Ўзбекистондаги энг йирик тўлов тизими – Paynetни хусусийлаштириш бошланди.
Расмий сайтига кўра¸ Paynet тўлов тизимидан бир кунда ўртача 2 миллион одам фойдаланади. Тизимнинг мамлакат бўйлаб камида 21 минг шохобчаси бор¸ унинг платформасида камида шунча кичик тадбиркор тирикчилик қилади.
Paynet брендининг эгаси Uzpaynet МЧЖ. 2005 йил декабрида очилган Uzpaynet аслида хусусий компания бўлган. Унга Ботир Орифжонов асос солган.
"Пайнет (Paynet) корхонасининг асосчиси бу мен бўламан. PAYNETни 2006 йилда ташкил этганмиз"¸ дея таъкидлади Орифжонов 21 июнь куни Озодликка берган ёзма жавобида.
Каримов даврида расмийларнинг хусусий бизнес билан очиқ шуғулланиши кўрилмаган воқеълик эди. Paynet тузилиб¸ оëққа туриб олгунича¸ Орифжонов давлат мулозими бўлган.
Давлат жамғармаси ҳисобига Англияда ўқиб қайтган Орифжонов¸ 2000 йил декабридан 2008 йил февралигача Ўзбекистон Иқтисодиëт вазирлигида юқори лавозим¸ хусусан¸ Бош вазир ўринбосари ëрдамчиси лавозимида ишлаган.
Орифжоновнинг қандай қилиб давлат ишида ишлаб туриб хусусий тўлов тизимига эгалик қилгани тафсилотлари қоронғу. Тадбиркор Озодликнинг бу саволига жавоб бермади.
Иқтисодиëт вазирлиги собиқ ходимларидан бири Озодлик билан суҳбатда банк-молия¸ хусусан, электрон тўлов тизимлари Каримов даврида тўлиғича қудратли МХХ назоратида бўлганини таъкидлади.
Ҳукумат мулозими Ботир Орифжонов очган хусусий компания тезликда мамлакатдаги энг йирик электрон тўлов тизимига айланди.
2009 йилга келиб¸ Орифжоновнинг айтишича¸ Ўзбекистондаги телеком тўловларининг 85-90 фоизи Paynet орқали ўтадиган бўлган.
Қозоғистонлик тадбиркор ва блогер Amirkhan S Omarov билан видеосуҳбатда Орифжонов Россиянинг QIWI компанияси 2009 йилда Paynetга харидор бўлгани ва унинг активларини 10 миллион АҚШ долларига баҳолаганини айтган.
Озодликка 21 июнь куни берган ëзма жавобида эса Орифжонов “2009 йилга келиб компания 50-60 миллион АҚШ долларига баҳолангани”ини иддао қилди.
"Гулнора Каримова ва собиқ Молия Вазири Рустам Азимов биргаликда мен ва шеригимдан бизнинг улушни устав фондида кўрсатилган 80 минг долларга сотишга мажбур қилишган. Маълумот учун, 2006-2009 йиллари мен ва шеригим жами 4 млн АҚШ доллари дивиденд олганмиз. Биздан рейдерлик қилиб тортиб олган Гулнора Каримова 12 млн АҚШ доллар фойда ва Халқ Банки 48 млн АҚШ доллари девиденд олишган" (имло таҳрирсиз берилмоқда - таҳририят).
Гулнора Каримова Ўзбекистонда оғир иқтисодий жиноятларда айбланиб¸ қамоққа ташланиши ортидан унинг мол-мулки давлат тасарруфига ўтказилди.
Кичик Ислом Каримовнинг 2020 йил 7 май куни Шавкат Мирзиëевга ëзган очиқ хатида айтилишича¸ 2016 йилдан сўнг Гулнора Каримованинг Молия вазирлиги тасарруфига ўтказилган 1.2 миллиард долларлик активлари орасида Paynetдаги улуши ҳам бор.
Расмий Тошкент Paynetда Гулнора Каримова акциялари бўлгани ва у давлат ҳисобига ўтказилганини очиқ эътироф қилмаган.
Очиқ манбалардаги ҳужжатлар¸ Uzpaynet акцияларининг муайян қисми 2009 йил августидан бошлаб давлатга қарашли "Халқ банки"га ўтказила бошлаганини кўрсатади.
