Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:02

Калтак еган келин, муштумзўр она ва "самосуд"лар. ЮНИСЕФ Ўзбекистондаги вазиятдан ташвишда


ЮНИСЕФ ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Мунир Мамедзода.
ЮНИСЕФ ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Мунир Мамедзода.

Самарқанддаги шифохонада она ўз касалманд боласини аёвсиз калтаклаётгани, икки эркак аёлни "самосуд" қилгани ва Сурхондарёда куёв келинни тўйда бошига мушт туширгани акс этган видеолар Ўзбекистонда тармоқларни ларзага солган сўнгги зўравонликлар бўлди.

Фақат тармоқлар эмас, хориж матбуоти ва халқаро ташкилотлар ҳам бу зўравонликлар миқёсидан ларзага келган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг болалар жамғармаси - ЮНИСЕФ Ўзбекистон ҳукуматини оналар ва болаларга қарши зўравонларга барҳам беришга чақирмоқда.

Хўш, зўравонликларнинг негизи қаерда? Ҳукумат уларга барҳам бериш учун етарли чоралар кўряптими?

Озодлик бу ва бошқа саволларни ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили Мунир Мамедзодага берди:

- Ташкилотингиз Ўзбекистонда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликни тўхтатишга чақирди. Бундай кескин баёнот беришга сизни нима ундади?

Мунир Мамедзода: Бу, биринчи навбатда, бизнинг вазифамиз. Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш ва аъзо давлатларга Болалар Ҳуқуқлари Конвенцияси доирасида чора-тадбирларни амалга оширишда ёрдам бериш бизнинг миссиямизга киради.

Оммавий ахборот воситаларида тарқалган ва жим қараб туриб бўлмайдиган жиддий ҳолатлар бизни чуқур хавотирга солди ва шундай чақириқ билан чиқишга ундади. Биз тушунамизки, бундай ҳолатлар мунтазам ва ҳамма жойда содир бўлиши мумкин. Биз барчани масалага эътибор қаратишга, бефарқ бўлмасликка чақирамиз, сабаби сўнгги холатлар жамоатчилик кўз олдида ва кузатувчилар иштирокида содир бўлаётгани жуда ҳам хавотирлидир.

- Сўнгги ҳолатлар Ўзбекистонда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик кучаймоқда, дейишга асос бўла оладими?

Мунир Мамедзода: Зўравонлик қанчалик тизимли эканлиги, у кўпаймоқдами, йўқми, бу борасида маълумот йўқ. Айни пайтда тармоққа чиқиб кетган бу ҳолатлар муз қоясининг бир учи ҳам бўлиши мумкин. Бизга маълумки, оилавий зўравонликдан азият чекканларга ёрдам кўрсатувчи ташкилот ва марказларга жорий йилнинг беш ойида 3 мингга яқин аёл мурожаат қилган. Шу жумладан, 120 дан ортиқ вояга етмаган болалар ҳам. Дунё бўйича, ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, ҳар йили 1600дан кўп бола мунтазам равишда зўравонликка дучор бўлади.

- Сизнингча, зўравонликнинг илдизлари қаерда?

Мунир Мамедзода: Аввало шуни айтишим мумкинки, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликлар авлодлараро эканини кўряпмиз. Жамиятда, оилаларда зўравонликларни кўриб катта бўлган янги авлод пайдо бўлади. Улар ҳам ўзлари хоҳлаган нарсаларни куч билан қилишга урbнади. Оиладаги зўравонлик шароитида яшайдиган, ўз жамиятида изоляцияни бошдан кечираётган оилаларда ҳам болаларга нисбатан зўравонлик хавфи катта.Бунга чек қўйиш керак. Жамиятнинг бундай ҳолатларга муносабатини ўзгартириш лозим.

- Ўзбекистонда, айниқса, қишлоқларда онаси ва отаси Россия ёки бошқа хориж давлатига ишлаш учун кетганлар кўп. Болалар отаси ёки онаси қаровисиз қолган. Миграция омили ҳақида нима дея оласиз?

Мунир Мамедзода: Очиғини айтсам, аниқ қоидалар йўқ, бу ерда зўравонлик кўпроқ, у ерда кам, деб айтолмаймиз. Зўравонлик тўғридан-тўғри қашшоқ ёки камбағал одамлар билан боғлиқ деб бўлмайди. Бу ҳамма жойда ва афсуски, ҳамма билан содир бўлади.

Меҳнат миграцияси бутун минтақада болаларни бевосита назоратсиз ва ёрдамсиз қолдиргани маълум. Меҳнат муҳожирлиги болаларни ўз биологик ота-оналари меҳридан айро қолдирганини биламиз. Бу ҳам катта муаммо.

Ёнларида оталарининг узоқ муддат йўқлиги болага ёмон таъсир қилади. Бизда болалар ўз биологик ота-оналари қаровидан узилиб қолгани далиллари мавжуд. Бу болаларнинг руҳиятига зарар етказиши табиий.

Зўравон куёв можароси: Оилада зўравонлик учун жазо кучайтирилади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:34 0:00

- Яқинда Ўзбекистондаги тўйда келинни муштлаган куёв видеоси тарқалди. Шундан сўнг зўравонликка қарши қонунларни кучайтириш кераклиги борасида кўп гаплар айтилди. Сизнингча, қонунларни кучайтириш муаммонинг ечими бўла оладими?

Мунир Мамедзода: Жазони кучайтириш муаммонинг ягона ечими деб ўйламайман. Бундай ҳолатларни эрта аниқлаш, ишонч телефонлари ва мактабларда иш олиб бориш — ана шу исботланган самарали чоралар зўравонликка қарши курашда ёрдам беради. Йўналтириш механизми болаларни ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлашнинг муҳим бошланғич нуқтаси бўлиб, болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга қарши курашишда таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва адлия соҳалари мутахассисларининг роли ва мажбуриятларини аниқ белгилаш керак. Одамларнинг зўравонликка муносабатини ўзгартириш, жазосиз қолишга чек қўйиш, ижобий тарбия меъёрлари ва амалиётини тарғиб қилиш, жабрланганларга малакали ёрдам кўрсатиш зарур.

ЮНИСЕФ ташкилотига кўра, дунё бўйлаб ҳар тўрт боладан бири зўравонликка дучор бўлади ва ҳар беш дақиқада бир бола зўравонликнинг турли шакллари туфайли вафот этади. Бундай ҳолатларни эрта аниқлаш, ишонч телефонлари ва мактабларда иш олиб бориш зўравонликка қарши курашда ёрдам беради.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимояловчи қонуний механизмлар йўқлигини танқид қилиб келадилар.

Ўзбекистон Адлия вазирлигига кўра, 2019 йилда мамлакатдаги Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш марказларига 22 мингдан ортиқ хотин-қиз мурожаат қилган. Худди шу йили 1000 га яқин аёл маиший зўравонлик қурбони бўлгани айтилади.

XS
SM
MD
LG