Самарқандда саммитни қўриқлагани келган ИИБ ходимлари талабалар ётоқхонасига жойлаштирилди
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити арафасида Самарқандда кескин даражадаги хавфсизлик чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати ШҲТ Саммитда қатнашиши режалаштирилган Россия ва Хитой дохил 15 президент хавфсизлигини таъминлаш учун бошқа вилоятлардан ҳам қўшимча кучларни жалб қилган.
Шаҳарнинг тадбир давомида ҳаракатланиши чекланадиган 16 кўчаларнинг ҳар 30-40 метр оралиқларида биттадан ички ишлар ёки миллий гвардия ходими хавфсизликни таъминлаш учун жойлаштирилган.
Озодликка келиб тушган маълумотларга кўра, вилоятлардан Самарқандга сафарбар қилинган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари вақтинчалик Олий ўқув юртларининг талабалар ётоқҳоналарида яшамоқдалар.
Абдураҳмон Ташанов: “блокларга мансублик” стереотипларини ўйлаб кўриш керак
Оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ШХТ саммити муносабати билан ёзилган мақоласи чоп қилинди. Мақолада халқаро ҳамкорликнинг универсал принцип ва нормаларга асосланган тизими издан чиқиб бораётгани тилга олинади. Бу айни пайтдаги глобал вазиятга қўйилган реал ташхисдир.
Президентнинг фикрича, ҳеч бир мамлакат ёлғиз ҳолда ушбу глобал хавф-хатарларни четлаб ўтиш ёки бартараф этишга қодир эмас. Дунёда давом этаётган қуролли можаролар савдо ва инвестиция оқимларини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигига таҳдид соларкан, “блокларга мансублик” стереотипларини ўйлаб кўриш керак.
Президент бу масалада ўртага ташлаётган йўл, менимча, ҳар жиҳатдан рационал. Яъни, гирдобдан чиқишнинг ягона йўли – конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олишдир.
Қутбланаётган дунёнинг бир посангисидаги Россия билан муносабатлар мураккаб бўлишига қарамай иқтисодий ричаглар туфайли уни ҳеч бўлмаганда ҳозирги даражада ушлаб туриш муҳим. Чунки меҳнат миграцияси, мамлакатимизга бу ўлкадан келаётган пул оқими ва иқтисодий муносабатлар боис ўзаро алоқаларни муҳим бир нуқтада тутиб туриш зарур. Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори бўлган Хитой билан ҳам худди шундай.
Аммо мамлакат истиқболи, демократик ҳамжамият билан интеграциялашув нуқтаи назаридан Ғарб билан алоқаларни янги поғоналарга кўтариш зарур. Чунки мамлакатимиз тараққиёти, барқарорлиги яқин келажакда инсон потенциали — демократик жамият ва ҳуқуқий давлат тизимига боғлиқ.
Шу жиҳатдан Президентнинг кўп векторли ҳамкорликка оид мулоҳазалари ўринли, деб ўйлайман. ШҲТ ҳамжамияти йирик географик майдонни қамраган, дунё аҳолисининг ярмидан кўпини эгаллаган ташкилот экан, ташкилот билан интеграция аҳамиятли.
Айни пайтда ШҲТ қошида ҳам инсон ҳуқуқлари ва демократик қадриятларини тараннум этувчи институтлар бўлса, яхши бўларди.
Камолиддин Раббимов: Украинада асир олинган ўзбек йигитлар воқеаси саммитга маълум фон яратди
Самарқанддаги ШОС саммити олдидан Президент Мирзиёев кеча дунё ОАВларида ўзининг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” номли мақоласини эълон қилди. Мақоланинг кристаллашган маъноси, мени назаримда, қуйидагича:
- Ҳа, дунёда геосиёсий қутблашув кетмоқда; ҳа, минтақамиз борган сари глобал рақобат ва қудратли давлатлар манфаатларининг тўқнашувлари масканига айланиб бормоқда; лекин, Ўзбекистон томонлардан бирини танлаб, глобал зиддиятларга қўшилиш ниятида эмас. Ташқи дунёда қанча тортишиб, урушсангиз ҳам, Ўзбекистонни бу можароларга тортманг! Ўзбекистон ўзининг кўпвекторли ва тенг векторли ташқи сиёсий йўналишини сақлаб қолади!
Самарқандда ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитидан олдин Украинада асир олинган ўзбекистонлик йигитлар воқеаси, ушбу саммитга маълум фон яратти. Тасаввур қилинг, агар Украина тарафида жанг қилиб, Россия томонидан Ўзбекистон фуқаролари асир олинганида, бу Кремл учун айни муддао бўлардики, расмий Тошкентга маълум сигналлар юбориш ёки босимлар қилиш имконини берарди.
Ҳозирда эса, ташаббус Тошкент тарафида. Чунки айнан Москва Ўзбекистон фуқароларини ҳарбий операцияга ноқонуний ёллаяпти, йўналтираяпти. Агар Ўзбекистон тўғри сиёсий технологияларни қўллай олса, Москвага “мана шу ишларни деб, Ўзбекистон жамиятида Россияга салбий қараш ошиб бормоқда” дейиш имконияти бор.
Умуман, Ўзбекистон фуқароларининг Россия еки бошқа давлатлар учун ёлланиши – давлатдаги катта бир муаммодан дарак беради. Ўзбекистонда ёшларни ижтимоийлаштириш, уларнинг дунёқарашини шакллантириш, қадриятларини мустаҳкамлаш, катта ҳаётда қадриятлар компасини бериш – жуда заиф даражада ёки деярли йўқ.
Бу ишни кўпроқ жамият қилаяпти, лекин давлат, мактаб, ўқув юртлари эмас. Ижтимоий-иқтисодий муаммолар босими остида қолган ёшлар эса, қадриятларсиз, кўпроқ биомассани эслатиб юбориши мумкин. Бу хавотирли ҳолат...
© Камолиддин Раббимов
ШҲТ саммити олдидан фавқулодда чоралар