Айни пайтда¸ Шавкат Мирзиëевнинг2018 йил 4 май кунги 3694 -қарорида "UzPaynet" МЧЖ акцияларининг 37¸5 фоизини Молия вазирлиги¸ ундан эса¸ Халқ банки тасарруфига ўтказиш ҳақида буйруқ берилган. Президент қарорига Жиноий ишлар бўйича Тошкент вилоят судининг 2016 йил 4 октябрь кунги қарори асос бўлган.
Озодлик ихтиëридаги 2016 йил 7 октябрь куни нусха олинган ҳужжатда Халқ банки билан бир пайтда WHITEMORE INVESTMENT LTD Uzpaynet МЧЖ мулкдори бўлгани кўрилади. WHITEMORE INVESTMENT LTD Ўзбекистонда (52.20 %) таъсис қилган МЧЖлардан яна бири AVVAL-INVEST хорижий корхонаси. Бу компания улушининг қолган 47.80 фоизи Емельянова Ирина Владимировна ( Emel'yanova Irina Vladimirovna)га расмийлаштирилган. Гулнора Каримованинг Франциядаги кўчмас мулкларининг қоғоздаги мулкдори Емельянова Каримова болаларининг энагаси бўлган.
Paynetдаги акцияларини сотиб¸ Ўзбекистондан чиқиб кетган Ботир Орифжонов Мирзиëев президент бўлганидан сўнггина Ўзбекистонга қайтди.
Орифжонов ҳозирда мамлакатдаги муваффақиятли тадбиркорлардан бири. У жорий ҳокимият билан яқин муносабатда. Расмий Тошкент давлатга қарашли «Ўзавтосаноат» АЖ томонидан қурилган ёшлар маркази базасини Орифжоновга тақдим қилди. Бу бинода Орифжонов бошлаган хусусий Astrum IT-академияси очилишига шахсан Мирзиëевнинг ўзи келди.
Орифжонов Ғарб дипломатлари ва молия институтлари ташкил этадиган турли тадбирларда ҳам фаол¸ қолаверса¸ ўзбек ëшларига стартап бизнес юритиш бўйича тез-тез мастер класс бериб келади. Қатор муваффақиятли стартап бизнеси эгаси бўлишига қарамай¸ ҳамон Орифжонов жамоатчиликка биринчи галда Paynet асосчиси сифатида тақдим этилади.
Paynetдаги сирли ўзгаришлар
Paynet Ботир Орифжоновдан бошқа қўлларга ўтганидан буëн 13 йил ўтди. Бу орада Paynet суд ва президент қарорлари билан тўлиғича давлат тасарруфига берилди.
UZPAYNET МЧЖ акцияларининг 100 фоизи ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли. Paynet бренди¸ дилерлик тармоғи¸ мобиль ва веб иловаларининг барчаси - давлат мулки.
2022 йил 31 май куни агентлик “UZPAYNET” МЧЖни хусусийлаштириш бўйича консалтинг компаниясини жалб қилиш тўғрисида” эълон чиқарди.
Унда айтилишича¸ “UZPAYNET” Шавкат Мирзиëевнинг 2022 йил 18 март кунги қарори асосида хусусийлаштирилмоқда. Бу қарор мазмунидан¸ давлатнинг асосан “самарасиз фойдаланилаëтган” активлари очиқ ва шаффоф ҳолда сотилиши керак.
Агентлик эълонида ëзилишича¸ Paynet давлатга даромад келтираëтган компания.
“2021 йил якуни бўйича устав капитали 378,5 млн. сўм, соф активлари – 71,8 млрд.сўм, соф фойдаси – 94,6 млрд. сўмни ташкил этган”.
Даромадли компаниянинг нега хусусийлаштирилаëтгани ҳақидаги Озодлик саволларига Давлат мулкини бошқариш агентлиги матбуот хизмати бир ҳафта кутишдан сўнг ҳам ҳеч қандай муносабат билдирмади.
Paynetни хусусийлаштириш учун маслаҳатчи қидирилаëтгани ҳақида эълон берилганидан бир ҳафта ўтиб¸ 6 июнь куни Ботир Орифжонов Дарë.уз нашрига «Paynet давлатга ўтгандан сўнг ривожланиши пасайиб кетгани» ҳақида интервью берди.
