Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:31

AҚШ Конгрессига Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан ҳисобот тақдим этилади

5 июль куни Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича мустақил ва шаффоф текширув ўтказиш чақириқларига АҚШ ва БМТ ҳам қўшилди.

Нукус шаҳрида 1−2 июль кунлари бўлиб ўтган тартибсизликларга айланиб кетган намойишлар пайтида 18 киши ҳалок бўлди ва 243 киши яраланди. Тан жароҳати олганларнинг 38 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимлари.

Расман билдирилишича, жароҳатланганлардан 149 нафарига тез тиббий ёрдам кўрсатилгач, уйларига кетишга рухсат берилган. 94 киши эса касалхонага ётқизилган. Улар орасида аҳволи оғир бўлганлар ҳам бор.

Нукусдаги тартибсизликларда 516 фуқаро қўлга олинган. Уларнинг айримлари суриштирувдан сўнг маъмурий жазо қўлланилган ҳолда қўйиб юборилган.

26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган янги таҳрирдаги Конституциянинг Қорақалпоғистонга оид моддалари Ўзбекистон таркибидаги республика аҳолиси орасида норозилик уйғотган эди. Тармоқлардаги қизғин муҳокамалар ортидан 1 июль куни Нукусда оммавий намойишлар бошланиб кетган.

Норозиликлар ортидан Қорақалпоғистонда бир ойлик фавқулодда ҳолат жорий этилди. Бу ҳақда президент фармонига кўра, фавқулодда ҳолат 3 июль соат 00:01 дан 2 август соат 00:00 га қадар давом этади, бу даврда 21:00 дан 7:00га қадар комендантлик соати жорий этилади.

2 июль оммавий намойишлар бўлаётган Қорақалпоғистон республикаси маркази Нукусга етиб борган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Конституциясининг Қорақалпоғистоннинг мақоми билан боғлиқ моддалари ўзгаришсиз қолишини эълон қилган.

17:08 3.7.2022

Қозоғистон ТИВ Қорақалпоғистондаги вазият юзасидан баёнот эълон қилди

Унда, Нукусдаги воқеалар қўшни давлатда хавотир билан қарши олингани, бу борада Қозоғистон Ўзбекистон олий раҳбариятини қўллаши билдирилган.

“Ўзбекистон олий раҳбариятининг Қорақалпоғистон Республикасидаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича қарорларини олқишлаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз. Ишончимиз комилки, биродар Ўзбекистонда муҳим сиёсий тадбир — Конституцияга тузатишлар киритиш бўйича референдум арафасида тинчлик ва барқарорлик қарор топади”, дейилади хабарда.

ТИВ Қозоғистон Ўзбекистон билан абадий дўстлик тўғрисидаги шартномалар (1998 йил 31 октябрь) ва Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномалар (2013 йил 14 июнь) ҳамда Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация (2021 йил 6 декабрь) доирасида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш жараёнига қатъий амал қилишини қайд этди.

16:46 3.7.2022

Шавкат Мирзиёев: Аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари орасида қурбонлар бор

Президент Мирзиёев, Нукусда тинч аҳоли билан мулоқот пайтида, 1-2 июль кунлари Нукусда бўлган оммавий намойишлар чоғида қурбонлар борлигини маълум қилди.

“Ушбу кимсалар сон жиҳатига кўра нисбий устунликдан фойдаланиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига ҳужум қилишди, уларни аёвсиз калтаклаб, оғир тан жароҳатлари етказишди. Минг афсуски, тинч аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари орасида қурбонлар бор”, деди президент.

16:03 3.7.2022

Президент Нукусда аҳоли билан учрашди

Расмий хабарга кўра, 3 июль куни тушдан кейин президент Нукуснинг Жекетерак маҳалласидаги аҳоли билан мулоқот қилган.

Мулоқотда, аҳолининг “кўнгилсиз воқеаларда баъзи ёшлар адашгани ва қонунга зид ҳаракатлар содир этгани, ташқи ғаразли кучлар таъсирига тушиб, ҳис-ҳаяжонга берилгани”дан афсус билдиргани хабар қилинмоқда.

15:59 3.7.2022

Адлия вазирлиги сепаратизм учун жазодан огоҳлантиряпти

Вазирликка тегишли “Ҳуқуқий ахборот” канали сепаратизм учун қонунчиликда белгиланган жазо чораларини эслатмоқда:

Қонунчиликка кўра, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш қуйидаги жазо чораларидан бири қўлланилишига сабаб бўлади:

  • БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача (60 млн сўмдан 120 млн сўмгача) миқдорда жарима;
  • 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
  • 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш;
  • 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Ушбу ҳаракатлар олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан, шунингдек ОАВдан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, Интернетдан фойдаланиб содир этилган бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG