Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:38

Ҳарбий сафарбарлик фонида Россия армияси марказий осиёлик муҳожирларга кўз тикмоқда


Москванинг Сахарово миграция маркази. Апрель, 2015
Москванинг Сахарово миграция маркази. Апрель, 2015

Марказий осиёлик муҳожирлар Москванинг қора ишларини қилиб ўрганиб қолишган. Ҳар йили минтақа мамлакатларидан юз минглаб одам Россия пойтахти ва бошқа йирик шаҳарларига муҳожиратга бориб, қоровул, фаррош, қурилиш ишчиси ва хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари ўлароқ ишлайди.

Эндиликда улар Россиянинг Украинадаги ҳарбий фронтига жалб қилинишлари мумкин. Россия Давлат Думаси «Россия Федерацияси қуролли кучлари, бошқа кучлар ёки ҳарбий тузилмаларда» бир йил хизмат қилган шахсларга «соддалаштирилган» тарзда Россия фуқаролигини бериш учун Россия қонунчилигига ўзгартириш киритди.

Урушда Россия йўқотишларга дучор бўла бошлаши ортидан 21 сентябрь куни президент Владимир Путин қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилган эди.

Бу хабар ҳамда президентнинг мужмал фармони Россияда ваҳима келтириб чиқарди. Хусусан, Россияни учоқ ёрдамида тарк этишга қарор қилганлар сони урушнинг биринчи ҳафталаридан бери кузатилмаган даражада кўпайди.

21 сентябрь кечга қадар Москва, Санкт-Петербург ва 30 дан ортиқ бошқа шаҳарда норозилик намойишларига чиққан 1 300 дан ортиқ одам ҳибсга олинди. Кўплаб намойишчи қўлида Украина байроғининг кўк ва сариқ ранглари туширилган ҳамда «Мобилизацияга йўқ» деб ёзилган плакатларни кўтариб чиқди ва «Путинсиз Россия!» дея ҳайқирди.

Интернетда сафарбарликка «могилизациа» номи берилди – рус тилида «могила» қабр деганидир.

Мудофаа вазири Сергей Шойгу март ойидан бери илк маротаба Россия армияси йўқотишлари ҳақида маълумот берди. Телевидение орқали намойиш этилган интервьюда Шойгу урушда бугунга қадар 5 937 нафар аскар ҳалок бўлганини таъкидлади.

Ғарб ҳукуматлари ҳисобларига кўра эса Россия 15 мингдан 30 минггача ҳарбий йўқотган.

Москва каби шаҳарларда ҳарбий ёллаш кампаниялари аҳолига айниқса хуш келмаётгани туфайли жангларда асосан миграция бўйича тадқиқотчи Ян Матусевич сўзлари билан айтганда «мамлакатнинг энг қашшоқ ва [энг] чекка ҳудудларида яшовчи, асосан этник рус бўлмаганлар» иштирок этаётгани ажабланарли эмас.

Матусевич Озодлик билан суҳбатда эндиликда муҳожирларга назар солинаётгани ушбу тенденциянинг бир қисми эканлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, муҳожирларни ёллаш «катта шаҳарларда кўпроқ таъминланган россияликларни ҳарбий хизматга жалб қилмаган ҳолда аскар ёллаш» имконини беради.

Фармон эълон қилганидан кўп ўтмай мэр Сергей Собянин бошчилигида Москва шаҳар ҳукумати сафарбарликни бошлаб юборди.

20 сентябрь куни Собяниннинг шахсий веб-сайтида Сахарово миграция марказида «Россия Мудофаа вазирлигига хорижий фуқароларнинг ҳарбий хизматга киришини ташкил қилишда ёрдам берадиган тўлиқ инфратузилма» мавжудлиги ҳақида ёзди.

Путин ва Шойгу сафарбарлик тегишли жанговар тажрибага эга захирадаги аскарларга тааллуқли эканлигини таъкидлашди, чекланган ҳарбий тажриба ёки тайёргарликка эга бўлган эркаклар ҳам фронтга жўнатилиши ҳақидаги хавотирлар урчимоқда.

Кремль ҳарбий хизматга чақирилувчилар Украинага юборилмаслигини такрор ва такрор айтиб келади, аммо бундай шахслар жанговар ҳаракатларга юборилганини кўрсатувчи бир неча тасдиқланган ҳолат мавжуд.

Россиядаги қирғизистонлик муҳожирлар диаспораси етакчиси, тадбиркор Азамат Адилгазиев Озодлик билан суҳбатда ватандошлари, айниқса ёш эркаклар «бироз ваҳима тушгани», айримлар чипталар нархи ошган бўлишига қарамай, Россияни тарк этаётганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, кетаётганларнинг аксарияти Россия фуқаролигини олган қирғизистонликлардир.

Адилгазиев ҳарбий хизмат эвазига Россия паспорти таклифи мамлакат фуқаролигини олиш учун «икки йил елиб-югуришни»ни хоҳламаганларни қизиқтириши мумкинлигини айтди.

«Нечта одам ёзилади? Сахароводаги навбатларни кўрмагунимизча, буни айтиб бўлмайди. Лекин қизиқаётганлар бор ва бунинг оқибатини тушунмаётганлар кўп», — деди Адилгазиев.

Ватанда қамалиш таҳдидлари

Россиядаги марказий осиёлик муҳожирларнинг аксарияти уч давлат – Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан борган.

Бошқа МДҲ давлатларидан Россияга камроқ одам боради ёки бу мамлакатларнинг иқтисодиёти Россиядан нақд пул жўнатмаларига камроқ қарамдир.

Ушбу учала мамлакат ҳам Россияга нисбатан сиёсий содиқлиги билан танилган. Аммо эҳтимол Россия ва унинг энг яқин иттифоқчиси Беларусга қарши жорий қилинган халқаро санкцияларни ҳисобга олган ҳолда бу мамлакатлар расмийлари ўз фуқароларига хорижий урушларда қатнашиш тўғрисидаги қонунларни бузган ҳар бир шахсни қамоқ жазоси кутишини эслатишди.

22 сентябрь куни Ўзбекистон Бош прокурори ўзбекистонликлар чет давлатлар ҳарбийлашган тузилмаларига қўшилса, 5 йилгача қамалиши мумкинлиги ҳақида ёзди.

Россия тарқатган расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг иккинчи чорагида Россияга ишлаш учун борган шахсларнинг тенг ярми, яъни 1,54 миллион киши Ўзбекистон фуқаросидир.

Қўшни Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси эса ўша куни хорижий урушларда қатнашганлар «10 йилгача» озодликдан маҳрум қилиниши мумкинлигини билдириб, мамлакат фуқароларидан ёллаш уринишлари ҳақида хабар беришларини сўради.

Қочиш чақириқлари

Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Феликс Кулов Facebook ижтимоий тармоғида мамлакат ҳукуматини Россия паспортини олган ва шунинг учун сафарбарлик хавфи остида бўлган 500 минг асли қирғизистонлик «ватандошга» ёрдам бериш учун чора кўришга чақирди.

«Бу шахсларнинг ҳарбий хизматга чақирилиши улар ягона нонтопар бўлганликлари учун оила аъзолари учун салбий, балки фожиали таъсир кўрсатади», деб ёзди Кулов.

Қирғизистон Россия билан қўш фуқароликни расман тан олмаса-да, амалда кўплаб қирғизистонлик ҳар икки давлат паспортини сақлаб қолган.

22 сентябрь куни Тожикистон ҳам бу масалада баёнот эълон қилди. Баёнотда хорижда ҳарбий ҳаракатларда қатнашган фуқаролар учун «жиноий жавобгарлик» кўзда тутилганини эътироф этилди холос.

Бугунга қадар Марказий Осиё давлатларидан нечта одам Украинадаги урушда ёлланма аскар ўлароқ қатнашгани маълум эмас.

10 сентябрь куни Украина Бош штабининг матбуот котиби Александр Штупун Москвани ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар орқали «Қирғизистон Республикасидаги нафақадаги ҳарбийлар орасидан» аскар ёллашда айблади.

Ўша куни Украина урушини ёритиб келаётган мухбир Юрий Бутусов эълон қилган видеода Ўзбекистондан эканлигини даъво қилаётган асирларни кўриш мумкин.

Озодлик радиосининг тожик ва қирғиз хизматлари Украинада Россия учун жанг қилаётган бир неча шахс ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган. Кремлга алоқадор «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати ҳам минтақа фуқароларини ёллаётгани айтилмоқда.

Москванинг қисман сафарбарлик ҳақидаги ваъдаларига шубҳа билан қаралаётганининг бир неча сабаби бор. Кейинги ҳафталарда Украина уруш бошида қўлдан бой берган юзлаб қишлоқ ва шаҳарни қайта қўлга олди.

Украинанинг шиддатли контратакаси Путинни қисман сафарбарликни йўлга қўйиш ҳақида фармон имзолашга ундаган кўринади. Шунингдек, Украинанинг жанг майдонидаги ютуқлари Россия қонли урушда ғалаба қозона олиши борасида шубҳа уйғотмоқда.

Матусевичнинг айтишича, жанг майдонида ҳарбий етишмаётгани учун чет элда туғилган шахсларни ёллаш йўлида расмийлар тан олаётгандан анча катта кўламда чора кўрилиши мумкин.

«Россия расмийлари айни дамда муҳожирларни сақлаш марказларида қолаётган шахсларни ҳарбий хизматга жалб қилиш учун шантаж қилишга уринишидан хавотирдаман. Россия ҳукумати, шунингдек, Россия фуқаролигини яқинда олганлар Украинадаги жангларда «кўнгилли» тарзда иштирок этишдан бош тортгани учун улар фуқароликдан маҳрум қилинишларини айтиб, таҳдид қилиши мумкин», — деди у.

Ўзбек мигрантлари мобилизация ҳақида нима деб ўйлашади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:44 0:00

Ўзбекистонлик муҳожирлар ҳуқуқлари ҳимоячиси Валентина Чупик Facebookда айни фикрни изҳор қилди. Унга ўтган йилда Россияга кириш тақиқланган.

Чупик ўз постида муҳожирлар олдида «тўпга ем бўлиш» ёки «қул бўлиш» танлови турганини ёзди.

«Россиялик қариндошлари бор ёки аҳмоқлик қилиб Россия фуқаролигини олган муҳожирлар, зудлик билан қочинглар! Қолганларга келсак, уларга ҳам қочишни маслаҳат бераман», - дея қўшимча қилди у.

Мақола оригинали билан мана бу линк орқали танишишингиз мумкин

Форум

XS
SM
MD
LG