Paynet асосчиси суҳбатда давлатда “бу турдаги бизнесларни эффектив даражада бошқариш имконияти мутлақо йўқ”лигини таъкидлади.
Айни пайтда Орифжонов Paynet давлатда қолаëтгани ҳолда¸ уни бошқариш аллақачон хусусий компанияга берилгани ҳақида гапирмади.
Расмий ҳужжатлардан Paynet фаолиятига хусусий компаниялар аралашуви аслида 31 май кунги эълондан икки ой аввал бошлангани кўрилади.
2022 йилнинг 7 апрель куни Paynet ўз сайтида тўлов агентларига мана бу эълонни қўйди.
“INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖ 2022 йил 1 апрелидан иш бошлаганлигини инобатга олиб¸ ЭРИ (электрон рақамли имзо) дан фойдаланган ҳолда қўшимча шартномани имзолашингизни сўраймиз”.
Бу эълонда “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖ киму¸ нега 21 мингдан ошиқ тўлов агенти айни шу МЧЖ билан қўшимча шартнома имзолаши кераклиги ҳақида лом-мим дейилмади.
Айни пайтда¸ Ўзбекистондаги тижорат банклари бундай ўзгариш ҳақидаги билдирувни тўлов агентларидан 10 кунча олдин олди.
“INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖ директори Дадахонов 29 март куни имзолаган хат “Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларига” ëзилган.
“Мазкур хат орқали сизга 2022 ЙИЛ 1 апрелдан бошлаб “PAYNET” савдо белгиси остида пулли хизмат ва тўлов қабул қилиш фаолиятини “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖ амалга оширишини маълум қиламиз”¸ дейилади бу хатда.
Хатда “бир банк картасидан иккинчисига пул маблағлари ўтказиш¸ жисмоний шахслар кредитларини қоплаш¸ банк карталарини нақд пул билан тўлдириш¸ HUMO, UZCARD процессинг марказлари бўйича E-POS терминалларини очиш¸ хизмат кўрсатувчи (Агент-Партнëр келишувлари) ҳисобига жисмоний шахслардан тўлов қабул қилиш” ваколати 1 апрелдан бошлаб “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖ га ўтгани айтилади.
Шу боис¸ МЖЧ раҳбари тижорат банкларига PAYNET билан тузган шартномалар бекор бўлгани ва янги келишув “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖ билан тузилиши лозимлигини билдиради.
“Paynet илгари қайси банк билан ишлаган бўлса¸ ўшалар энди “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖ билан ишлашга мажбур. Бу “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖ Paynetнинг де-факто эгасига айланди дегани, деб шарҳлади ушбу ўзгаришни Озодликка шахси сир қолиш шарти билан гаплашган Ўзбекистон банк тизими мулозими.
На Paynet мулкдори бўлган Давлат активларини бошқариш агентлиги эълонида¸ ва на “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖ раҳбари тижорат банкларига юборган хатда давлат тўлов тизимини бошқаришнинг нега хусусий МЧЖга ўтказилганига бирор изоҳ берилмаган.
Aгентлик ва Paynet сайтида “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖ ва унинг фаолиятига оид бирор маълумот йўқ. Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат компанияси ва унинг мижозлари орасига ўртакаш хусусий ширкат қўшилгани ва нега айнан “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” қўшилгани ҳақида жамоатчиликка бирор изоҳ ëки маълумот берган эмас.
Агентлик ҳам¸ Ботир Орифжонов ҳам Озодликнинг бу саволларини жавобсиз қолдирди.
Paynetга қайтиш...
“INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖ рўйхатга олинишидан бир ойча олдин Paynet бошқарувида ўзгариш бўлди.
2021 йилнинг 24 ноябрь куни Paynet эгаси Uzpaynet МЧЖга янги бош директор тайинланди. Бу иш Абдрахманов Мустафа Оразбаевичга топширилди.
Абдрахманов¸ ижтимоий тармоқда ўзи қўйган маълумотга кўра¸ давлатга қарашли тўлов тизимини бошқариш баробарида¸ қатор хусусий компанияларга эгалик ва раҳбарликни ҳам сақлаб қолган.
