Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:09

Россия бош муфтийси Қурбон Ҳайити ваъзида Украинадаги урушни ёқлаб чиқди


Россия бош муфтийси Талгат Тажуддин.
Россия бош муфтийси Талгат Тажуддин.

Россия бош муфтийси Талгат Тажуддин Уфада Қурбон Ҳайити намози олдидан ваъз қиларкан, Украина билан урушни очиқча қўллаб-қувватлади. У “ёнимизда фашистлар, паразитлар бўлмаслиги учун” учун урушни охирига етказиш зарурлигини айтди, деб хабар берди “Настояшчее время”.

Талгат Тажуддин шу йил мартида Украинадаги урушни маъқуллаган, аммо бутун дунё мусулмонлари тинчлик тарафдори экани ва “уруш ҳеч кимни хурсанд қилмаслигини”, айни чоғда “Украинадаги ҳарбий махсус амалиёт – мажбурий чора” эканини айтган эди. Бу гал муфтий анча кескин муносабат билдирди.

“Қўшни мамлакатдаги аллақандай паразитлар, ашаддий миллатчи ва неонацистлар роса саккиз йилдан буён жафокаш Донбассда биродаркушлик ва геноцид қилар экан, биз хотиржам яшай олмаймиз”, дея бош муфтийдан иқтибос келтиради ТАСС.

Тажуддин бу воқеаларда Қўшма Штатлар ва Ғарб мамлакатларини айблади. “Маккор Ғарб ҳар юз йилда бир марта бизнинг буюк мамлакатимизга қарши шунақа ҳасадгўйларча фитна қилиб туради”, деди бош муфтий ҳайит ваъзида.

Тажуддин Россияда урушни тўғридан-тўғри дастаклаган ягона диний раҳнамо эмас. Аввалроқ Буюк Британия ва Канада РПЧ раҳбари патриарх Кириллни Россиянинг босқинчилик урушини оқлашда айблаб, унга қарши санкциялар жорий этган эди. Патриарх, хусусан, рус ҳарбийларига “ички юксак маънавиятдан куч олиши”ни ва Россия ҳеч кимга ҳужум қилмаганини иддао қилган.

XS
SM
MD
LG