Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:52

"Рубль агрессияси". Ўзбекистонга пул жўнатмалари ошиши фонида нақд пул муаммоси юзага келди


Ўзбекистонликлар сўнгги ҳафталарда нақд пул ва валюта танқислиги муаммосига дуч келаётганликларини айтишмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат ва видеоларда жойларда банкоматлар олдида навбатлар пайдо бўлаётганини кўриш мумкин. Мижозлар айрим банкоматлар бир неча кун давомида пулга тўлдирилмаганини айтишган.

Айрим иқтисодчилар юзага келган ҳолатни Ғарб санкциялари шароитида миллий валютаси қурбини мустаҳкамлаш учун турли усулларга бош ураётган Россия рублининг таъсири, "рубль агрессияси" билан изоҳлашмоқда.

Шу ҳафта бошида ижтимоий тармоқларда Халқ банкининг Қашқадарё вилоят Яккабоғ тумани филиалидаги ҳолат суратга олинган видео тарқалди.

Видеода банкоматда пул йўқлиги сабабли банк ходимаси пул ечгани келган одамларнинг пластик картаси кодини сўраб олиб, 500 минг сўмдан тарқатаётганини кўриш мумкин.

Ходима ундан ортиқ пул сўраган одамларга эса бошлиғи лимит қўйганини айтиб, рад қилади:

Озодлик суҳбатлашган косонлик тадбикорнинг айтишича, уларда ҳам бакноматлардан нақд пул ечиш муммога айланган:

“Бизда икки-уч ойдан бери шу муаммо. Банкоматларда пул доим бўлмайди. Пулга зариллар магазинчи, аптекачилардан 3 фоиз ҳисобига ечтириб олишяпти. Каримов давридаги ҳолатга қайтяпмиз яна”.

Нақд пул тақчиллиги манзарасида Ўзбекистон Марказий Банки 2022 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган пул ўтказмаларига доир статистикани эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистонга 6,5 миллиард доллар пул ўтказмалари келиб тушган. Бу – ўтган йилнинг биринчи ярмига нисбатан 2 баравар кўп. Биргина июнь ойида ўсишнинг 3 баравардан ортиқ бўлгани маҳаллий иқтисодчиларда саволларни пайдо қилмоқда.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Отабек Бакиров Марказий Банк қайд этган ўсишни "спекулятив" деб атади. Унинг ёзишича, юзага келган ҳолат Россия рублининг босими натижасидир:

“Динамика ва суръатлардан ҳам билса бўладики, бу кўрсаткичлар меҳнат мигрантлари ва умуман ташқи трансфертлар характеристикаси билан боғлиқ эмас. Статистикамиз эртага бу кўрсаткичларни жами даромадларда ҳисобга қўшса, хатолик бўлади. Ўзбекистонлик мигрантлар сони 3 баробарга ошгани йўқ, ўзбекистонлик мигрантларнинг даромадлари йил давомида 3 бараварига кўпайиб қолгани йўқ.

Юзага келган вазият пул ўтказмаларини ғирт спекулятив ва диверсия мақсадларида ишлатишга имконият бермоқда. Афсуски, бунга ҳеч қандай қаршилик кўрсатилаётгани йўқ, тўсиқ қўйилаётгани йўқ. Нақд валюта етишмовчилиги ҳам, нақд сўм етишмовчилиги ҳам бу оқибатлардир.

Юборилган пул ўтказмаларининг ярмидан кўпини тижорат банклари сотиб олишга (хусусан мадад пуллари ҳисобига) мажбур бўлишмоқда ва бу билан муомаладаги пул массасини иқтисодий моҳиятдан ташқарида кенгайтиришга ҳисса қўшишмоқда”.

Иқтисодчи фикрича, рубль агрессияси сателлит давлатларда инфляция омилига айланмоқда.

Нақд пул тақчиллиги манзарасида айрим тижорат банкларининг банкоматлардан нақд пул ечиш учун белгиланган комиссияни оширгани мижозларнинг норозилигига сабаб бўлди. Аммо регулятор комиссиялар банклар томонидан мустақил белгиланишини айтиб чиқди:

"Айрим тижорат банки томонидан алоҳида бир банкоматда эксперимент тариқасида табақалашган юқори комиссия тўлови ўрнатилган бўлса, эркин бозор шароитида бу ўзини оқламайди. Зеро, бошқа банкоматларда комиссия тўлови 1 фоиз ёки ундан паст қилиб белгиланганлиги сабабли истеъмолчилар арзон хизматидан фойдаланишни афзал кўради”, дейилади Марказий банк баёнотида.