У 2018 йил декабрида Қорақалпоғистонда тузилган UNIVERSAL SYSTEM CONSALTING оилавий корхонаси улушининг 80 фоизига эгалик қилади. Бу компания “компютер технологиялари соҳасидаги маслаҳат хизматлари” билан шуғулланади.
Абрахмоновга тегишли яна бир хусусий компания RIZQALA МЧЖ. Бу компания 2020 йил мартида Қорақалпоғистонда таъсис этилган¸ 80 фоиз улуши Мустафа Абдрахмановга тегишли. RIZQALA МЧЖ “узатиш қувурлари орқали газсимон ëнилғи сотиш” билан шуғулланади.
Абдрахманов Paynet директорлиги билан бир пайтнинг ўзида бир муддат бошқа финтек компанияларида ҳам ишлаган. Бу компанияларнинг барчаси Ботир Орифжоновга тегишли.
Хусусан Абдрахмонов Орифжоновнинг “BEE” (Миср) компаниясида тижорий директор ва унинг ”Technobiz” (Сингапур) компаниясида сотув департаменти раҳбари лавозимида ишлаган. Орифжонов “UZPAYNET” МЧЖнинг мулкдори ва таъсисчиси бўлган 2007- 2010 йилларда Абдрахманов Paynetнинг Қорақалпоғистон республикаси бўйича минтақавий вакили бўлиб ишлаган.
Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил декабрида қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасида “давлат органларининг манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ёки уни бартараф этиш талаблари бузилишига йўл қўйган ходимлари, шунингдек уларнинг раҳбарлари қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади”¸ деб ëзилган.
Ҳозирча Абдрахмановнинг бир пайтнинг ўзида ҳам давлатга қарашли Paynet¸ ҳам узоқ йиллик дўсти Ботир Орифжоновнинг хусусий компанияларида ишлаши мисолида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани юзасидан бирор текширув ўтказилгани маълум эмас.
Мустафа Абдрахманов Paynet бош директори бўлганидан бир неча ой ўтиб Paynet номидан молиявий амалиëтларни амалга ошириш “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖга берилди.
“INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖ таъсисчиларидан бири эса узоқ йиллар Абдрахмановнинг иш берувчиси бўлиб келган Ботир Орифжоновдир.
“INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЖЧ Абдрахманов Paynetга директор бўлиб тайинланганидан бир ой ўтиб¸ 2021 йилнинг 27 декабрида Тошкентда рўйхатга олинди.
Фаолият тури “ахборот технологиялари ва компютер тизимлари соҳаси”¸ устав фонди 10 миллион сўм¸ ëки таъсис санасидаги расмий курс бўйича¸ 926 АҚШ доллари.
Таъсисчилари: MBCI MONT BLANC COMMODITIES & INVESTMENTS AG 60,00 %¸ Орифжонов Ботир Зукурович 20,00 %¸ Комилов Сардор Орифжонович 20,00 %.
Компания директори Дадахонов Ботир Жўраевич. (Реестрдаги маълумотга таянилса¸ айни шахс 2018 йили тузилган TOWERS RB CONSTRUCTION МЧЖ таъсисчиси ҳам.)
Тузилганидан икки ойча ўтиб¸ 2022 йилнинг 23 февраль куни “Ўзбекистон Марказий банки бошқарувининг қарорига мувофиқ, “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” масъулияти чекланган жамиятига тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилди.”
Бу лиценция берилганидан бир ой ўтиб¸ “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖ Paynet молиявий операцияларини амалга ошириш ваколатини қўлга киритди.
Давлат компанияси фаолиятини бошқаришга хусусий компанияни жалб қилиш учун бирор тендер ëки танлов ўтказилгани ҳақида очиқ манбаларда маълумот йўқ. Давлат мулкини бошқариш агентлиги Озодликнинг бундай танлов ўтказилган-ўтказилмаганига оид саволларини ҳам бошқа қатор саволлар каби жавобсиз қолдирди.
Paynetни қўлга олганидан кўп ўтмай, INSTANT PAYMENT SOLUTIONS МЧЖ кетма-кет бир нечта янги компания таъсис қилади.
Улардан биринчиси 19 апрель куни тузилган JIYDACOOL МЧЖ. Компания “компютер дастурлаштириш соҳасида фаолият” юрғизади.
