГБ, СНБнинг невара-ю чевараси саналмиш МХХдай қудратли идоралар ҳам интернетда ёлғон видеолар тарқатаётганларга эътибор беришмаяпти. Улар ҳақиқатни ёритаётган блогерларни тутиш, қамоққа тиқиш билан машғулдирлар.

Украинадаги фашистлар босқини ҳам албатта тугайди. Путлер ва унинг командасидагилар тарихда фашист бўлиб қолиши эндиликда аён ҳақиқатга айланди.

Бироқ, Ўзбекистонда халқни чалғитиб ёлғон маълумот тарқатаётганларчи, бунга буйруқ бераётганлар ва шароит яратаётганларчи – уларни бугун кимлар деб аташ мумкин? Шайтонбачаларми? Тусини ўзгартирувчи калтакесакларми?"

XS
SM
MD
LG