Сирдарё вилоятидаги тижорат банкларидан бирининг бошқарувчисига кўра, нақд пул муамммоси 200 минг сўмлик банкноталар муомалага киритилганидан сўнг янада кучайиши мумкин:

“Катта банкноталарни чиқариш билан инфляцияни тушириб бўлмайди. Биласиз, халқимиз пулни уйда сақлашни яхши кўради. Юз мингталик чиққанидан кейин сўм икки бараварга қадрсизланди. Мана энди етказа олмаяпти, банкоматга қўяди, одамлар ечиб оладида, олиб бориб сандиғига солади. Икки юз минг сўмлик муомалага киртилса янада баттар бўлади. Тўғри, ҳозир аҳолига пул етказиб беряпмиз, лекин учма-уч”.

Бошқарувчининг айтишича, хорижий пул жўнатмаларини тўлаш учун АҚШ доллари ҳам тортилиб қолган.

Тармоқларда эълон қилинган видеолардан бирида Андижон вилоят, Хўжаобод туманидаги “Қишлоққурилишбанк” да миллий ва хорижий валюта тақчиллиги вужудга келгани боис бир гуруҳ аёллар ярим тунда хориждан келган пул жўнатмасини олиш учун навбат олишгани ҳақида гапиришади.

Қозоғистондаги Евросиё университети доценти Сапарбой Жубаевнинг айтишича, Ўзбекистондаги нақд пул муаммосининг асосий сабаби монитар сиёсатнинг тўла очиқ эмаслигида:

“Ўзбекистондаги юридик ва жисмоний шахслар банкда пул сақлашга ошиқмайди, балки ўзида сақлашга ҳаракат қилади. Чунки Каримов давридаги банк сиёсати вақтида банкларга ишонч йўқолган. Ҳозир ҳам нақд пул олишда муаммолар бор. Кичик бизнес ҳам асосан нақд пул билан ишлашга ўрганган. Масалан, ҳозир Қозоғистонда биз нақд пул деган нарсани деярли унутдик. Инфляция юқори бўлса ҳам одамлар банкка нақд пул қўймайди. Иккинчидан эса, 100-200 минг сўмлик каби банкноталарнинг чиқарилиши инфляцияга таъсири жуда оз. Фақат психологик таъсири бўлиши мумкин”.

Иқтисодий таҳлилчи: Мамлакатга оқиб келган рубл ҳеч қаерга кетмаяпти!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:40 0:00

Сапарбой Жубаев фикрича, валюта тақчиллиги Россияга нисбатан қўлланилган халқаро санкциялар билан боғлиқ:

“Санкциялардан олдин нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё давлатларининг валюта манбаси асосан Россия эди. Ўзбекистонга тушадиган валюталарнинг учдан бир қисми Россиядан тушарди. Ҳозир эса, Россиянинг ўзига доллар кам тушяпти. Бу доллар эса фақат давлат қўлида турибди. У бу пулни ишлата олмайди, чунки асосий банклар СВИФТдан ўчирилган. Шунинг учун бизда ҳам доллар тақчиллиги аста-секин кучаяверади".

Ўзбекистонлик иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, нақд пул муаммосини ечиш учун Ўзбекистон ҳукумати кўраётган чоралар, жумладан, 200 000 сўмлик банкнотанинг муомалага киритилиши етарли эмас. Иқтисодчига кўра, Ўзбекистон ҳукумати Россиядан келаётган спекулятив оқимни чеклаши керак, деб ҳисоблайди.

"Нақд пул етишмовчилиги муаммоси, хусусан банкоматларга боғлиқ ҳолат шу оқимнинг кейинги канализацияси билангина эмас, ичкарига киритмасликка узвий ва чамбарчас боғлиқ. Яъни муаммонинг оқибатлари билан эмас, сабаблари билан курашишни бошлаш керак”.

XS
SM
MD
LG