INSTANT PAYMENT SOLUTIONS МЧЖ 17 май куни таъсис қилган иккинчи компания GENESIS NOW МЧЖ. Бу хусусий ширкат “маълумотларни жойлаштириш ва ишлов бериш бўйича хизмат кўрсатади”.
2022 йил 23 май куни тузилган учинчи ширкат PAYNET BNPL деб номланади ва бу компания¸ реестрга кўра¸ “почта ва интернет орқали чакана савдо” билан шуғулланади.
Paynetни бошқараëтган швейцариялик “инвестор” ким?
1 апрелдан бошлаб давлатга қарашли тўлов тизимини бошқаришни қўлга киритган “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖ акцияларининг 60 фоизига эгалик қилувчи MBCI MONT BLANC COMMODITIES & INVESTMENTS AGнинг бенефициари ҳақида очиқ манбаларда маълумот йўқ.
Ўзбекистонлик иқтисодчи ва аудитор Жамшид Муслимов мамлакатда монопол мақомда бўлган стратегик компания - Paynetнинг бенефициарлари бекитилган қобиқ компанияга берилиши жамоатчилик¸ хусусан¸ унинг манфаатларини ҳимоя қилиши лозим парламент аралашувини тақозо қиладиган воқеа, деб ҳисоблайди.
-Бу жараëндаги энг ëмон нарса бенефициарларнинг кўринмаëтгани. Турли хориж ëки оффшор компанияларни инвестор сифатида кўрсатиш мумкин¸ лекин унинг орқасидаги шахслар ким? Уларнинг нима алоқаси бор бу бизнесга? Нега бу тизимни айнан шу шахслар сотиб олиши керак? Бу шахсларнинг Ўзбекистон учун зарари¸ хавфи йўқми? Оддий ташкилот¸ кичик бир бизнес бўлса¸ бу саволларни бермаслик мумкиндир. Лекин Paynet Ўзбекистонда стратегик тизим бўлиб қолган. Бу шахсга оид маълумотлар сақланадиган жиддий тизим. Бунинг устига¸ Paynet монопол мавқедаги компания¸ у бозорнинг катта қисмини назорат қилади ва таъсир доираси жуда кучли. Шу боис унинг хусусий қўлларга ўтиши сиëсий масала ва унга Олий Мажлис¸ профессионал сиëсатчилар аралашиши керак.
2017 йили январида Женевада рўйхатга олинган MBCI MONT BLANC COMMODITIES & INVESTMENTS AG президенти ва бош директори ўшанда ўзбекистонлик Бахтиëр Маҳкамов бўлган. 2017 йил декабридан 2020 йил 13 августига қадар Назима Файзибаева компания бош директори бўлган. Ҳозирда компанияга яна Бахтиëр Маҳкамов директорлик қилади.
38 яшар юрист Файзибаева Назима Алимжановна Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Файзибаев Алимжан Элчиевичнинг қизи. Озодлик манбаларига кўра¸ Шавкат Мирзиëев билан у туман ҳокими бўлган даврдан бери бирга ишлаб келаëтган Файзибаев президентга "жуда яқин" амалдорлардан саналади.
Швейцариядаги хусусий ширкат бош директори бўлиб қолаëтган бир пайтда Файзибаевага Тошкентда расмий лавозим берилган. 2019 йил 9 сентябрида Файзибаева шахсан Мирзиëев ташкил этган Президент¸ ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган. 2020 йил июнида бу лавозимдан бўшатилган.
MBCI MONT BLANC COMMODITIES AND INVESTMENT AG бош директори Бахтиëр Маҳкамов¸бу оилани шахсан танийдиган Озодлик манбалари таъкидича¸ Назима Файзибаеванинг эри¸ Давлат Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Алимжан Файзибаевнинг куëви. У нафақат Швейцария¸ балки Ўзбекистонда ҳам қатор хусусий компаниялар мулкдори.
2017 йили тузилган SAMARADOR МЧЖ¸ 2019 йили таъсис этилган EUROROADS МЧЖ ва 2022 йили “ахборот технологиялари ва компютер тизимлари соҳасида” хизмат кўрсатиш учун очилган VISION SOFT МЧЖнинг эгаси айнан Бахтиëр Якубович Маҳкамовдир. Маҳкамов эгаси бўлган SAMARADOR МЧЖ у директорлик қилувчи MBCI MONT BLANC COMMODITIES AND INVESTMENT AG билан ҳамкорликда 2019 йили SWISSAGRO қўшма корхонаси таъсис қилган.
Шавкат Мирзиëев 2020 йил декабрида тасдиқлаган инвестиция дастурига кўра¸ SWISSAGRO 2020-2022 йил ичида Фарғона шаҳрида ишлаб чиқариш қуввати 150 минг тонна бўлган агрокимё ва комплекс ўғитлар ишлаб чиқариш заводини ишга тушириши ва бу лойиҳага 9.6 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиши лозим эди.
Лойиҳанинг муаммога учраëтгани ҳақида 2020 йил октябридаги расмий хабардан бери унга оид бирор маълумот йўқ. Instagramдаги саҳифасидан¸ SWISSAGRO МЧЖнинг ўзбек фермерларига кимëвий модда сотиш билан шуғулланаëтгани кўрилади.
Пора бериш билан ном чиқарган Glencoreнинг Ўзбекистондаги "йўлбошчиси"
MBCI MONT BLANC COMMODITIES AND INVESTMENT AG ўзини “халқаро савдо ва инвестиция бўйича консалтинг компанияси” ва “маданий бозор яратаëтган”лардан бири сифатида тақдим этади.
2017 йил декабида компания Мирзиëев ташкил қилган Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан қўмитанинг Европа мамлакатлари бўйича расмий консультанти этиб танланган.
“Биз Ўзбекистонда 500 миллион доллардан ошиқроқ қийматдаги келишувлар имзоланишига ëрдам бердик”¸ дейилади компаниянинг ўзи ҳақидаги постида.
Компания расмий сайтининг "Тавсияномалар" деб таснифланган саҳифасида энг машҳур мижоз сифатида Швейцариядаги Glencore компанияси раҳбарининг миннатдорчилик мактуби келтирилган.
Glencore Пахта бўлими президенти Colin Iles ўзбекистонликлар Швейцарияда очган компаниянинг "ноëб мавқеи"ни таъкидлайди.
Glencore дунëнинг қатор давлатларида коррупцияда айбланиб энг катта жаримага тортилган Ғарб компанияси саналади.
Жорий йил 24 май куни АҚШ Адлия вазирлиги товарлар нархини манипуляция қилиш схемасида айбланган Glencore ширкати ўз айбига иқрор бўлиб¸ 1,1 миллиард доллардан ортиқ жарима тўлашга рози бўлганини эълон қилди.
22 июнь куни Британия суди Glencore ширкатининг Британия шўъбасини қатор Африка давлатларида нефть бозорига кириш учун миллионлаб доллар пора берганликда айбдор деб топди. Пул ювиш ва коррупцияга қарши мустақил гуруҳлар йиллардан бери Ғарб ҳуқуқ тизимларини бу компаниянинг нафақат Африка ва Лотин Америкаси¸ балки глобал фаолиятини тафтиш қилишга чақириб келади.
Юқорида келтирилган миннатдорчилик мактубига кўра¸ Glencore ширкатининг Ўзбекистондаги "йўлбошловчиси" Солиқ идораси раҳбари Файзибаевнинг оиласига алоқадор MBCI MONT BLANC COMMODITIES AND INVESTMENT AGдир.
MBCI MONT BLANC COMMODITIES AND INVESTMENT AG бенефициари махфий бўлгани учун¸ бу "йўлбошчи" шахсини аниқ айтиш ҳозирча имконсиз.
Консультант¸ қурувчи-пудратчи ëки финтек?
Халқаро майдонда танилган компания қилиб кўрсатиш уринишига қарамай¸ MBCI Commodities & Investments AGнинг асосий фаолияти майдони асосан битта давлат -Ўзбекистонда жойлашган.
2019 йил майида “Тошкент-Шарқий” янги аэропортини қуриш бўйича техник маслаҳатчиликка ҳам олинган. Бу аэропорт ҳозирга қадар битган эмас.
2020 йил январида MBCI MONT BLANC COMMODITIES AND INVESTMENT AG бурғулаш ва олмос кесиш ускуналари бўйича дунëдаги етакчи компания – Германиянинг CEDIMA компаниясининг Ўзбекистондаги дилерига айланган.
Компания сайтидаги маълумотга кўра¸ айниқса 2021 йил Ўзбекистондаги бизнеси учун сермаҳсул бўлган. Йил давомида Швейцария компанияси Ўзбекистондаги камида саккизда ГЭС қурилиши ва модернизациясида бевосита қатнашган.
MBCI MONT BLANC COMMODITIES AND INVESTMENT AG “Қуйи-Бўзсув ГЭСлар каскади”¸ “Тошкент ГЭСлар каскади”(ГЭС-9)¸ “Шаҳрихон ГЭСлар каскади” модернизациясида пудратчи¸ “Тўпаланг дарёсида Зарчоб кичик ГЭСлар каскади”¸ Чирчиқ-Бўзсув трактида “Камолот” ГЭСини қуриш¸ “Чирчиқ ГЭСлари каскади (ГЭС – 10)”, “Тошкент ГЭСлар каскади (ГЭС – 1)”, “Самарқанд ГЭСлар каскади (ГЭС – 2Б)”ни модернизация қилиш ва ишга туширишда қатнашган.
Мазкур компания "фойдаланишга топширган" Тўпаланг дарëсидаги ГЭСда 22 июнь куни техноген авария содир бўлди. Расмий маълумотга кўра¸ аварияга "модернизация жараёнидаги сув қувури шикастланиши сабаб бўлган".
Бу ГЭСлар қурилиши ва модернизациясига давлат кафолати билан Хитой банклари¸ қолаверса Жаҳон банки каби молиявий тизимлардан ярим миллиард доллардан кўпроқ қарз олинган. Бу қарзни тўлаш зиммасига юкланган ўзбекистонлик солиқ тўловчи ҳозирга қадар на MBCI MONT BLANC COMMODITIES AND INVESTMENT AG деган компания борлиги ва унинг юзлаб миллион долларлик давлат лойиҳаларида пудратчи сифатида қатнашганидан бехабар.
Ўзбекистон расмий тизимлари¸ хусусан¸ Ўзгидроэнерго сайтида MBCI MONT BLANC COMMODITIES AND INVESTMENT AG деган компания номи учрамайди. Бу компания қайси асос ва мезонларда Ўзбекистон ГЭСлари пудратчиси қилиб олингани ҳақида жамоатчиликка бирор изоҳ берилган эмас.
Сардобадаги фалокатдан сўнг халққа танилган Ўзгидроэнерго раҳбари Абдуғани Сангинов Ўзбекистонда ГЭСлар "қироли" саналади. Сардоба¸ қолаверса¸ Тўпаланг сув омбори қурилишида бевосита Сангинов оилавий компаниялари қатнашганига қарамай¸ ҳозирга қадар Ўзгидроэнерго раҳбари бирор шаклда жавобгарликка тортилган эмас. Абдуғани Сангинов Ўзбекистон президенти администрация раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновнинг ҳамюрти ва яқин ҳамкори саналади.
"Хавотирли сигнал"
Paynet тўлов тизимида бораëтган ўзгаришларни кузатаëтган айрим иқтисодчилар яна бир стратегик давлат мулкининг махфий келишув ва қарорлар асосида хусусийлаштириш бошлангани ҳам ички¸ ҳам ташқи бозорга хавотирли сигнал эканини айтади.
- Хориждан инвестиция келтириш керак¸ тадбиркорликни ривожлантириш керак¸ рақобат майдонини ривожлантириш керак¸ деган гаплар гапириб турилган бир пайтда¸ эскича услуб¸ тушунарсиз усуллар билан иш битирилмоқда. Русча қилиб айтганда бу “по понятиям”ми? Paynetни мандан олиб қўйишган эди¸ энди ман орқа эшикдан кириб¸ олдим, дейишми бу? “Кўча” услубларими бу? Нима учун Paynet асосчиси уни суд орқали қайтариб олмаяпти? Ҳуқуқий тарафдан шу нарсага лойиқ бўлишса¸ нима учун бу нарса очиқланмади¸ нима учун бу нарса суд орқали тасдиқланмади? - дейди Озодлик билан суҳбатда мустақил иқтисодий таҳлилчи Жамшид Муслимов.
Озодликка берган ëзма жавобида Ботир Орифжонов президент фармони ва бевосита топшириғи асосида бораëтган бу жараëнни оқлашга уринди.
“Биздан сув текинга олиб давлатга бир неча миллион долларга сотилган Пайнет шундан бери давлат яьни халк банки тасарруфида эди. Хозирда эса Пайнет корхонаси Президентнинг 2022 йил 8 апрелдаги ПФ 101 сонли фармонига асосан давлат мулкини бошкариш агентлиги тасарруфига ўтказилган. Биилшимча тендер жараёнлари бошланган ва компания тендер орқали сотилади. Адолат қарор топса, менга ушбу корхонанинг ҳеч бўлмаганда ўзим ўйлаб топган бренд номи қайтарилиши керак. Пайнет номини менга қайтариб корхонани тендер орқали кимга сотишса ҳам майли. Чунки мен бугун хозирда ҳаммасини ўзим қайта бошлаганман, эски мижозлар билан шартномалар қайта тузмоқдаман. Хабарингиз бор бўлса керак, Президентимиз билан ўтган йили учрашганман ва ўша ерда ушбу муаммони кўтарган эдим. Шундан сўнг, улар томонидан маьсулларга менга ёрдам бериш топширғи берилган. Тан олиб айтаманки бугун давлат ва ҳукумат мени дардимни эшитяпти. Менга қайта оёққа туришимда бевосита ёрдам беряпти. Бунинг учун Президентимизга ва ҳукуматимизга катта раҳмат”(иқтибос имлоси таҳрирсиз берилмоқда -таҳририят).
Очиқ манбаларга таянилса¸ Ботир Орифжонов Шавкат Мирзиëев билан 2021 йил 16 октябрь куни Astrum IT академиясининг очилиш маросимида учрашган. Бу учрашувда Мирзиëев берган "топшириқ"¸ воқеалар ривожига қаралса¸ Paynetдаги ўзгаришлар бошланишига асос бўлган.
Мирзиëев билан 2021 йилнинг 16 октябрь кунги учрашувдан бир ойдан сал ўтиб - 2021 йил 24 ноябрь куни Орифжонов хусусий компанияси раҳбарларидан бири Мустафа Абдрахманов давлатнинг Uzpaynet компаниясига директор этиб тайинланади; 2021 йил 27 декабрь куни¸ Instant payment solutions МЧЖси тузилади; 2022 йилнинг 23 февраль куни Марказий банк бу МЧЖга лицензия беради. (Воқеалар хронологияси қандай кечгани юқорида батафсил ëритилган.)
Озодлик Ботир Орифжоновнинг ëзма баëноти ортидан унга қайта мурожаат қилиб¸ “Сиз раҳмат айтаëтган президент ва ҳукумат Paynetни шахсий келишув ва махфий қарорлар орқали сизга қайтариб бериш билан коррупцияга замин яратгани¸ парда ортидаги бизнес келишувларни рағбатлантираëтгани ҳақидаги танқидларга қандай жавоб берасиз?”¸ деб сўради.
Озодлик юборган ўндан ошиқ саволларга “ҳукуқшунослари маслаҳатига биноан қисқа жавоб беришини” таъкидлаган Орифжонов ўз баëноти туғдирган бу ва бошқа саволларни ҳам очиқ қолдирди.
Жумладан¸Озодликнинг
- Paynetнинг Гулнора Каримова томонидан “рейдерлик қилиб ториб олингани” иддаоси билан ҳуқуқ тизимларига даъво аризаси киритганмисиз?
- Paynetни давлатдан қайтариб олиш талабини ҳуқуқий майдонда очиқ ва шаффоф ҳал қилиш учун нималар қилдингиз? Қайси идорага қачон мурожаат қилдингиз ва қандай жавоб олдингиз?
- Мулкчилик тортишувини суд-адлия тизими эмас¸ ижро ҳокимияти раҳбари бўлган президент билан шахсий мулоқот орқали ҳал қилиш уриниши Ўзбекистон иддао қилаëтган ҳуқуқий давлат тамойилига зид эмасми?
деган саволлари жавобсиз қолмоқда.
Озодлик бу саволлар юзасидан суриштирувда номи тилга олинган барча манфаатдор томонларнинг изоҳ ва муносабатларига очиқлигини таъкидлайди.